Ижтимоий тармоқларда ЖИБ Нукус шаҳар суди судяси тергов органи томонидан қўйилган айбловларни асоссиз олиб ташлаб, ҳукм чиқаргани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, профилактика инспектори А.М. ўзига бириктирилган маҳаллада истиқомат қилувчи кекса ёшдаги О.Е.нинг яқин қариндошлари йўқлиги ва ақли норасолигидан фойдаланиб, унинг мулкларини қўлга киритиш мақсадида, гўёки Е.О. жамоат жойларида юриш-туриш қоидаларини бузиб юрганлиги тўғрисида 1-сон руҳий-асаб касалликлари шифохонаси раҳбарига билдиришнома ёзиб, мажбуран шифохонага жойлаштириб, уни уйидан чиқариб юборишга ва озодлигини чеклашга эришган.

Сўнгра, у О.Е.га қарашли турар жойга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ордерни сохталаштириш орқали кадастр идораси ходими Ч.С. кўмагида қалбаки кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, турар жойни ўзининг номига расмийлаштиришган.

Профилактика инспектори А.М. жиноятларини яшириш мақсадида, турар жойни турмуш ўртоғи О.Д.га ҳадя шартномаси орқали қайта расмийлаштириб, Е.О.нинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилган.

Шунингдек, профилактика инспектори жабрланувчи Е.О.нинг ожизлигидан фойдаланган ҳолда қўлга киритган банк пластик картасидаги пул маблағларини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Бундан ташқари, у О.Е.нинг банкдаги омонат ҳисоб-рақамида сақланаётган жуда кўп миқдордаги пулларини банк ходимларини гўёки эгасига бериш учун олаётганлигига ишонтириб, қўлга киритишга эришган.

А.М. юқоридаги жиноий ҳаракатлари оқибатида қўлга киритган Е.О.нинг жуда кўп миқдордаги омонат пулларига опасининг номига Lacetti харид қилиб, жиноий даромадларини легаллаштирган.

Тергов натижасига кўра, профилактика инспектори А.М.га Жиноят кодексининг 206-моддаси 2-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 228-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 228-моддаси 3-қисми (Ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш), 169-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўғрилик), 243-моддалари (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ҳамда кадастр идораси ходими Ч.С.га Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «а» банди, 228-моддаси 3-қисми ва 28,169-моддаси 4-қисми «а» банди билан айб эълон қилиниб, жиноят иши суд муҳокамасига юборилган.

Бироқ, Нукус шаҳар суди судьяси ҳукмига асосан тергов органи томонидан А.М.га ЖКнинг 169, 228, 243-моддалари билан қўйилган айбловларни асоссиз равишда олиб ташланиб, ЖКнинг 206-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбли деб топилган ва 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда, 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинлаган.

Худди шундай, кадастр идораси ходими Ч.С.нинг айбловидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 3-қисми ва 28,169-моддаси 4-қисми «а» банди олиб ташланиб, Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбли деб топилган.

Бундан ташқари, суд ҳукми билан терговда жабрланувчи О.Е.нинг сохта ҳужжатлар асосида бегоналаштирилган турар жойи талон-торож этилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш мақсадида ундирилган 180 млн 50,7 минг сўм пулларни судланувчига қайтариб бериш белгиланган.

Прокуратура органлари томонидан апелляция муддатида иш ҳужжатлари ўрганилиб, мазкур суд ҳукми рўйи-рост асоссиз, адолатсиз ва ноқонуний деб топилиб, суд қарорини бекор қилиш ҳақида протест келтирилган.

«Иш апелляция инстанцияда кўрилишида, малакали прокурор иштироки таъминланади», — дейилади хабарда.