Саудия Арабистонининг Макка шаҳрига Ҳаж зиёрати учун борган камида 550 нафар киши вафот этди, дея хабар бермоқда араб дипломатларига таяниб France-Presse агентлиги (AFP).

Ҳалок бўлганларнинг камида 323 нафари мисрлик, 60 нафари иорданиялик бўлган. Уларнинг аксарияти жазирама иссиқнинг қурбон бўлган, шунингдек, бир киши тиқилинч пайтда ҳаётдан кўз юмган.

Reuters агентлигининг маҳаллий ОАВларга таяниб ёзишича, 144 нафар индонезиялик, 35 нафар тунислик, 11 нафар эронлик ва 3 нафар сенегаллик ҳам вафот этган. Хусусан, марҳумларнинг яқинлари ижтимоий тармоқларда кўпчилик иссиқ уриши оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилган.

Дипломатлардан бири AFP`га қурбонлар сони ҳаддан зиёдлигига Ҳаж зиёратига ноқонуний келганлар сони жуда кўплиги ҳам сабаб бўлганини айтган. Бунинг оқибатида зиёратчилар лагерларида тартибсизликлар юзага келган, қутқарувчилар ўз вақтида ёрдам кўрсата олмаган, дея тушунтирди Ҳаж зиёрати амалларини назорат қилувчи мисрлик амалдор. Унинг айтишича, зиёратчилар узоқ вақт сув ва овқатсиз қолиб кетишган, кондиционерлар ишламаслиги туфайли кўплар иссиқда жон берган.

Саудия Арабистони расмийлари расмий равишда 16 июнга қадар 2000 дан ортиқ зиёратчилар иссиқ уришидан даволанаётганини билдирди, бироқ ўшандан буён статистик маълумотлар янгиланмади ёки ўлимлар ҳақида маълумот берилмади. 2023 йилда Ҳаж вақтида камида 240 киши ҳалок бўлган, дея эслатди AFP.

  • Ҳар йили ўн минглаб зиёратчилар Ҳаж зиёратини ноқонуний равишда бажаришга уринишади, чунки улар расмий Ҳаж визасини олишнинг қиммат жараёнларини ўз зиммаларига ололмайдилар, дея таъкидлайди AFP.
  • Подшоҳлик расмийлари май ойида эълон қилган тадқиқотга кўра, иқлим ўзгариши оқибатида Саудия Арабистонида диний маросимлар ўтказиладиган ҳудудларда ҳарорат ҳар ўн йилда цельсий бўйича 0,4 даражага кўтарилмоқда. Саудия Арабистони Миллий метеорология маркази маълумотларига кўра, 17 июнь куни Маккадаги Масжид ул-Ҳарамда ҳаво ҳарорати +51,8 даражага етган.