Россия президенти Владимир Путин ва Корея Халқ Демократик Республикаси етакчиси Ким Чен Ин Россия ҳамда КХДР ўртасида ҳар томонлама стратегик шерикчилик тўғрисида шартнома имзолади, дея хабар берди Кремль матбуот хизмати.

Шунингдек, Путиннинг Шимолий Кореяга давлат ташрифи доирасида чегарада автомобиль йўли кўпригини қуриш ҳамда соғлиқни сақлаш, тиббиёт таълими ва фан соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битимлар имзоланди.

«РИА Новости»нинг ёзишича, шартнома имзолангандан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Россия президенти янги шартнома томонлардан бирига тажовуз қилинган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутишини айтган. Шунингдек, Путин «Россия имзоланган ҳужжатга мувофиқ КХДР билан ҳарбий-техник ҳамкорликни истисно қилмаслигини» таъкидлади.

КХДР етакчиси шартнома «фақатгина тинчликсевар ва мудофаа характерига эга» эканини ва икки давлат халқлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганини айтди. «У янги кўп қутбли дунёни яратишни тезлаштирадиган ҳаракатлантирувчи кучга айланишига шубҳам йўқ. Замон ўзгарди. Шунга яраша КХДР ва Россия Федерациясининг глобал геосиёсий тузилмадаги мақоми ҳам ўзгарди», — дея қўшимча қилди Ким Чен Ин.

«Интерфакс» нашри янги келишув Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги 1961, 2000 ва 2001 йилларда давлат раҳбарлари томонидан имзоланган фундаментал ҳужжатлар ўрнини эгаллашини қайд этди.

Путиннинг бу ташрифи унинг Шимолий Кореяга расман иккинчи бориши ҳисобланади. Россия етакчиси КХДРга илк бор 2000 йилда борган.