Сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан мамлакатнинг Россиядаги элчихонаси call-марказига мурожаатлар кўпайди, деб хабар қилди дипломатик ваколатхона матбуот хизмати.

Фуқаролар, хусусан, Россияга киришда ёки Москванинг «Шереметьево» халқаро аэропорти орқали транзит ўтишда қийинчиликлар юзага келаётганини хабар бермоқда. Ушбу қийинчиликлар тегишли аэропорт хизматлари томонидан қўшимча ва ҳаддан ташқари узоқ текширувлар билан боғлиқ.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида элчихона РФ Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат юборди, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, элчихонанинг консуллик бўлими «Шереметьево» аэропортининг чегара назорати хизмати билан доимий алоқада, дея таъкидлади дипломатик миссия.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Марказий Осиёдан келган муҳожирлар Москва яқинидаги «Крокус сити холл»да теракт содир этишда айбланаётгани фонида Россияда мигрантларга қарши чоралар, хусусан, виза режимини жорий этиш, ҳуқуқбузарлик учун депортация қилиш ҳамда патентлар бўйича чекловлар муҳокамаси авж олганди.

Май ойида «Агенство» нашри ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупикка таяниб, сўнгги кунларда россиялик чегарачилар Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларини аэропортлар ва қуруқликдаги назорат-ўтказиш пунктларида оммавий равишда Россия ҳудудига киритишни тақиқлаб қўйгани ҳақида хабар берган эди.

Ўшанда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг РФдаги ваколатхонаси фуқаролар Россияга Москва аэропортлари ва Оренбург, Самара ва Саратов вилоятларидаги қуруқликдаги назорат-ўтказиш пунктлари орқали киришда муаммога дуч келмаётганини маълум қилганди.

Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг яқинда Ўзбекистонга ташрифи чоғида меҳнат миграцияси масаласини муҳокама қилганди. «Владимир Владимирович ушбу нозик масала бўйича таклифларимни қўллаб-қувватлаганидан жуда мамнунман. Ўйлайманки, биз ҳали бу масалада ҳар икки томондан зарурий тартибни йўлга қўямиз», — деганди Ўзбекистон раҳбари.