Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 7 июнь куни «Док-1 Макс» иши бўйича навбатдаги апелляция суди бўлиб ўтди. Унда сироп таркибида заҳарли моддалар борлигини биринчи бўлиб аниқлаган Гулчеҳра Болтабоева, сиропдан болалар ўлаётгани ҳақида биринчи бўлиб хабар берган Самарқанд Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов гувоҳ сифатида кўрсатма берди.

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистонда камида 68 нафар боланинг ўлими ва камида 18 нафар боланинг ногиронлигига сабаб бўлган «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сиропларидаги пропиленгликоль моддаси таркибидан этиленгликоль ва диэтиленгликоль номли заҳарли моддалар аниқланган. Биринчи инстанция судида бунинг сабаби сифатида ишлаб чиқарувчига пропиленгликоль моддасини етказиб берувчи компания фармакологияда эмас, саноатда қўлланиладиган пропиленгликолни етказиб бергани кўрсатилган эди.

Жорий апелляция судида эса Фармагентликнинг судланаётган собиқ раҳбари Сардор Кариевнинг адвокатлари ушбу сироплар таркибидаги пропиленгликолга оид ўрганишларини тақдим этди. Уларнинг таъкидлашича, Marion Biotech пропиленгликолнинг саноатда қўлланилишини била туриб ундан дори ишлаб чиқаришга рухсат берган.

Адвокатлар 2021 йил декабридан бошлаб жаҳон бозорида пропиленгликолнинг нархи ошиб кетиши натижасида Marion Biotech ишлаб чиқарилган товарнинг қимматлашувига олиб келмаслик ва шу орқали дори-воситалари бозорида рақобатчилардан устун бўлиш мақсадида фармацевтика учун қўлланиладиган нархдан 30 фоиз арзон бўлган саноат пропиленгликолни сотиб ола бошлаганини айтмоқда.

Иш бўйича биринчи инстанция судида ҳам, апелляция судида ҳам судланувчиларнинг ҳимоячилари болалар заҳарланган «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сиропларининг ишлаб чиқарувчиси, Ҳиндистондаги Marion Biotech ва Ўзбекистондаги Quramax Medical корхоналарининг норасмий раҳбари Сачин Жаин, Ҳиндистонда унга нисбатан жиноят иши очилганига қарамай, ҳамон озодликда юргани ҳақида кўп таъкидлади.

Уларнинг сўзларига кўра, агар ушбу воқеа бўйича Ҳиндистондаги ишлаб чиқарувчилар жавобгарликка тортилмай қолиб кетаверса, бу жуда нохуш прецедент келтириб чиқариши, яъни чет эллик дори ишлаб чиқарувчилар сифатсиз маҳсулотларини Ўзбекистонга олиб кириши ва одамларнинг бу дорилардан заҳарланиши давом этавериши мумкин.

Бугунги кунда Ҳиндистонда Сачин ва унинг шериклари инсон ҳаётига хавфли ва жиддий зарар етказиши мумкин бўлган сифатсиз, сохта ва қалбаки деб топилган дори воситаларини ишлаб чиқариш ва сотишда айбланиб, уларга нисбатан 6 та жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистонда сироплар истеъмоли натижасида келиб чиққан болалар ўлими ва бошқа оғир оқибатлар тўғрисида Ҳиндистон ҳуқуқ муҳофаза қилувчи органларда расмий маълумот бўлмаганлиги сабаб Сачин ва унинг шериклари ўта оғир бўлмаган, яъни санкциясида бир минг рупий (150 минг сўм) жарима ёки олти ойгача қамоқ жазоси назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Ҳиндистон қонунчилиги бўйича эса агар қалбаки ёки сохта дори воситалари истеъмоли натижасида ўлим ёки оғир тан жароҳатлари олинса, 10 йилдан то умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси, шунингдек, жабрланувчиларга бир миллион рупийдан (тахминан 13,000 доллар) кам бўлмаган товон пули солишга сабаб бўлади.

Адвокатларнинг айтишича, Ўзбекистондаги болалар ўлими ва ногиронлик ҳолати бўйича Ҳиндистон тарафга расмий маълумотлар жўнатилиши керак. Бунинг учун ҳаракатлар ҳам бўлган. ОАВда Marion Biotech ва унинг мансабдор шахсларига нисбатан Ҳиндистонда қўзғатилган жиноят иши бўйича тарқалган маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида 2023 йил март ойида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати тергов органи Ҳиндистон Республикасига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали тегишли сўровнома юборган. Маълум бўлишича, Ҳиндистон тарафдан ушбу сўровномага ҳеч қандай жавоб берилмаган.

«Ҳиндистон бизни назарга илмайдими, билмайман? Нима бу? Иккита давлат-ку. Биз ўзимиз чиққанимиз йўқ-ку. Ташқи ишлар вазирлиги чиқяпти», — деди адвокат Раҳматов.

Адвокатлар судлов ҳайъатига бундай вазиятда дипломатик каналларнинг кучи етмаса, Ҳиндистоннинг барча дори ишлаб чиқарувчиларига нисбатан Ўзбекистонга импортини рухсат беришни вақтинча тўхтатиш каби чекловларини қўллаш таклифини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг муҳокамасига олиб чиқиш бўйича ажрим чиқаришни сўраб илтимоснома киритди.

Қолаверса, Сачин Жаинга нисбатан Ўзбекистонда ҳам сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлланилиб, қидирувга берилган. Аммо адвокатларга кўра, у бугунги кунда БАА давлатида озодликда юрибди. Абду Даби Интерполи эса Ўзбекистон Интерполига БААнинг тегишли органларига сўралган маълумотлар тақдим этилмаганлиги сабабли Сачин Жаинга нисбатан қидирув ҳамда қўйилган чекловлар бекор қилинганлиги тўғрисида маълумот юборган.

Ҳимоячилар судлов ҳайъатига Сачин Жаинга эълон қилинган қидирув бўйича айнан БАА ҳудудида қидирув ва чекловларни қайта тиклаш бўйича чора тадбирларни кўриш, «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сиропларининг истеъмол қилиши натижасида Ўзбекистонда болалар ўлими ва ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳатлари каби салбий оқибатлар келиб чиққанлигини исботловчи далил-ҳужжатларни тегишли тартибда Ҳиндистондаги жиноят иши ҳужжатларига қўшиш учун тақдим этиш бўйича ҳам илтимосномалар киритди.

Илтимосномаларни прокурор қисман, жабрланувчилар, судланувчилар ва уларнинг ҳимоячилари эса тўлиқ қўллаб-қувватлади. Судлов ҳайъати бу бўйича кейинги судда ажрим чиқаришини билдирди. 14 июнь куни бўлиб ўтган процессда эса судлов ҳайъати ушбу илтимосномаларга тўхталмади. Адвокатлар ҳам бунга бирор эътироз билдирмади.

Шунингдек, Сардор Кариев томон унинг онаси киритган аризага кўра, 75 миллиард сўмлик товон пули 36 ой давомида қай тартибда тўланиши ва унинг жабрланувчиларга тақсимоти қандай бўлиши ҳақида тушунтириш берди. Раислик этувчи судья Музаффар Аҳмедов айблилик масаласи судда кўрилавериши, ариза берувчи тараф хоҳласа, товон пулини тўлаб бериш ҳаракатини бошлаш мумкинлигини билдирди.

Судда иштирок этаётган қорақалпоғистонлик бир жабрланувчи эса суднинг қанча давом этиши номаълумлиги, аммо ногирон бўлиб қолган болаларни асраб қолиш учун пул кераклиги, шунинг учун Мунира Кариева киритган аризани қабул қилишини билдирди.

«Газета.uz» суд мажлиси стенограммасини тақдим қилади.

Суд мажлисида дастлаб гувоҳлар тингланди. Аммо гувоҳларнинг кўрсатмалари биринчи инстанция судида ҳам эшитилгани, судга оид аввалги репортажларда ҳам улар айтган гаплар қисман ёритилган учун матнда дастлаб ишга оид янги тафсилотлар, сўнг гувоҳлар кўрсатмалари келтирилади.

Судья Музаффар Аҳмедов: Кариевнинг уйдагиларидан ким бор?

Залдан турмуш ўртоғи туради.

Сардор Кариевнинг турмуш ўртоғи: Аёллари бўламан.

Судья: Оналари келмадиларми?

Сардор Кариевнинг турмуш ўртоғи: Йўқ.

Судья: Бошида айтгандим, ариза киритганлар, келсалар шуни муҳокама қилардик. Айблилик масаласини [апелляция суди давомида кўриб кетаверамиз], лекин улар зарар қопламоқчиман деб ариза берганлар. Бу бўйича ҳеч ким депозит ҳам сўраб келмади, бошқа қилмади. Шу иш нима бўляпти, сиз биласизми?

Сардор Кариевнинг турмуш ўртоғи: Адвокатимиз тушунтириш берсалар бўладими?

Адвокат Аброр Набиев: Рухсат берсангиз, ҳурматли судлов ҳайъати. Аризани Мунира Кариева киритганлар. Уларнинг номларидан менга ваколат берилган. Бу ҳақда сўрашингизни кутиб тургандик. Чунки бир-иккита олдинги судда бу масалани жабрланувчилар ҳам кўтарди. Ўшанда биз жабрланувчиларга савол, таклиф билан мурожаат қилдик.

Агар суд бизнинг ҳимоямиз остидаги Сардор Кариевга нисбатан айблилик масаласига дахл қилмаган ҳолда қарор чиқарса, фақат шу жазосини енгиллаштириб берса, суд ҳукмида кўрсатилган моддий зарарни тўлаш ҳақида ариза киритган Мунира опа Кариева аризада келтирган ҳолатларни тўлиқ қўллаб-қувватлайдилар.

Лекин [зарарни] бир вақтда тўлаш имконияти мавжуд эмас. Зарар қандай қопланиши бўйича жадвал ҳам қилиб берилган. Агар суд мажлиси давомида судлов ҳайъати қандайдир мажбурият қўядиган бўлса, уни ҳам кўриб чиқамиз.

Судья: Хўп, бошланишига қанча тўлайман деяптилар. Жами зарар 72 миллиардга яқинмиди? Мана жабрланувчилар турибди. Айблилик масаласини суд давомида кўриб кетаверамиз, агар бунга ҳозир тўхталмасак, яна чўзилиб кетаверади. Суд тергови анчадан бери давом этяпти.

Адвокат Аброр Набиев: Ҳурматли раислик этувчи, шу жадвалга мувофиқ айтиб ўтаман.

Жами сумма 75 миллиард 600 миллион сўм экан. Бу миқдор 36 ой давомида тўлаб берилади. Биринчи ойда 7 миллиард 560 миллион сўм, кейинги 2 — 35-ойларда 1 миллиард 800 миллион сўмдан, 36-ойда эса 3 миллиард 780 миллион сўмдан тўланади. Жабрланувчиларга тақсимот эса қуйидагича бўлади: 1 миллиарддан моддий зарар ундирилиши керак бўлган 72 нафар жабрланувчиларнинг ҳар бирига биринчи ойда 100 миллион сўмдан, кейинги 2 — 35-ойлар бўйича ҳар ойда 25 миллион сўмдан, 36-ойда эса 50 миллион сўмдан; 500 миллион сўмдан моддий зарар ундирилиши керак бўлган 4 нафар жабрланувчига биринчи ойда 50 миллион сўмдан, 2 — 35-ойларда 12 миллион 500 минг сўмдан, 36-ойда 25 миллион сўмдан; 200 миллион сўмдан моддий зарар ундирилиши керак бўлган 8 нафар жабрланувчига биринчи ойда 20 миллион сўмдан, 2 — 35-ойларда 5 миллион сўмдан, 36-ойда эса 10 миллион сўмдан тўғри келади. Шуни бир кўриб чиқсанглар.

Жабрланувчилардан бирининг онаси: Рухсат беринг, ҳурматли судья. Мана ҳозир муддат қўйилган, шунинг охиригача тўлаб берилишига ким кафолат беради?

Адвокат Аброр Набиев: Рухсат беринг, ҳурматли судья.

Судья: Майли, тушунтиринг.

Адвокат Аброр Набиев: Ҳурматли жабрланувчи, сиз юрист бўлмаганингиз учун тушунтираман. Ҳозир шу масалани суд кўриб чиқса, [ҳимоямиз остидаги шахсга] мажбурият юклаши мумкин. Дейлик, [суд айтган] маълум муддатда тўланмаса, судланувчига нисбатан суд ҳукмида кўрсатилган муддатдаги озодликдан маҳрум қилиш жазоси юклаб қўйилади. Муаммо йўқ. Қўпол қилиб айтганда, яна бир марта қамаб қўяди.

Судья: Жабрланувчининг қонуний вакили, бу масалани суд ҳал қилади. Биз уни нима қилишни, қанақа қилишни маслаҳат уйида ҳал қиламиз. Ўзи айбсизлиги ҳақида шикоят келтирган, [айни судда шу масала] кўриб чиқиляпти. Ўтган сафар [Мунира Кариева киритган] аризани ўқиб эшиттирдим. Унда айбсизлик масаласи кўрилаверсин, лекин биз ҳақиқатдан шунақа ҳолат бўлганда хижолат бўляпмиз, шунга [моддий зарарнинг] ҳаммасини тўламоқчимиз деган мазмун бор эди.

Адвокат Темур Раҳматов: Илтимосномамиз бор эди, ҳурматли судья. Слайдларимизни иложи бўлса, жабрланувчиларга ҳам кўринсин. Уларга тааллуқли жиҳати бор.

Ҳурматли суд қатнашчилари, илтимосномада фармацевтика соҳасига доир айрим атамалар ва қисқартирмалар ишлатилиши сабабли биринчи слайдимизда ишлатилаётган атамалар ва қисқартирмаларни жойлаштирдик. Бу слайдда фармакопеяга таъриф берилиб унинг турлари санаб ўтилган ҳамда пропиленгликоль моддаси, айнан икки турга, яъни саноат ва фармацевтикада фойдаланишга рухсат этилган турларга бўлиниши қайд этилган.

док-1 макс, док-1 макс иши, репортаж, сардор кариев, суд

Сардор Кариевнинг адвокатлари томонидан жорий йилнинг апрель ойида Ҳиндистонга амалга оширилган сафари давомида айрим юридик ташкилотлар вакиллари билан ўтказилган музокаралари, Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги мухтор элчиси билан учрашувлари ҳамда оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари ва бошқа очиқ манбалардан олинган маълумотлар, шунингдек, адвокатлик сўровлари асосида олиб ўрганилган ҳужжатлар таҳлилида қуйидагилар аниқланди.

Яъни дастлабки тергов қилиши керак бўлган нарсани биз қиляпмиз, ўзи қонунда адвокатларга суриштирув ўтказиш мумкин эмас, лекин бизнинг [бошқа] иложимиз йўқ.

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди 2023 йил 10 майда 186−3 моддаси 4 қисми «а» банди билан айбланган Сачин Жаинга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаган.

док-1 макс, док-1 макс иши, репортаж, сардор кариев, суд

Мана шу киши Сачин Жаин ҳисобланади. Сиртдан қамоққа олиш бўйича ажрим бор. Бу ҳужжатлар жиноят ишида мавжуд эмас. Ҳужжатларни биз дастлабки тергов органи сўровига бериб, олдик. [Сачин Жаин] асосий шахс бўла туриб, нега [судланувчилар орасида йўқ], нимага асосан уни жавобгарликка тортмагансизлар деганимиздан кейин бизга 45 варақадан иборат ҳужжат беришди. Судга ҳам тақдим қиламан.

Агар ажримга эътибор берадиган бўлсак, «Дастлабки тергов давомида тўпланган ҳужжатларга кўра Ҳиндистон Республикаси фуқароси Сачин Жаин Ҳиндистондаги Marion Biotech ва Ўзбекистондаги Quramax Medical корхонасининг норасмий раҳбари бўла туриб, бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктириб, одамлар ўлимига сабаб бўлган сифатсиз дори воситаларини олиш, сақлаш, ташиш ва ўтказиш жиноятини қасддан содир этган» деб қайд этилган.

док-1 макс, док-1 макс иши, репортаж, сардор кариев, суд

Ҳиндистон ҳукуматининг Корпоратив ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, кўрилаётган жиноят ишидан қисми ажратилган Quramax Medical норасмий раҳбари Сачин Жаин Marion Biotech Private Limited корхонасида 2011 йил 8 апрелдан бугунги кунгача бошқарувчи директор сифатида раҳбарлик қилиб келмоқда. Сачин Жаиннинг турмуш ўртоғи Жая Жаин 2021 йил 7 июндан бошлаб иккинчи директор сифатида фаолият олиб бормоқда.

Бу дегани унга нафақат олиш, сақлаш, ташиш, ўтказиш, балки ишлаб чиқариш айби ҳам қўйилиши керак. Дастлабки тергов бу бўйича иш олиб бормаганлиги сабабли ўша пайтда буларни қўймаган.

док-1 макс, док-1 макс иши, репортаж, сардор кариев, суд


«The Company Check» ташкилотидан олинган маълумотларга кўра, 2021 йил 31 март ҳолатига Marion Biotech Private Limited активлари 15 миллион 800 минг долларни ташкил қилиб, Сачин Жаин 76,59 фоиз улушда ва турмуш ўртоғи Жая Жаин 11,89 фоиз улушда корхона таъсисчилари эканлиги, шунингдек, [уларнинг] ҳар бири 26−27 та бошқа корхоналарда раҳбар ва таъсисчи эканлиги кўриниб турибди.

Яъни улар фақат Marion Biotech эмас, яна бошқа 25−26 та компанияларнинг ҳам эгаси. Демак, Сачин Жаин нафақат Ўзбекистондаги Quramax Medical норасмий раҳбари, шу билан бирга «Док-1 Макс ва «Амбронол» сиропларини ишлаб чиқарган Ҳиндистондаги Marion Biotech корхонасининг раҳбари ва таъсисчиси эканлигини кўришимиз мумкин.

Marion Biotech ишлаб чиқарган «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сироплари таркибида этиленгликоль ва диэтиленгликоль аниқланганлиги туфайли, биз адвокатлар уларнинг бу сироплар таркибига қўшилиб қолиши сабабларини ўрганишга ҳаракат қилдик.

Жиноят иши материалларида мавжуд лаборатория хулосаларидан этиленгликоль ва диэтиленгликоль моддалари аниқланган серияларда пропиленгликоль моддаси миқдори кам чиққанлиги сабабли пропиленгликоль моддаси диққатимизни тортди.

Ўрганишларимиз натижасида пропиленгликолнинг ўзи икки турга, яъни истеъмол учун мумкин бўлмаган саноат турига ва юқори даражада тозаланган ҳамда истеъмол учун хавфсиз бўладиган фармацевтика саноатда қўлланилишга рухсат этилган турларга бўлинишини аниқладик.

Ҳурматли суд, 1-иловада келтирилган жадвалдан айнан ушбу икки хил пропиленгликоль турларидаги фарқларни батафсил кўришингиз мумкин.

док-1 макс, док-1 макс иши, репортаж, сардор кариев, суд

Юқоридаги маълумотдан келиб чиқиб ҳамда саноатда қўлланиладиган пропиленгликоль таркибида этиленгликоль ва диэтиленгликоль катта миқдорда мавжуд бўлишини инобатга олганда, Ҳиндистондаги Marion Biotech Private Limited томонидан ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сироплари таркибида этиленгликоль ва диэтиленгликоль аниқланганлиги, ишлаб чиқарувчи сифатсиз (саноат турдаги) пропиленгликоль ишлатганлигидан далолат бермоқда.

док-1 макс, док-1 макс иши, репортаж, сардор кариев, суд

4-иловада дунё бозорида пропиленгликоль нархларининг 2021−2022 йиллар давомида кескин кўтарилиши ҳам ушбу хулосага келишимизга сабаб бўлмоқда.

Бу ерда графикларни кўриш мумкин. Энг чўққига чиққан давр 2021 йилнинг декабрь ойида бўлган. Саноатда қўлланиладиган пропиленгликоль 2530 доллар, фармацевтикада қўлланиладигани эса 3200 долларни ташкил қилган. Яъни ўртадаги фарқ 28 фоиз.

Жумладан, 4-иловада келтирилган «Businessanalytiq.com» ахборот-таҳлил ташкилоти маълумотига кўра, 2020 йил июнь ойида пропиленгликолнинг ўртача нархи 1000 АҚШ долларини ташкил қилган, 2021 йил апрель ойига келиб, ушбу нарх 2 бараварга ошган ва 2021 йил декабрь ойигача кўтарилиш давом этиб энг юқори чўққисига етган.

док-1 макс, док-1 макс иши, репортаж, сардор кариев, суд

5-иловада пропиленгликолнинг қаердан олганлиги келтирилган. Бундай вазиятда, Marion Biotech Private Limited корхонаси ишлаб чиқарилган товарнинг қимматлашувига олиб келмаслик ва шу орқали дори-воситалари бозорида рақобатчилардан устун бўлиш мақсадида, унга олдиндан пропиленгликолни етказиб берган Maya Chemtech корхонаси воситачилигида, Manali Petrochemicalc томонидан ишлаб чиқарилган ва апрель ойида 4242 долларига харид қилиниб келинган пропиленгликолнинг ўрнига 2021 йилнинг декабридан бошлаб CK Picglobal томонидан ишлаб чиқарилган нархи 2945 доллар, 30 фоиз арзон бўлган пропиленгликолни сотиб олишни бошлаган.

Булар Ҳиндистон инспектарати томонидан бориб, ишлаб чиқарувчи завод текширилганда аниқланган.

2021 йил декабрдан 2022 йил августига қадар Maya Chemtech корхонаси томонидан етказиб берилган, CK Picglobal томонидан ишлаб чиқарилган пропиленгликолни сотиш инвойсларида унинг қайси фармакопея (Британия ёки Ҳиндистон)га тегишлилиги, ишлаб чиқарувчиси ва серияси кўрсатилмаганлиги, маҳсулотнинг ишлаб чиқарувчиси томонидан берилиши шарт бўлган сифат сертификатлари тақдим қилинмаганлиги ҳолатлари маҳсулотни қабул қилмасликка асос бўлса-да, Marion Biotech Private Limited корхонаси бу пропиленгликолни қайтариб юбормасдан, ушбу камчиликларга ва, айниқса, маҳсулотнинг сифат сертификати бўлмаганлигига атайин кўз юмиб, сиропларни ишлаб чиқариш учун қабул қилган.

док-1 макс, док-1 макс иши, репортаж, сардор кариев, суд

Marion Biotech Private Limited корхонаси ушбу хомашё фармакопея талабларига жавоб беришини тасдиқлаш мақсадида Британия фармакопея талаблари асосида ўзининг лабораториясида синовлар ўтказиб, ўзи томонидан сифат сертификати расмийлаштириб, ишлаб чиқаришга рухсат берган.

Ушбу ҳолатлар 9 ва 10-иловада келтирилган Marion Biotech ва Maya Chemtech корхоналар томонидан текширувчи инспекторларга берган тушунтириш хатларида ҳам ўз тасдиғини топган.

док-1 макс, док-1 макс иши, репортаж, сардор кариев, суд

Яъни 2022 йил 29 декабрдаги Marion Biotech корхонаси «Биз улардан бир неча марта материалларни етказиб бериш учун сифат сертификати сўрадик, лекин улар томонидан тақдим этилмаган. Шунда биз маҳсулотга талаб қилинадиган Британия фармакопеяси бўйича материални синовдан ўтказиб, ишлатдик», дейилган бўлса, 2023 йил 1 февралдаги Maya Chemtech корхонасининг «Сифат сертификатини тақдим эта олмадим, чунки сифат сертификати маҳсулот билан бирга фойдаланувчиларга ёки трейдерларга етказилади», деб баён қилганлар.

Яъни Maya Chemtech корхонаси биз маҳсулот етказиб берганимизда сертификатни берганмиз деяпти, Marion Biotech эса бизда сертификат йўқ, биз билмаймиз, деяпти.

2022 йил 27 декабрда Marion Biotech корхонасида давлат инспекторлари текшириш ўтказиб хомашё омборхонасида сақланаётган CK Picglobal томонидан ишлаб чиқарилган пропиленгликолнинг Ф00455УГ сериясидан намуналар танлаб олишган.

7-иловада келтирилган Ҳиндистон давлат лабораториясининг 2023 йил 19 январдаги хулосадан танлаб олинган пропиленгликолда 81,63 фоиз этиленгликоль мавжудлиги ва унинг зичлиги 1,1356 г/см3 эканлиги аниқланган.

док-1 макс, док-1 макс иши, репортаж, сардор кариев, суд

Мазкур ҳолат Marion Biotech Private Limited корхонаси томонидан Ф00455УГ сериясига расмийлаштирилган сифат сертификатига пропиленгликоль чинлигини аниқлашга қаратилган қуйидаги иккита кўрсаткич бўйича ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни киритганлигини кўрсатади:

Биринчи кўрсаткич — Британия фармакопеяси бўйича пропиленгликолнинг нисбий зичлик кўрсатгичи 1,035−1,040 г/см3 доирасида бўлиши белгиланган. Marion Biotech корхонаси томонидан расмийлаштирилган 2022 йил 2-сентябрдаги сифат сертификатда нисбий зичлик давлат лабораториясида аниқланган 1,1356 г/см3 ўрнига пропиленгликолнинг меъёрий кўрсаткичларга яқинлаштириб 1,037 г/см3 қилиб кўрсатган. Яъни нотўғри маълумот киритилган.

Демак, лаборатория синовидан ўтказилган пропиленгликоль намунасида 81,63 фоиз этиленгликоль бўлганлиги учун ушбу нисбий зичлик кўрсатгичи этиленгликолнинг 1,1132 г/см3 зичлигига яқин келган.

Иккинчи кўрсаткич — қайнаш ҳарорати Британия фармакопеяси бўйича 184 — 189 градус белгиланганлигини ҳисобга олиб, сертификатда 187,5 градус қилиб киритилган. Ваҳоланки, намуна 81,63 фоиз этиленгликоль деб аниқланганлиги сабабли ва этиленгликоль қайнаш ҳарорати 197 градусни ташкил этишини инобатга олиб сифат сертификатига киритилган бу маълумот мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди деган хулоса қилсак бўлади.

Қайд этилганлардан, Marion Biotech корхонаси масъуллари Ҳиндистон фармакопеяси бўйича сотиб олинган пропиленгликолнинг таркибида этиленгликоль ва диэтиленгликолларнинг мавжудлигини ва уларнинг миқдори (улуши) текширилиши шартлигини билса-да, бундай текширишни талаб этмайдиган Британия фармакопеяси бўйича текшириш ўтказганлигини, сохта сифат сертификатда модданинг нисбий зичлиги ва қайнаш нуқталари (ҳарорати) меъёрдаги кўрсаткичлардан ошмаган деб кўрсатиб, сироп дори воситасини ишлаб чиқаришда била туриб сифатсиз моддани ишлатганликларидан далолат беради.

Яна битта нарсани айтмоқчиман, Ҳиндистон фармакопеяси Америка фармакопеяси билан бир хил экан. Уларда ишлаб чиқарувчи хомашёни олаётганда пропиленгликолни текширишга мажбур. Лекин Marion Biotech ўша пайтда Ҳиндистон ва Америка фармакопеяси эмас, Британия фармакопеяси бўйича оляпти, текширмаяпти, сертификат сохталаштиряпти ва ишлаб чиқаришга рухсат беряпти.

Афсуски, тайёр сироплар таркибида этиленгликоль ва диэтиленгликолни аниқлаш имконини берувчи лаборатория синов усуллари 2023 йилгача Ҳиндистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам, бошқа давлатлар амалиётида ҳам бўлмаган ва бу моддаларни сироплар таркибида текшириш жараёни Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти томонидан синов усуллари 2023 йил июль ойида тасдиқланиб амалиётга жорий қилинган.

11-иловада 2022 йилнинг 27, 29 ва 30 декабрида ҳамда 2023 йилнинг 12 январида Marion Biotech корхонасида Ҳиндистон Дори воситалар стандартларини назорат қилиш маркази томонидан ўтказилган текширувлар давомида танлаб олинган «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сироп намуналаридан 22 та серияси стандартга жавоб бермаслиги, уларнинг таркибида 45 фоизгача этиленгликоль ва диэтиленгликоль, шунингдек, пропиленгликоль хомашё намунасида 81,63 фоиз этиленгликоль борлиги аниқланганлини тўғрисидаги маълумотларни ҳар бир серия кесимида келтириб ўтдик.

док-1 макс, док-1 макс иши, репортаж, сардор кариев, суд

Бу ерда 2021 йилдаги сериялар бошланади. Бу маълумотлар қаердан олинган деган саволни Ҳиндистон нимасига берганмиз. Ишлаб чиқарувчида депозитарий бор экан. Ҳар бир дорининг муддати ўтгандан кейин ҳам уч йил сақлаш мажбурияти бор экан. Биз апелляция судига ўзимиздаги дориларни ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартлари бўйича текшириб қўйиш ҳақида илтимоснома киритгандик. Лекин ҳал қилинмади. [Ҳиндистон тараф] ўша пайтда ўтказган, миқдор анализлари қилиб берган. Қайси серияда қанча этиленгликоль, диэтиленгликоль борлиги шу ерда кўрсатилган.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича 2023 йил охири ва 2024 йил бошларида Marion Biotech Private Limited ва Maya Chemtech India Private Limited раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан, Ҳиндистон Республикасининг 1940 йилдаги Дори воситалар ва косметика тўғрисидаги қонунининг 17(а) ва 17(б) моддаларига асосан инсон ҳаётига хавфли ва жиддий зарар етказиши мумкин бўлган сифатсиз, сохта ва қалбаки деб топилган дори воситаларини ишлаб чиқариш ва сотишда айбланиб, Жиноят кодексининг 274, 275, 276-моддалари билан бугунги кунда 6 та жиноят ишлари бўйича суд давом этмоқда.

Энди Ҳиндистонда судлар бошқача экан. Кварталда бир, йилда бир марта мана шундай чўзилиб кўриларкан. 15 йилгача ҳам чўзилиши мумкин.

Жиноят иши бўйича қуйидагиларга айблов эълон қилинган:

(А-1) — Marion Biotech Private Limited,

(А-2) — Жая Жаин, Сачин Жаиннинг турмуш ўртоғи, компания директори,

(А-3) — Сачин Жаин, директор ва компания таъсисчиси,

(А-4) — Тухин Бхаттачаря, операция раҳбари,

(А-5) — Атул Рават, химик-ишлаб чиқарувчи,

(А-6) — Мул Сингх, химик-таҳлилчи.

(А-7) — Maya Chemtech India Private Limited компанияси

(А-8) — Мегх Шарма, директор

(А-9) — Ниилам Верма, директор

Фикримизча, Ўзбекистонда сироплар истеъмоли натижасида келиб чиққан оғир оқибатлари тўғрисида Ҳиндистон ҳуқуқ муҳофаза қилувчи органларда расмий маълумот бўлмаганлиги сабабли кўриб чиқилаётган жиноят ишларда Ҳиндистон қонунчилигига мувофиқ унча оғир бўлмаган, яъни санкциясида бир минг рупий, яъни 150 минг сўм жарима ёки олти ойгача қамоқ жазоси назарда тутилган жиноятларни содир этганликлари бўйича айблов эълон қилинган!

Яъни Ҳиндистонда бизда шунча болалар оламдан ўтганлиги ҳақида расмий маълумот йўқ. Шунинг учун буларда фақат сифатсиз дори ишлаб чиқарилганлиги бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бу бўйича ўша юқорида айтилганидек энг кўпида олти ойгача қамоқ берилиши мумкин.

Аслида эса 1940 йил «Дори воситалар ва косметика тўғрисидаги» қонунининг 27-моддасига кўра «қалбаки» ёки «сохта» дори воситалари истеъмоли натижасида ўлим ёки оғир тан жароҳатлари олинса, ўн йилдан то умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси, шунингдек, жабрланувчиларга бир миллион рупийдан (тахминан 13,000 доллар) кам бўлмаган товон пули солишга сабаб бўлади.

Шунинг учун 2000 йил 2 майдаги Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси ўртасида тузилган «Жиноий ишлар юзасидан ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисида»ги шартномага мувофиқ, айбдорларнинг ҳаракатларини тўғри квалификация қилиш мақсадида Бош прокуратуранинг халқаро бошқармаси орқали «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сиропларининг истеъмол қилиши натижасида республикамизда болалар ўлими ва ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳатлари каби салбий оқибатлар келиб чиққанлигини исботловчи далил-ҳужжатларни тегишлича тақдим қилиш лозим.

Оммавий ахборот воситаларида Marion Biotech ва унинг мансабдор шахсларига нисбатан Ҳиндистонда қўзғатилган жиноят иши бўйича тарқалган маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида 2023 йил март ойида тергов органи Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали тегишли сўровнома юборган.

2024 йил март ойида, адвокатларга берилган жавобда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ҳиндистон тарафдан юқорида айтилган сўровномага ҳеч қандай жавоб берилмаганлигини маълум қилинган.

Яъни Ҳиндистон умуман бизни назарга илмайдими ёки билмайман, умуман жавоб бермайди. Бу нима бу? Иккита давлат-ку. Биз ўзимиз чиққанимиз йўқ-ку. Ташқи ишлар вазирлиги чиқяпти. Мана шундай бўлган.

«Док-1 макс» ва «Амбронол» сиропларини ишлаб чиқарган Marion Biotech мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига тўғри ҳуқуқий баҳо бериш, ушбу фожиа сабабларини ва ҳақиқий айбдорларни биргаликда аниқлаш, жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни бартараф этиш, ҳамда келажакда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун зарур бўлган тизимли ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш ўрнига, Ҳиндистоннинг тегишли ваколатли органлари томонидан сукут сақлаб келаётганлиги ачинарли ҳолат.

Бундай вазиятда дипломатик каналларнинг кучи етмаса, Ҳиндистоннинг барча дори ишлаб чиқарувчиларига нисбатан Ўзбекистонга импортини рухсат беришни вақтинча тўхтатиш каби чекловларини қўллаш ҳақидаги таклифни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг муҳокамасига олиб чиқиб, шу орқали мазкур муаммога Ҳиндистон ҳукумати, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар эътиборини қаратиш зарур деб ўйлаймиз.

Бундан ташқари, қисми ажратилган жиноий иш доирасида 2023 йил май ойида Сачин Жаин айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, терговга келишдан бўйин товлаб, қочиб яшириниб юрганлиги сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган ва сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш бўйича суд ажрим чиқарган. Лекин бугунги кунгача амалга оширилмаяпти. Биз бу бўйича ҳам биз тегишли органларга мурожаат қилишимиз керак.

док-1 макс, док-1 макс иши, репортаж, сардор кариев, суд

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Интерпол миллий марказ бюроси орқали Сачин Жаин халқаро қидирувга берилганидан сўнг у Бирлашган араб амирликлари давлатида аниқланган экан.

2023 йил 2 августда Абу Даби Интерпол миллий марказ бюросидан у қўлга олинганлиги шу билан бирга экстрадиция материалларини тақдим этиш тўғрисидаги маълумот келиб тушган.

Ушбу маълумотга асосан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Интерпол миллий марказ бюроси томонидан қидирувдаги шахс аниқланганлиги ҳамда уни Дубайдан экстрадиция қилиш мақсадида тегишли материалларни араб тилига таржима қилинган шаклда дипломатик каналлар орқали БАА Адлия вазирлигига қисқа муддатларда тақдим этилиши кераклиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Интерпол миллий марказ бюроси томонидан 2023 йил 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурасининг тегишли бошқармаларига хабар берилган.

Шундан сўнг 2023 йил 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан араб тилига таржима қилинган материаллар нусхалари Абу Даби Интерпол миллий марказ бюросига экстрадиция жараёнини ташкил этиш мақсадида;

2023 йил 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан БАА Адлия вазирлигига араб тилидаги экстрадиция материаллари нусхалари экстрадиция жараёнини тезлаштириш мақсадида;

2023 йил 17 август куни мазкур материаллар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Интерпол миллий марказ бюроси томонидан Абу Даби Интерпол миллий марказ бошқармасига юборилган.

Шундан кейин жим-жит, жавоб йўқ.

2023 йил 18 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Интерпол миллий марказ бюросининг Абу Даби Интерпол миллий марказ бюросига юборилган сўровига жавобан, БААнинг тегишли органларига сўралган маълумотлар тақдим этилмаганлиги сабабли Сачин Жаинга нисбатан қидирув ҳамда қўйилган чекловлар бекор қилинганлиги тўғрисида маълумот келиб тушган.

Яъни ҳозир мен айтиб ўтган саналарда бирданига уч кун ичида араб тилига таржима қилиб, Прокуратура, ДХХ томонидан ҳамма ҳужжатлар юборилса-да, БАА «Йўқ, бизга вақтида келмаган-ку, биз қўйиб юбордик», деган жавобни беряпти.

Афсуски, номаълум сабабларга кўра кўрсатилган камчиликлар тезкорлик билан бартараф қилинмаганлиги натижасида БАА ҳудудида қидирув ва чекловлар қайта қўйилмаганлиги сабабли ўта оғир жиноятда айбланаётган Сачин Жаин жиноий жавобгарликдан қутулиб келмоқда.

  • Юқоридагиларга кўра суддан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураларнинг қайд этилган фактларига эътиборини қаратиб, биринчидан Ҳиндистон Республикасининг 1940 йилдаги «Дори воситалар ва косметика тўғрисидаги» қонунининг 17(а) ва 17(б) моддаларига асосан сохта ва қалбаки деб топилган дори воситаларнинг ишлаб чиқарувчи Marion Biotech мансабдор ва бошқа шахсларга нисбатан Ҳиндистоннинг Жиноят кодексининг 274, 275, 276-моддалари билан қўзғатилган ва бугунги кунда судда кўрилаётган жиноят иши бўйича айбдорларнинг ҳаракатларини тўғри квалификация қилиш мақсадида 2000 йил 2 майдаги Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси ўртасида тузилган «Жиноий ишлар юзасидан ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисида»ги шартномага мувофиқ «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сиропларининг истеъмол қилиши натижасида республикамизда болалар ўлими ва ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳатлари каби салбий оқибатлар келиб чиққанлигини исботловчи далил-ҳужжатларни тегишли тартибда Ҳиндистондаги жиноят иши ҳужжатларига қўшиш учун тақдим этиш;
  • Иккинчидан, Сачин Жаинга эълон қилинган қидирув бўйича айнан БАА ҳудудида қидирув ва чекловларни қайта тиклаш бўйича чора тадбирларни кўриш ҳақидаги ажрим чиқаришингизни сўраймиз.
  • Шунингдек, «Док-1 макс» ва «Амбронол» сиропларини ишлаб чиқарган Marion Biotech мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига тўғри ҳуқуқий баҳо бериш, ушбу фожиа сабабларини ва ҳақиқий айбдорларни биргаликда аниқлаш мақсадида тергов органи юборган хатларга Ҳиндистон томон жавобсиз қолдириб шу йўналишда ҳамкорлик қилмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ҳиндистоннинг барча дори ишлаб чиқарувчиларига нисбатан импортни рухсат беришни вақтинча тўхтатиш каби чекловларини қўллаш ҳақидаги таклифни муҳокамага олиб чиқиш ҳақидаги ажрим чиқариб, шу орқали мазкур муаммога Ҳиндистон ҳукумати, Жаҳон cоғлиқни cақлаш ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар эътиборини қаратишингизни сўраймиз.

Мен илтимоснома ва унга илова қилинган ҳужжатларни ёзма равишда тақдим қиламан. Ҳурматли суд, ҳозир жабрланувчилар «Бу ерда ким айбдор», деб савол беряпти. Мана дистрибютор ўтирибди, «Менинг нима айбим бор?», деяпти. Лекин ишлаб чиқарувчига нисбатан ҳеч ким чора кўрмаяпти. У озодликда юрибди. Лекин асл айбдор шулар-ку. Ўзбекистондагилар [судланяпти]. Ҳозир кўряпмиз, тергов [судланувчиларга] «Док-1 Макс» орқали эмас, «Кураракс» дори воситаси орқали [айб] қўйган. Ҳолат ўзи «Док-1 Макс» бўйича-ку. Ўлим шу дори бўйича бўляпти. Лекин «Док-1 Макс» бир четда қолиб кетяпти. Ўша нарсани текшириш ва тегишли ажрим чиқариб, ўз муносабатингизни чиқаришни сўрайман. Эътиборингиз учун раҳмат.

Судья: Марҳамат, қолган ҳимоячилар, илтимосномани қўллаб-қувватлайсизларми?

Сардор Кариевнинг адвокати Улуғбек Латифов: Ҳурматли раислик этувчи, [илтимосномани] қўллаб-қувватлаган ҳолда озгина қўшимча қилмоқчи эдим. Биз ҳамкасбим Темур Раҳматов айтган масалаларни таҳлил қилиб, бориб ҳақиқатдан Ҳиндистондаги ҳамкасбларимизга учрашдик. Уларда жиноят ишлари бўйича очиқ база бор экан. Адвокатларда «доступ» бор. Юқоридагиларни улар берган маълумотлар асосида таҳлил қилиб баён қилдик. Авваламбор ўзимизнинг ДХХ барака топишсин, ҳамма маълумотларни беришди. Ҳозир сизларга ўшаларнинг таҳлилини қилиб бердик.

Ҳурматли суд, илтимосномамиздан мақсад, бу ҳукумат даражасида ҳал бўладиган масала. Сизлар тақдимнома киритиб берсангиз, бу масалага ҳукуматнинг, тегишли ташкилотларнинг эътибори қаратилсагина ҳал бўлади. Бўлмаса, биз мана бунақа сўровлар билан Прокуратурага, ДХХга, Интерполга мурожаат қилиб юраверамиз.

Уларнинг ҳар биттаси ўзининг вазифасини қилиб қўйибдида. Тергов қидирув эълон қилган, Бош прокуратура перепискани амалга оширишни таъминлаб қўйган, МИБ қизил карточкаларни қўйиб қўйган, лекин ишлаб чиқарувчи Сачин Жаин Дубайда, Ҳиндистондаги заводларини ишлатиб юрибди. БАА эса ҳужжатларни вақтида тақдим қилмагансизлар деб қизил карточкани ечяпти.

Шунинг учун сизлардан илтимос қиляпмизки, бу масалани кўтариш керак. Бошқа бунақа имконият бўладими, йўқми, ҳеч ким билмайди. Ҳамкасбим айтганидек Ҳиндистондан келадиган барча дориларга барьер қўйибми, бошқа қилибми, энди бу ҳукумат аъзолари муҳокамасига қўйиладиган масала.

Лекин айнан бугунги апелляция инстанциясида бу нарсага эътибор қаратилмаса, олдинги илтимосномаларимизда айтганимиздек, дорини ишлаб чиқарувчи озодликда, ҳеч қандай жазосиз юрса, келгусида нафақат Ҳиндистонда, бошқа давлатлардан ҳам бизга кириб келадиган сифатсиз дориларнинг олди олинмайди. Фақатгина шунақа кескин чоралар кўриш орқали шу масаланинг олдини олиш мумкин.

Биз ҳимоямиз остидаги шахснинг жавобгарлиги-ю, бугунги процессдан бошқа масалага ўтяпмиз-да. Бу айнан шу процессда ҳал бўладиган масала. Эътиборга олишингизни сўрайман. Кўп ҳужжатларимиз қолиб кетяпти, лекин биз асосий резюмени сизларнинг қўлингизга берганмиз.

Адвокатлар Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси билан ҳам гаплашдик, ҳамма ҳужжатлар ишланяпти. Лекин фақат переписка қолиб кетяпти, амалий ишлар йўқ. Интерполга бир нечта саволлар бердик. Уч варақ, тўрт варақ беряпмиз, қисқагина, «иш олиб бориляпти, ташкил қилинган, қидирув тадбирлари давом этяпти», деган жавоб бўляпти.

Яна битта мисол, Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида сиртдан ҳукм амалиётимизда бор. Кеча ОАВдан нусха қилиб олгандим, 2023 йилда сиртдан ҳукм чиқариш бўйича бир нечта ишлар бўлган экан. Нима учун шуни Сачинга ёки завод эгаларига нисбатан ташкил қилолмаяпмиз? Мана шу масалаларга ҳам эътиборингизни қаратишингизни сўраймиз.

Судья: Тушунарли, қолган ҳимоячилар илтимосномани қўллаб-қувватлайсизларми?

Залдаги ҳамма адвокатлар бир овоздан қўллаб-қувватлашини билдирди.

Жабрланувчилардан бирининг онаси: Гапирсам бўладими?

Судья: Қорақалпоғистон, нима демоқчисизлар?

Жабрланувчи: Демоқчиманки, бу суд 2022 йилдан бери чўзилиб келяпти. Масалан, мен май ойининг бошида қизимни Болалар миллий тиббиёт марказига қайта олиб борганман. Бошида судда айтгандим, буйрагида қайта тикланмаганлиги ва юзида тортишишлар аниқланганди. Тортишишлар яна кучайяпти, яна ортга тортиляпти. Чунки мен ўтган йилдан бери даволатишни тўхтатиб қўйганман. Сабаби маблағим йўқ. Борини ҳам эшигимгача тақиллатиб қарзини сўраб берганларга беряпманда.

Кеча дўхтир ҳам ўтган йилдан бери даволатишни тўхтатиб қўйдинглар деб айтяпти. Даволатишни ўзи бўлмайди-да. Бир мартасига камида 5−6 миллион сўм кетади. Авваламбор, ўтиб кетган болаларни Худо раҳматига олсин, лекин тирик болаларнинг соғлигини қайта тиклашга эътибор қаратишнинг иложи борми? Ҳаммаси моддий ёрдамга тақаляпти.

Мана пуллар тақсимлаб берилди-ку, ўша пулларни омон қолган болаларнинг соғлигини тиклаш учун қаратсаларинг қанақа бўларкан? Чуни вақт ўтиб кетяпти. Қўлимизда борини омон олиб қолайлик. Бу бошқаларга қаттиқ ботмаслиги мумкин. Ота-оналарга қийин бўляпти-да. Фарзандлар қийналяпти, уни кўриб ота-оналар икки карра қийналяпти-да. Ҳаммаси маблағга бориб тақаляпти.

Шундоғам 2022 йилда касал бўлганимизда бўларимиз бўлиб, бўйнимизгача қарзга ботган бўлганмиз, уйимизни сотсак, ундан ҳам катта болаларимиз бор, квартирада юришнинг иложи йўқда. Фақатгина яшашга уйимиз қолган, ундан ҳам айрилсак, билмадим энди охири қандай бўлади? Шунга ҳам озгина эътибор қаратсанглар.

Судья: Тушунарли. Ҳозир эшитган бўлсангиз, боя сўрадим, айнан Кариевнинг оналари ўз хоҳиши билан мурожаат қилган ҳолат бўйича сўрадим, жавобларни эшитдингиз. Булар айблилик масаласи кўриб чиқилаверсин, лекин ўзимиз шу ҳолатга, жабрланувчиларга ёрдам қиламиз деган масалада ариза ёзган эканлар. Шу бўйича яна бир марта сўрадим. Мана адвокатнинг гапини эшитдингиз, қанча сумма тўламоқчи бўлганини, бошқасини. Буни муҳокама қиламиз, бўлди, айтдим. Шунинг учун олдинроқдан ҳаракатингларни қилинглар, суд сунъий равишда чўзилмасин деган мақсадда яна бир марта сўрадим бугун.

Жабрланувчи: Чунки вақт ўтяпти, вақт ўтган сари юз нервлари қотиб қолиш имконияти кўпроқ бўларкан. Ўзи қиз бола бўлса, фарзандимнинг келажаги нима бўлади? Тўғриси, бу ота-оналарга оғир ботади-да. Шуни тезлаштириб берсанглар яхши бўларди-да. Масалан, мен Кариевнинг онаси қилган [таклифига] розиман-да. Айтяпти-ку, суд ҳал қилади, бошқаси деб. Мен қабул қиламан.

Судья: Бўлди, тушундим. Адвокат томонидан келтирилган илтимосномани қўллаб-қувватлайсизларми?

Жабрланувчи: Ҳа, тасдиқлайман, юз фоиз тасдиқлайман.

Судья: Марҳамат, ҳурматли прокурор.

Прокурор Саидмурод Насруллаев: Ҳурматли раислик этувчи, ҳақиқатдан адвокатларимиз томонидан ишлаб чиқарувчининг фаолиятига оид бўлган яхши таҳлил бўлибди. Таҳлилда асосий фикрлар келтирилган, асосий жойларнинг барчаси кўрсатиб берилган экан. Шу жиҳатдан биз барчамиз биламизки, ишлаб чиқарувчига нисбатан алоҳида жиноят иши ажратилган. Биз жиноят процессуал кодекси талабидан чиқиб кетолмаймиз. Яъни бир тарафда бизда судланувчиларимиз аниқ, кўрилаётган масаламиз аниқ. Лекин бу ёқда жиноят аломатлари мавжудлиги важлари келтирилганини инобатга олган ҳолда ҳимоячимизни айнан мазкур ҳолатлар юзасидан ажримни чиқариб, у ажримни терговга юбориш бўйича бир қисмини қаноатлантиришингизни сўрайман.

Судья: Демак, бу илтимосноманинг ҳамма ҳужжатларини кўриб чиқиб, биз кейинги суд мажлисининг бошланишида ҳамманинг фикрини эшитиб олдик, илтимоснома бўйича фикр билдирамиз.

Гувоҳ Гулчеҳра Болтабоева кўрсатмаси

Судья: Гувоҳ — Болтабоева Гулчеҳра Эркиновна. 1968 йил 19 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, оилали, бир нафар фарзанди бор. Маълумоти олий, муқаддам судланмаган. Давлат Маркази дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси мудири лавозимида ишлаган.

Гувоҳ Гулчеҳра Болтабоева: Ҳозир лавозимим ўзгарган.

Судья: Бизни қизиқтирган вақтда шу лавозимда ишлагансиз. Демак, сиз ҳам ушбу ҳукм бўйича судлангансиз. Лекин ҳукмнинг сизга оид қисми эмас, апелляция тартибида апелляция шикояти келтирганлар қисми кўриляпти. Бир-иккита ҳолатга аниқлик киритиш учун илтимоснома киритишганди, сизни шунинг учун чақиртирганмиз. Биринчи инстанция судида берган кўрсатмаларингизни тасдиқлайсизми?

Гулчеҳра Болтабоева: Тасдиқлайман.

Судья адвокатларга қараб: Қайтадан эшитамизми ёки саволлар бўлса, сўраймизми?

Судланувчи Сингҳ Рагвендра Пратапнинг адвокати Даврон Аҳмадов: Бизда саволлар бор.

Судья: Ўртоқ прокурор сизда саволлар йўқми?

Прокурор: Йўқ.

Судья: Марҳамат адвокатлар, саволлар бўлса.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ассалому алайкум, Гулчеҳра опа. Яхшимисиз? Биринчи савол «Док-1 Макс» таркибидаги этиленгликоль бўйича. Этиленгликоль бўйича жуда кўп фикрлар бўлган. Бу заҳарми ёки зарарли моддами? Шунга аниқлик киритиб берсангиз.

Гулчеҳра Болтабоева: Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида этиленгликоль заҳарли модда деган ҳеч қанақа норма йўқ. Битта қонуности ҳужжати бор, Ўзбекистонга олиб кириладиган портловчи моддалар ва заҳарли моддалар рўйхати бор. Масалан, рўйхатда симоб тузлари заҳар деб айтилган. Лекин у рўйхатнинг ичида этиленгликоль йўқ.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Кейинги саволим, этиленгликолнинг қанча миқдори инсон организми учун хавфли ҳисобланади, химик сифатида сизнинг хабарингиз борми? Ўзи ҳамма дори воситасининг кимёвий таркиби бўлади. Дориларнинг ҳаммасида химикатлар бор. Умуман олганда, дорининг ҳаммаси зарар-да. Бу ерда этиленгликолнинг қанақа миқдори организмга зарар бўлиши мумкин?

Гулчеҳра Болтабоева: Бу тўғрисида жуда кўп маълумотлар бор. Мен охирги ўқиган адабиётларимда бир килограмм вазнга 1,5 миллитрдан — 5 миллилитргача бир марта қўлланилганда ўлим ҳолатига олиб келади деган маълумотлар бор. Айрим манбаларда 50 миллилитрдан — 500 миллилитргача деган маълумотлар ҳам келтирилган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Мен ўқиган адабиёт — Крамаренконинг суд криминилистикасига оид китобида 200 миллилитрдан — 500 миллитргача соф этиленгликоль ичилган тақдирда ўлим ҳолатига олиб келади деб берилган. Ўзингиз биласиз, 100 миллиграмм «Док-1 Макс»да ўртача 10 миллиграмм этиленгликоль бўлган. Бир чойқошиқда 2,5 миллиграмм «Док-1 Макс» бўладиган бўлса, унинг таркибида 0,5 миллиграмм этиленгликоль бўлади. Жуда кўп ҳолатларда уни болалар қусиб ташлаган. Онаси берганимдан кейин қусиб ташлади деяпти-да, бир кундан кейин бола ўляпти. Оғзига тушмаган бўлса, бола қандай ўлиши мумкин? Қолаверса, этиленгликолнинг миқдори ҳам 0,5 миллиграмм. Бу миқдор ўлимга олиб келиши мумкинми?

Гулчеҳра Болтабоева: Ҳозир айтганимдек, мен ўқиган адабиётларда бир марта қабул қилганда 50 миллилитрдан — 500 миллилитргача деб ёзилган. Одамнинг катта-кичликлиги, организмнинг вазнига қараб килограми ёзилган. Шунинг учун бу масалада бир нарса деб айтолмайман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Бўлди, кейинги саволим. Гулчеҳра опа, ўша пайта раҳбар [Сардор Кариев]дан «Текшириб кўрингларчи, „Док-1 Макс“ таркибида организмга таъсир қиладиган қанақадир ёрдамчи модда бордир», деган топшириқ бўлгандан кейин сиз изланишлар ўтказгансиз, натижада [сироп таркибидан] этиленгликоль аниқланди ва жиноят иши қўзғатилди. Этиленгликоль аниқлаш методологиянгиз қандайдир валидациядан ўтганми, исботланган ёки тан олинган, қанақадир илмий адабиётларда назарда тутилган методми ёки ўзингиздан келиб чиқиб бу методни ўйлаб топганмисиз? Шу ҳақда маълумот берсангиз.

Гулчеҳра Болтабоева: Мана шу воқеалар [болалар ўлими] бошланганда бизга чуқур изланишларни ўтказиш ҳақида топшириқ бўлди. Унгача биринчи кун мен Сардор Ҳикматовичга баённома берганимда норматив ҳужжат бўйича текширганман, ҳаммаси яхши деганман. Лекин 2022 йил 20 декабрдан кейин чуқур изланишлар қилиш кераклигини айтишгандан кейин биз айнан этиленгликоль, диэтиленгликоль бўлса, [уларни] қандай аниқлаш тўғрисида изланиш олиб боришни бошладик.

Ўша бир кун ичида мен фаолият юритган лабораторияда лаборатория ходимлари билан жудаям кўп адабиётларни ўрганиб чиққанмиз. Америка Қўшма Штатлари олимлари қилган гкилолларни аниқлаш усулларини ўрганиб чиқиб, лабораторияда ўша усулларни қилиб кўрганмиз. Фақат у ерда ҳамма гликоллар ҳақида кўрсатилмагани учун, бизга етарли бўлмади ва ўша методларни такомиллаштирдик.

Бир нарсага аниқлик киритишимиз керак. Ҳозирда дориларнинг таҳлилида ишлатиладиган учта классик ва замонавий усуллар мавжуд. Юқори самарадор суюқлик хромотографияси, газ суюқлиги хоромотграфияси ва юпқа қават хромотографияси. Лекин уларни ўзимизнинг объектимизга мослаштириш учун объектимизга нисбатан ушбу усуллардан услубиёт яратиш керак бўлади. Шунинг учун биз маълумотлар тўплаб, изланишлар натижасида ўша методни ривожлантирдик, яъни методни методикага айлантиришга ҳаракат қилдик.

Лабораторияда юқори самарадор суюқлик хромотографияси, юпқа қават хромотографияси усулида тўхтадик. Газ хромотграфия ҳам бор эди. Лекин биз ўшаларни мақбул деб ўйладик ва шу методни валидация қилишни бошладик. Валидация бу — метод, усулнинг тўғрилиги ва тўғри натижа беришини ҳужжатлаштириб исботлаш дегани. 2022 йил 23 декабрда ўзимиз такомиллаштирган услубни барча кўрсаткичлар бўйича валидация қилиб қўйдик.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Қаранг, сиз биринчи марта услубиётни қўллаган, 2022 йил 26 — 27 декабрь кунлари [заҳар борлигини] аниқлаган вақтингизда бу усул валидация қилинмаган бўлган. Сиз ўзингиз ўйлаб топган услуб бўлганми? Ундан кейин валидация қилиндими?

Гулчеҳра Болтабоева: Ҳа. 20 декабрдан изланишни бошлаган бўлсак, икки куннинг ичида валидация қилдик, ҳужжатлар ёнимда эмас, адвокатларга тақдим этган эдик. Ё 22, ё 23 декабрда биз валидацион протоколларни, методиканинг тўғрилигини тасдиқлатиб қўйдик. 23 декабрь бўлиши керак.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Бўлди, валидация қилинган бўлган, демак, яхши. Кейингиси, таркиб бўйича сиз ўтказган изланиш натижасида этиленгликолнинг «Док-1 Макс» таркибидаги миқдорини ҳам аниқлагансизда, тўғрими?

Гулчеҳра Болтабоева: Тўғри.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Валидациядан ўтган бўлса, ўша миқдорий кўрсаткичлар тўғри ҳисобланади[ми?]

Гулчеҳра Болтабоева: Тўғри ҳисобланади.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Биз қилиб чиққан ҳисоб-китоб бўйича бир қошиқ «Док-1 Макс»да қанча этиленгликоль борлиги сиз ўтказган изланиш натижасидан келиб чиққанлиги учун ҳам бу саволни бердим.

Гулчеҳра Болтабоева: Берган натижаларимиз тўғри ҳисобланади.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Кейинги саволим, амалиётчисиз, ҳозир ҳам амалиётчи сифатида ишлаяпсиз-да. Бу нарса биз учун жуда муҳим, буни билинг. Ўша вақтда тергов, суд учун қизиқ бўлган даврда 2022 йил июнидан, 2022 йил октабр ойигача бўлган вақтда ёки «Док-1 Макс» пролонгация қилинган, яъни регистрацияси чўзилган пайтда амалдаги қонунчилик талаблари, НД, мавжуд регламентлар бўйича, этиленгликолни аниқлаш имконияти бўлганми?

Гулчеҳра Болтабоева: Йўқ. Аниқлаш имконияти бўлмаган, умуман бўлмаган. Буни тушунтириб бераман. Ҳар битта дори воситасининг сифат назоратига қўйиладиган талаблар бор, унинг сифатини белгиловчи кўрсаткичлар бўладида. Масалан, дори шаклларида, фармакопеяларда, Ўзбекистон Республикасининг давлат фармакопеясида, Европа фармакопеяси, Америка фармакопеяси, ҳамма жойда ёзилган. Бу ерда асосан уч турдаги синовлар келтирилади.

Биринчиси, таснифи, ташқи кўриниши, иккинчиси, чинлиги, учинчиси, тозалик синовлари. Чинлик — бу ҳақиқатдан ўша дори воситасининг ичида этикетикада ёзилган таъсир этувчи моддалар айнан этикетикада кўрсатилган миқдорда бор-йўқлигининг исботи бўлади. Тозалик синовлари деганда микробиологик тозалиги ёки қолдиқ органик этувчилар каби кўрсаткичлар киритилади.

Лекин сиз айтаётган пропиленгликоль мажбурий аниқланиши керак бўлган кўрсаткич эмас. Чунки бу дори воситасининг ичидаги ёрдамчи модда. У жуда ҳам безарар, жуда кўп соҳаларда ишлатиладиган ёрдамчи модда ҳисобланади. Бундан ташқари, пропиленгликоль сувдан кўра мураккаб таркибли дори воситалари бўлса, сувда эримайдиган нарсаларни эритиш учун жудаям бир яхши эритувчи ҳисобланади. Шунинг учун жуда кўп дори турларида пропиленгликоль ишлатилади. У ёрдамчи модда бўлгани учун уни аниқлаш талаб этилмайди.

Агар дори воситасида консервантлар бўлса, консервантларни аниқлаш керак деган талаб бўлиши мумкин. Консервант нима дегани? Дори воситаси учун икки йил яроқлилик муддати белгиланган бўлса, шу муддат ичида ўша дори ўзининг турғунлигини сақлаши керак. Бунинг учун дори воситаларида микроблар, замбуруғлар ўсиб кетмаслиги керак. Шунинг учун буларга алоҳида консервантлар қўшилади. Масалан, ҳозир ишда кўрилаётган «Док-1 Макс» сиропининг ичида айнан микробларни ўстирмайдиган восита — Натрий бензоат бор.

Шунинг учун у ёрдамчи бўлса ҳам бу талаб бўлгани учун ўша Ўзбекситонда ҳам ёки инсон учун қўлланиладиган дори воситаларига рўйхатдан ўтказишга бўлган бир қатор талаблар, сифат бўйича талаблар бор, ҳамма давлат қўллайди. У ерда ҳам консервантларни қўллаш айтилган. Бу шарт бажарилган. «Док-1 Макс»нинг норматив ҳужжатида Натрий бензоатнинг ҳам чинлигини аниқлаш, ҳақиқатдан борми, йўқми, кўрсатилган миқдорда борми, йўқми, миқдорий аниқланишлари кўрсатилган. Битта ўша ёрдамчи модда.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Демак, ўша вақтда мавжуд бўлган амалдаги қонунчилик бўйича дори воситасининг асосий воситалари текширилади, ёрдамчи воситалари текширилмайди. Фақат Натрий бензоатга нисбатан талаб бор.

Гулчеҳра Болтабоева: Бу консервант бўлгани учун.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Консервант бўлгани учун текширилган. Қолган 4−5 та ёрдамчи модда бўлган, улар текширилмаслиги керак эди.

Гулчеҳра Болтабоева: Тўғри.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Демак, ҳар қанақа ҳолатда, нафақат Ўзбекистонда, бошқа исталган давлатда бўлган тақдирда бўлганда ҳам, агар фармакопея қоидалари бўлса, коллабарация натижасида ҳамма давлатда унификация қилиб кетилган, демак, ҳар қандай давлатда ҳам таркибида этиленгликоль бўлган «Док-1 Макс» ўтиб кетиши, сотилиши мумкин, талаб бўлмагани учун буни аниқлашнинг қонун жиҳатдан имконияти бўлмаган.

Гулчеҳра Болтабоева: Талаб бўлмаган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳозирги кунда қанақа ўзгариш бўлди?

Гулчеҳра Болтабоева: Ҳозирги кунда мана бунақа воқеалар бошқа давлатларда ҳам кўп кузатилаётгани учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу бўйича изланиш олиб боришни бошлади. Улар [2023 йилнинг] июль ойида халқаро фармакопеяга киритиш учун ички қўлланиладиган суюқ моддаларнинг ичида этиленгликолни аниқлаш усулини ишлаб чиқди ва [2023 йилнинг] ёзида кенг муҳокамага қўйилди. Бу ЖССТнинг сайтларида ҳам муҳокамага қўйилди. [2023 йилнинг] октабр ойида монография бўлиб тасдиқланди. Бу фақат суюқ дори турларида аниқлаш дастури.

АҚШ ҳам бу борада изланишлар олиб борди. Кейин 2023 йил март ойида қўлланма чиқарди. Қўлланма тайёр маҳсулотга эмас эди. Қўлланма «Дори воситалари таркибидаги глицерин, пропиленгликоль, малтитол, суюқ сорбитол ва бошқа шунақа этиленгликоль ва диэтиленгликол хавфи бўлган шу моддаларда этиленгликоль, диэтиленгликолни аниқлаш» деб номланган эди.

Биз ўша усулни [2022 йилнинг] 23 декабрида валидация қилиб олганмиз. Фармакопея қўмитаси буни фармакопея мақоласи қилиб тасдиқлаш керак, дейишди. [20223 йилнинг] 10 августида мана шу валидация қилган услубимиз умумий фармакопея мақоласи сифатида тасдиқланди. Этиленгликоль, диэтиленгликолни аниқлаш усуллари. У ерда учта усул таклиф қилинди. Бу усуллар бўйича текширувлар амалга ошириляпти.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Кейинги саволим, биринчи инстанциядаги судидан хабарингиз бор, Ўзбекистонга 350 минг дона «Док-1 Макс» кириб келган, растаможка қилинган, омборларга жойлаштирилган, дорихоналарга тарқатилган. Шундан 200 минги сотилиб кетган, 150 минги чақириб олинганда. Сиз ҳам химиксиз, экспертизаларда қатнашгансиз. 150 минги чақириб олинган бўлса, 200 минги истеъмол қилиб кетилган, лекин 68 та ўлим ҳолати борда.

200 мингта дори сотиб олинган бўлса, нима деб ўйлайсиз, нега оммавий пандемия сифатида ёки эпидемия сифатида шунча одамнинг ҳаётига зомин бўлиш ҳолати кузатилмаган?

Гулчеҳра Болтабоева: Мен ҳам бу саволга ҳайрон бўляпман. Чунки жуда кўп миқдор тўғрисида гап кетяптида. 350 минг бу жуда катта миқдорда. Кейин мана шу дори охирги келган битта партияда эмас, кўп партияларда учраганда. Ўшанинг учун нимага бунақа бўлганига мен ҳам ҳайронманда. Ўзи битта ўлим ҳам ёмон, жудаям ачинарли ҳол. Лекин ҳозир 200 минг упаковка сотилганда, лекин 68 та одам жабрланган. Бу саволга мен ҳали ҳам жавоб тополмадим.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Агар 200 мингта сотилган бўлса, 68 та ўлим бўлган бўлса, «Док-1 Макс»дан мурожаат қилганлар 100 тача бўлган. Энди қаранг, нега айнан Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари нафақат Ўзбекистонда, майли, жаҳон демаймиз, Марказий Осиёнинг барча давлатида бир хилда сотилган. Масалан, [дорилар] Ўзбекистон учун алоҳида завод, Қозоғистон учун битта завод эмас, битта серияда чиқарилганда, истеъмол талаби бўйича қўшни давлатларга ҳам юборилган. Лекин қўшни давлатларнинг бирортасида «Док-1 Макс»дан заҳарланиш ҳолати қайд этилмаган. Завод битта, таркибида этиленгликоль бир хил, сериялар бир хил. Фармқўмита билан боғлиқ, семинар, тренинг, бошқа тадбирлар бўлганда, қўшни давлатлардаги ҳамкасбларингиз билан учрашганда уларда ҳам шунақа заҳарланиш ҳолатлари бўлган ёки йўқлиги тўғрисида эшитмадингизми?

Гулчеҳра Болтабоева: Йўқ, эшитмадим. Лекин яқинда, бир ой олдин Тошкентда АҚШ фармакопеяси билан семинар бўлди. У ерда Қирғизистон, Қозоғистондан ҳам мутасаддилар, шунинг ичида юрган Фармакопея қўмитасининг раислари, ҳамма қатнашди. Лекин уларда бунақа маълумотлар йўқ экан. Заҳарланганлар ҳақида маълумотлар йўқ экан.

Адвокат Темур Раҳматов: Мана сиз боя айтдингиз, 2022 йил 20 декабридан изланишларни бошладик дедингиз. Текширилган сериялар ичида 2021 йилнинг сериялари бормиди? Пропиленгликолнинг таркибида этиленгликоль ва диэтиленгликол бор деган [ҳолат бўйича].

Гулчеҳра Болтабоева: Биз жуда кўп серияларни текширдик. Агар менинг хотирам панд бермаётган бўлса, 2021 йилдаги айрим сериялардан ҳам чиққан. 2021 йил май ойидан кейин чиққан серияларнинг ичида этиленгликоль учрашни бошлаган. Кейинчалик этиленгликоль билан диэтиленгликол аралашиб, охирги серияларда фақат диэтиленгликол чиққанлари ҳам бор. Менимча, 2021 йилнинг майидан бошланган.

Адвокат Темур Раҳматов: Ўша сериялардан аниқланишни бошлади.

Гулчеҳра Болтабоева: Ҳа. Бизга таҳлилга олиб келинган сериялардан. Менимча, 20 га яқин серияларни текширдик. 2021 ва 2022 йилда чиққан сериялар бор эди. Унгача, май ойигача бўлган серияларнинг ҳаммасининг ичида фақат пропиленгликоль бор эди.

Адвокат Темур Раҳматов: Боя сизга миқдор анализи бўйича савол берилди. Ўша «Док-1 Макс» ва «Амбронол» бўйича. Менимча, «Амбронол» текширилмагана? Ёки уни ҳам текширдингларми?

Гулчеҳра Болтабоева: «Амбронол»ни ҳам текширдик.

Адвокат Темур Раҳматов: Ўша миқдор анализида пропиленгликолнинг аралашмасида этиленгликоль ёки диэтиленгликолнинг фоизи қанча берилган?

Гулчеҳра Болтабоева: Сиропнинг ¼ қисмида пропиленгликоль бор-да. 100 милллитр ичида 25 миллилитри пропиленгликоль бўлиши керак. Ўшанда пропиленгликолнинг ўрнига этиленгликоль чиқишни бошлаганда. Шуни сўрамоқчимидиз? Ёки тушунмай қолдимми?

Адвокат Темур Раҳматов: Ҳозир сизнинг гапингиздан келиб чиқиб, пропиленгликолнинг ўрнига этилен ёки диэтиленгликол қуйиляпти. Пропиленгликоль эмас, этиленгликоль қуйиляпти демоқчимисиз?

Гулчеҳра Болтабоева: Таҳлил натижаларида ичида пропиленгликоль камайишни бошлаган, унинг ўрнига этиленгликоль, кейинчалик этиленгликоль билан диэтиленгликол бирга аниқланган.

Адвокат Темур Раҳматов: Ўшанинг миқдори анализи қанақа? Пропиленгликолнинг ичида рухсат берилган 0,01 фоиз рухсат этилган этиленгликоль билан диэтиленгликолнинг миқдори қанча?

Гулчеҳра Болтабоева: Масалан, 10 миллилитрда 1700−2000 миллиграмм. Менимча, баённомаларимизда шунақа. Ҳозир аниқ миқдори эсимда йўқ. Бир хилларида 10 миллилитрда 800 миллиграм чиққанлари ҳам бор.

Адвокат Темур Раҳматов: Мана шу пропиленгликолнинг фармацевтикада ишлатиладиган ва саноатда ишлатиладигани бор эканда. Диэтиленгликол, этиленгликоль дейилмайди, таркибида аралашмаси бор. Мана шу иккаласида фарқлаш мумкинми, зичлиги бўйича, қайнаш нуқтаси бўйича шуни биласизми?

Гулчеҳра Болтабоева: Энди саноатда ишлатиладиган пропиленгликоль, у ҳам ҳар хил бўлиши мумкинда. Техник пропиленгликоль бўлиши мумкин. Техник деганим, тозалик даражаси жуда юқори бўлмаслиги мумкин. Лекин фармацевтикада ишлатиладиган пропиленгликоль, албатта, фармакопеяларнинг монографияларига жавоб бериши керак. Ҳамма фармакопеяда пропиленгликолга қўйиладиган талаблар бор. Унинг тозалигига қўйилган талаблар ҳам бор. Нормалардан паст бўлмаслиги керак.

Адвокат Темур Раҳматов: Қайнаш нуқтаси, зичлиги бўйича айтолмайсизми?

Гулчеҳра Болтабоева: Ҳозир маълумотлар эсимда йўқ.

Адвокат Темур Раҳматов: Нархи бўйича-чи? Масалан, фармацевтикада ишлатиладиган пропиленгликоль ва таркибидан этилен ва диэтиленгликол чиққан пропиленгликолнинг нархлари қандай?

Гулчеҳра Болтабоева: Мана шу воқеалар бўлгандан кейин ЖССТ вакилларининг интервьюлари чоп этилган. Унда «2021 йилда жаҳон бозорида пропиленгликолнинг танқислиги кузатилди, бунинг оқибатида пропиленгликолнинг бошқа арзон турларини ишлатиш бошланди», деб ёзиб қўйилган.

Адвокат Темур Раҳматов: Бошқа саволим йўқ, ҳурматли судья.

Судья: Марҳамат, қолганларда саволлар йўқми? Судланувчиларда? Марҳамат, Азимов?

Судланувчи Амирхон Азимов: Ассалому алайкум, Гулчеҳра опа. Гулчеҳра опа, мана шу этиленгликоль сақловчи «Док-1 Макс» 2021 йилнинг майидан кейин ишлаб чиқарилган серияларида бор эди деб айтдингиз. Буни сиз бирга синовларни амалга оширилаётганда ҳам, суд процессида маълумотларни тайёрлаётганда ҳам кўргансиз. Ўша 2021 йилда ишлаб чиқарилган партиялар Ўзбекистонга қачон кириб келган?

Гулчеҳра Болтабоева: Нурия маълумотларни судга тақдим этганда кўргандим, 2021 йил май ойида ишлаб чиқарилган бўлса, икки ой, уч ой давомида кирганда, сертификатлаштирилганда, муомалага чиқаришга ёзда рухсат берилган.

Судланувчи Амирхон Азимов: Икки ой бўладиган бўлса, этиленгликоль сақловчи «Док-1 Макс» июль, август ойларида кириб келишни бошлаган. Аниқ айтолмайман, лекин кузатганимда тахминан шунақа эдида. Чиқарилган санаси билан серия рақами улар мувофиқлик сертификати олганку, ундан 10 кундан кейин «Қурамах» МЧЖ муомалага чиқариш бўйича рухсатнома расмийлаштирган.

2021 йил июль, август, сентябр, октабр, ноябрь, декабрь ойларида «Қурарах» дори воситаси инспекцион текширувга тушганми? Ёки ўша пайтда инспекцион текширувдан олиб ташланмаганми?

Гулчеҳра Болтабоева: «Qurarax» дори воситаси 2022 йил 25 майида [инспекцион текширувга] тушган. Мен кейин хабар топдим. Олдин хабар топмаганимнинг сабаби мен, жумладан, сиз ҳам, иккимиз бирга эдик, Наманган вилоятига инвестицион лойиҳаларини ўрганиб келиш учун кетган эдик. Бўлмаганмиз. Мен терговга борганимда билдим ва қатнашмаганимни айтгандим.

Судланувчи Амирхон Азимов: Буни Оммавий ахборот воситалари ҳам инобатга олишини сўрайман. «Қурарах» дори воситаси инспекцион текширувдан олиб ташланмасдан туриб, инспекцион текширувга тушмасдан туриб, 2021 йил июль август ойида таркибида этилен, диэтиленгликол сақловчи «Док-1 Макс» кириб келган. Бу [дори] бир йил олдин бозорда бўлган. Буни текшириб келишга ҳеч қандай [имкон] бўлмаган, буни гувоҳнинг ўзи ҳам тасдиқлаяпти.

Энди иккинчи савол, ўша пайт лаборатория синовларини текшираётганда, балки биларсиз, балки эшитгандирсиз, эшитган бўлсангиз ҳам айтишингиз мумкин, сизга текширув учун олиб келинган 2021 йилдаги «Док-1 Макс» қаердан олиб келинган, Гулчеҳра опа? Буни ўзи мен олиб келганман, болалар олиб келган.

Гулчеҳра Болтабоева: Сардор Ҳикматович сизга [дориларни] зудлик билан дорихоналардан йиғиш, чораларини кўриш ҳақида топшириқ берганлар. Сиз раислик қилгансиз, сертифкация органи ва бизнинг ташкилотнинг барча ходимлари иштирок этган. Олиб келиб, лабораторияга тақдим этгансизлар. Истеъмолдан, муомаладан олинган дориларни таҳлилга бергансизлар, айрим намуналар болаларга ичирилган дорилар бўлиб, Самарқанддан олиб келинган.

Судланувчи Амирхон Азимов: Сиз кенгашга 25 йилдан ортиқ муддатда аъзосиз. Бу ҳолат бўйича маълумотингиз бўлиши керак деб ўйлайман. Савол шундан иборатки, 2023 йил 31 январь, шу мен раҳбарлик қилгунгача бўлган вақтда экспертлар кенгашида маълум бир ишлаб чиқарувчи қайсидир дори воситаси инспекцион текширувга тушган бўлса, рўйхатдан ўтиб бўлган қолган дори воситаларининг инспекцион текширувга ўтказилмаяпти деб гувоҳномасини бекор қилиш ҳолати бўлганми, йўқ?

Гулчеҳра Болтабоева: Йўқ.

Судланувчи Амирхон Азимов: Бўлмаган-а? Ҳеч қайси гувоҳнома бекор қилинмаган?

Гулчеҳра Болтабоева: Йўқ.

Судланувчи Амирхон Азимов: Бошқа саволим йўқ, раҳмат.

Судланувчи Нодирбек Мусаев: Ассалому алайкум, Гулчеҳра опа. Саволим шундан иборатки, кўп йиллик тажрибага эгасиз, Фармакопея қўмитасида ҳам ишлагансиз. «Док-1 Макс»нинг норматив ҳужжатини кўргансиз, тўғрими? Сизнингча, норматив ҳужжати тўғри тасдиқланганми?

Гулчеҳра Болтабоева: Ҳа. Қанақа кўрсаткичлар бўлишини мен юқорида айтиб ўтдим. Шу нуқтаи назардан норматив ҳужжатда келтирилган қисмлар мана шу дори воситасини баҳолаш учун ҳамма нарсани қамраб олади ва талаблар доирасида қилинган. Шунинг учун нотўғри деб айтолмайман. Пропиленгликолни аниқлаш усули у ерда мажбурий эмас.

Судланувчи Нодирбек Мусаев: Тўғри баҳоланиб, тасдиқланган деб айта оласиз, тўғрими?

Гулчеҳра Болтабоева: Айта оламан.

Судланувчи Нодирбек Мусаев: Ҳурматли судья, шуни инобатга олишингизни сўрайман, чунки ҳукмда шу нарса берилган.

Судья: Тушунарли. Марҳамат, жабрланувчилар, саволлар борми?

Жабрланувчи Турдигул Нигматуллаева: Мана ҳозир эшитяпмизки, талаб бўлгандан кейин дорининг таркибдаги диэтиленгликол ва этиленгикол аниқланганда. Масалан, Ўзбекситонга дори кириб келяпти. Ўша дорининг таркибини тўлиқ, нима бор, нима йўқ, нима мумкин эмаслигини текшириб бўлгандан кейин сотишга берилмайдими? Кимдир ўлиб ёки кимдир азият чеккандан кейин текширилди ва ундан кейин аниқланди деяпти. Агар, дейлик, болалар заҳарланмаганда, ўлмаганда барибир ўша этиленгликоль катаверардида, тўхтамасди. Саволим — бошидан текшириш ўтказилмайдими? Ҳамма таркиби керакли-кераксиз нарсалари аниқлаб бўлгандан кейин сотишга рухсат берилмайдими?

Гулчеҳра Болтабоева: Дори воситасининг сифатига қўйилган талаблар бўлади. Бу борада умумий тамойиллар борда. Мана шу дори воситаси бутун ҳаёти давомида ишлаб чиқарилиб, истеъмолчи олиб, у йўқ бўлгунга қадар у ерда турли хил жараёнлар бўлади, турли хил субъектлар қатнашади. Бу ерда дори воситасини яратишдан бошлаб, то унинг ишлатиб бўлингунигача бўлган ҳамма иштирокчиларнинг ўз масъулияти, уларнинг ўзига қўйилган вазифалар борда. Масалан, ишлаб чиқарувчининг вазифаси, етказиб берувчининг вазифаси, мувофиқлаштирувчи органнинг вазифаси.

Ўша дори воситаларининг таҳлили, сифатига келадиган бўлсак, мен юқорида айтиб ўтдим, белгиланган тамойиллар бор, қанақа текшириш керак, нималарга аҳамият бериш керак, нимани қилиш керак? Лекин ҳозир [жабрланувчимиз] айтмоқчиларки, нимага бу ерда шакарнинг, сувнинг, пропиленгликолнинг миқдорини текшириб муомалага чиқарилмаган деб айтмоқчилар. Энди айтган тамойилларимиз бор. Ўша тамойиллар бўйича баражариладиган ишларнинг ҳаммаси бажарилган.

Лекин ичига қўшиладиган маҳсулотларнинг ҳар бирини ишлаб чиқарувчининг ўзи текшириб, маълум бир рухсатномалар бўлгандан кейингина уни технологиясида қўллайди. Айтмоқчиманки, тайёр дори воситасини текширишда меъзонлардан четга чиқилмайди. Белгиланган меъзонлар бўйича қилинган ва бу меъзонлар бутун дунёда ахборот бериш даражасига қараб белгиланган. Унгача бўлган текширувлар жараённинг бошқа иштирокчилари томонидан қилиниши керак бўлган вазифалар,

Жабрланувчи: Демоқчисизки, дорининг асосий таркибига ишлаб чиқарувчи жавобгарда. Ҳозир ишлаб чиқарувчининг етказиб берувчиси тан олмаяпти, сизлар текширувчи сифатида тан олмаяпсизлар? Шунда ким айбдор бўлади? Масалан, кимни айбдор деб ҳисоблайсиз? Шунча бола устида гап кетяпти, доридан эмас деган фикрлар ҳам бўляптида. Ваҳоланки, дорининг таркибида заҳарли модда аниқланган. У қанча миқдордалиги, қанча кам-кўплигига боғлиқ эмас, асосийси, ўша заҳарли модда бўлган вақтида текширилмаганининг ҳисобига шундай бўлган. Сиз бу ҳақда нима дея оласиз?

Гулчеҳра Болтабоева: Энди қайси дори воситасининг ичига қўшилса ҳам биринчи навбатда ишлаб чиқарувчида хомашёлар бўйича талаблар бор, GMP талаблари дейди, яхши ишлаб чиқариш амалиёти [бор] Ўша ерда ёзиб қўйилган, маҳсулотларни тасдиқланган етказиб берувчилардан олиш керак. Пропиленгликолнинг дунё бозорида нархи ошиб кетди дегани, уни тасдиқланмаган ишлаб чиқарувчидан, янги етказиб берувчидан олиш керак дегани эмас.

Ишлаб чиқарувчи уни текширган, аудит қилган, кўрган, сифатига баҳо берган, тасдиқланган етказиб берувчидан олиши керак. Бундан ташқари ишлаб чиқарувчи дори воситасини олишда ишлатиладиган барча хомашёларнинг ҳаммасини текширмасдан, рухсатнома олмасдан ишлаб чиқаришга ҳаққи йўқ.

Ишлаб чиқаришдаги хомашёлар ҳавода юрган заррачалар бўладими, тозалик бўладими, ишлатиладиган сув бўлади, ҳавоми, асбоб-ускуналарми, ҳамма нарса текширилади. Текширилмаган нарсани умуман ишлатиш керак эмас ва дуч келган етказиб берувчидан олиш керак эмас. Ўзбекистонда ҳам шу тартиб, Ҳиндистон-у, Америкада ҳам шу тартиб.

Жабрланувчи: Агар шу тартиб бўладиган бўлса, нимага этиленгликоль чиқяпти, болалар заҳарланиши кузатилгандан кейин, тепадан топшириқ берилгандан кейин текшириляптида. Демакки, бу аниқ яхши текширилмаган деб ҳисоблайманда. Сизнинг гапингиздан келиб чиққан ҳолда шунақа тахмин қилса бўлади, тўғрими?

Гулчеҳра Болтабоева: Гапингизга қўшилолмайман. Чунки текшириш керак бўлган меъзонлар бўйича текширилган.

Гувоҳ Маматқул Азизов кўрсатмаси

Судья: Самарқанд уланганми? Маматқул ака Азизов. Марҳамат, ўзингизни таништиринг.

Маматқул Азизов: 1952 йил 2 июль Самарқанд вилояти, Самарқанд туманида туғилганман. Миллатим ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман. Маълумотим олий. Самарқанд вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида бош врач бўлиб ишлайман. Оилали, уч фарзандим бор.

Гувоҳ қасам имзога қўл қўяди

Судья: Биринчи инстанция судида берган кўрсатмаларингизни тасдиқлайсизми?

Маматқул Азизов: Тасдиқлайман.

Судья: Ҳимоячиларнинг қўшимча саволлар бор экан, шунинг учун яна сизни чақиртирдик. Марҳамат, ҳимоячилар.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Маматқул ака, мутахассислигингиз нима?

Маматқул Азизов: Болалар жарроҳи ҳамда соғлиқни сақлаш ташкилотчиси.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Неча йилдан бери раҳбар сифатида ишлайсиз?

Маматқул Азизов: 30 йилдан бери.

Адвокат Даврон Аҳмадов: 30 йилдан бери ўша ерда бош врачмисиз?

Маматқул Азизов: Ҳа.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Биринчи саволим, сизнинг муассасангизга қачондан бошлаб болалар мурожаат қила бошлади?

Маматқул Азизов: 2022 йилнинг куз пайтлари ўткир буйрак етишмовчилиги билан касаллар кўпая бошлади. Бошқа вилоятдан ҳам, жумладан, Қашқадарё, Сурхонадарё, Навоий, Жиззах вилоятларидан ҳам касаллар кела бошлади. Бу дастлаб бизни безовта қилди. Чунки авваллари бунча кўп миқдорда буйрак етишмовчилиги билан касаллар бўлмасди.

Кейин биздан юқори турувчи ташкилот бор, миллий марказга (Республика болалар миллий тиббиёт маркази назарда тутилаётган бўлиши мумкин — таҳр.) мурожаат қилдик, улар «Бизда ҳам шунақа касаллар кўпайган», деди. Кейин биз қани нима бўляпти, нимага кичкина болаларда ўткир буйрак етишмовчилиги кузатиляпти, бунинг сабаби нима экан деган саволга жавоб топиш мақсадида ходимларимизни миллий марказга юбордик.

Реанимация, нефрология, гемодиализга ишлайдиган дўхтирларимиз бориб келгандан кейин «Уларда бунақа касаллар жуда кўп. Улар ҳозирча бу ковид, коронавирус инфекциясининг оқибати бўлса керак деб даволаяпти», дейишди. Кейин биз касаллардан ковидга анализлар ола бошладик. Таҳлилларда бу тахмин ўз тасдиғини топмади.

Биз яна безовта бўлдик. Декабрнинг бошларида, касаллар жуда кўпайгандан кейин ретроспектив таҳлил ўтказдик. Бизнинг шифохонада ўлган болаларнинг яқинларига телефон қилиб, улар қайси дориларни истеъмол қилгандан кейин бу ҳолат ҳолат бўлганини сўрадик. Барчаси турли хил дориларни айтардию, фақатгина битта дори «Док-1 Макс»ни ҳаммаси истеъмол қилган бўлиб чиқди.

Ўзимизда ётган 2−3 касалларнинг ота-онасига «Шу дорими?», деб кўрсатсак, «Ҳа шу дорини берганимиздан бир кун, уч кун ўтиб, кейин сийдик тўхтади», дейишди. Сийдик тўхтагандан кейин жойлардаги болнитсаларга боришган. У ерларда сийдикни чиқариш учун ҳаракатлар бўлган. Бир кун бўлган, икки, уч кун бўлган. Сийдик бўлмагандан кейин бизнинг марказимизда бошқа қўшни вилоятларда йўқ, фақатгина [Тошкентдаги] Болалар миллий тиббиёт марказида болалар гемодиализ маркази бор. Шу ерда биз уларни гемодиализ қила бошладик.

Лекин касаллик ковидга ўхшамади, ковиднинг асоратларига ўхшамади. Ўша дорининг ҳаммасининг номини айтгандан кейин [2022 йил] декабрь ойининг 15-санасида ҳамма ўлган касалларнинг муолажасини бир-бирига солиштириб, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига «Бизда шунақа ҳолат, шу дори билан боғлиқ бўлиши мумкин, шу дорини тўхтатишга ҳаракат бўлиши керак», деган мазмунда хат чиқардик.

Ёзганимиздан бир ҳафта ўтиб, вазирликдан комиссия келди, дорини текширди, дорининг таркибида заҳарли модда борлиги аниқланди, 2022 йил 27 декабрда вазирнинг буйруғи асосида бу дори барча дорихоналардан териб олинди. Териб олингандан кейин то шу бугунгача ўткир буйрак етишмовчилиги бирорта болада кузатилгани йўқ. У нафақат бизда, балки республиканинг қаерида болалар гемодиализи бўлими бўлса, ўша жойларда касаллик учрамаяпти.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Кейинги саволим, ўша даврда нечта бола мурожаат қилган?

Маматқул Азизов: 24 та бола мурожаат қилган

Адвокат Даврон Аҳмадов: Атиги 24 та бола[ми?]

Маматқул Азизов: Ҳа, ўша 2022 йилнинг куз пайтида 24 та бола ўткир буйрак етишмовчилиги билан мурожаат қилган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Нечтаси ўлди?

Маматқул Азизов: 18 та. Кейин яна битта билан 19 та. 4 та кейинги тушганлари билан 4 та тирик қолгани бор.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сиз уларга қанақа муолажа қилдингиз? Нима билан даволадингиз?

Маматқул Азизов: Мутахассисларимиз бор. Улар ҳар томонлама ўрганган ва ҳаммасида гемодиализ процедураси ўтказилган. Икки мартадан бўлса, бир неча мартгача гемодиализ ўтказилган. Гемодиализ — бу қонни шлаклардан тозалаш учун ўтказилган даво чораси. Мутахассисларимиз миллий марказ ходимлари билан телемедицина қилиб, телефон орқали муолажа қилиб даво чоралари олиб боришди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Кейинги саволим, сиз ковидга тест қилдик, деб айтдингиз. Улар неча ёшли болалар эди?

Маматқул Азизов: Ҳар хил ёшларда эди. Биз 12−13 та болани текширган бўлсак, бирортасида ковид чиқмади.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ёшини сўраяпман сиздан.

Маматқул Азизов: Ёши ҳар хил, бир ёш, икки ёш. Энди кўпроқ бу касаллик майда болаларда учрадику.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Бир ёшли болада ковид тести ўтказиладими?

Маматқул Азизов: Ковид тести ҳамма ёшда ўтказилиши мумкин. Турли усуллари бор. Суртмалар олиб текширади.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Хўп, ковидга текширганингиз ҳақидаги маълумотлар жиноят иши материалларида нега йўқ?

Маматқул Азизов: Ўша болаларнинг касаллик тарихида текширилгани ҳақида маълумотлар бор.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Энди қаранг, сиз ковид билан оғримаган деяпсиз, суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, бу болалар ковиддан оғриганлиги айтилган. Бунга нима дейсиз?

Маматқул Азизов: Суд тиббиёти бизда иккита ҳолатда ўтказилган. У ерда ковид бор-йўқлиги тўғрисида бизга маълумот берилган. Биз ўзимизда текширганмиз. 12 тами 13 та болаларда ковид чиқмаганлиги аниқланган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Кейинги саволим, болаларнинг касаллик анализини кўрсангиз, «Док-1 Макс» билан бирга бошқа дори воситаларини ҳам ичган. Нега бошқа дориларни текшириб кўрмагансиз?

Маматқул Азизов: Қаранг, бошқа дори воситаларининг ҳаммасини бир хилда ичишмаган. Биттаси «Док-1 Макс» билан паратсетомол ичган, иккинчиси, «Док-1 Макс» билан антибиотик ичган. Учинчиси, «Док-1 Макс» билан бирга яна бошқа сироп ичган. Ҳамма болалар бир хил дори воситаси, «Док-1 Макс»ни истеъмол қилгани аниқлангандан кейин биз шу сиропдан деган хулосага келдик.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Паратсетомол бошқа дори воситаларининг ҳам таркибида борку, антибиотикдан заҳарланиш бор. Ўзингиз жуда яхши биласиз бу нарсани, Ўзбекистонда жуда кўп ҳолатларда антибиотикдан заҳарланишади.

Маматқул Азизов: Буни биз текширганимиз йўқ, буни вазирликдан келган махсус комиссия ўрганиб, мана шундай хулосага келган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сиз ва сизнинг қўл остингиздаги врачлар илгари беморларга «Док-1 Макс» тавсия қилганми?

Маматқул Азизов: Йўқ, бирорта беморга тавсия қилганимиз, бу доридан сотиб олганимиз ҳам йўқ. Бу дори аптекачилардан, жойлардаги дўхтирлар томонидан берилган. Кимдан қачон берилганлиги тўғрисида маълумот бизда йўқ.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Кейинги саволим, қаранг, биз ўткир буйрак етишмовчилигидан даволадик, гемодиализ қилдик дедингиз. Агар билган бўлсангиз, бу дори воситасидан ёки бошқа нарсадан заҳарланиш эканлигини, нега [болаларнинг] қонидан, сийдигидан анализ олиб аниқлашга ҳаракат қилмадингиз?

Маматқул Азизов: [Биз бошида доридан деб ўйламадик]. Айтяпманку Миллий марказга бордик, адабиётлардан қидирдик, қаердан бўляпти бу касаллик деган маънода. Кейинчалик ҳаммаси мана шу доридан истеъмол қилган деган гапга иқрор бўлганимиздан кейин шу хатни чиқарганмиз.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Йўқ, ўткир буйрак етишмовчилиги кечяпти, сиз унинг ўткир буйрак етишмовчилиги эканлигини билдингиз. Ўзгариш бор-йўқлигини билиш учун сийдиги, қон таркибини олиб кўрдингизми?

Маматқул Азизов: Албатта, сийдиги бўлган, қондаги барча компонентлар ўрганилган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ўша ерда этиленгликолга алоқадор аксалат тузлар [чиққанми?].

Маматқул Азизов: Йўқ, у ерда этиленгликолга алоқадор ишларни аниқлаш қийин

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сийдигидан, қонидан аксалат тузлари аниқландими?

Маматқул Азизов: Баъзиларида аксалат тузлари ҳам бор, болаларда аксалат тузлари ҳам бўлади. Бизга келган болаларнинг барчаси сийдиги йўқ бўлиб келган. Сийдиги умуман бўлмаган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Организмда аксалат тузлари ниманинг метобализми натижасида пайдо бўлади, биласизми?

Маматқул Азизов: Уни сизга мендан кўра нефролог мутахассислар кўпроқ айтиши мумкин.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Аксалат тузаларини аниқладингизми?

Маматқул Азизов: Болаларнинг юз фоизи сийдик чиқмасдан келган. Сийдиги бўлмаган. Анализга оладиган материал ҳам бўлмаган. Қачонки, кейинчалик баъзиларидан 1−3 мл сийдик чиққан бўлса, сийдиклар текширилган. Текшириш натижалари касаллик тарихида бор.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Касаллик тарихида аксалат тузлари ҳақида гап йўқда.

Маматқул Азизов: Энди анализда бўлган бўлса, аксалат тузлари топилган бўлса, бордир.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Қисқаси, сиз билмайсиз, шундайми?

Маматқул Азизов: Мен билмайман деёлмайман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Бўлди, тушунарли, билмасангиз, билмайман денг. Кейинги савол болалар ўлими ҳолати қайд этилгандан кейин улар ёриб кўрилдими?

Маматқул Азизов: Иккита ҳолатда аутопция ўтказилди. Қолган ҳолатларда уч томонлама кўрсатма хат, вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан имзоланган ва барча даволаш профилактика муассасаларига тарқатилган ҳужжат бор. Ўша ҳужжат асосида бола нобуд бўлгандан кейин Ички ишлар ходими чақиртирилади, ички ишлар ходими ўрганади, ота-онасининг розилигини олгандан кейин аутопцияга берилади. Ҳамма ҳолатларда Ички ишлар ходими чақиртирилган ва ички ишлар ходимининг далолатномаси билан жавоб берилган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Қанақа Ички ишлар? Сиз мансаб йўриқномангизни биласизми? 30 йилдан бери раҳбар экансиз, мансаб йўриқноманингизни биласизми?

Маматқул Азизов: Ҳа, албатта, биламан.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Хўп, Вазирлар Маҳкамасининг қарори, Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи бор. Давлат муассасаларида болалар ўлганда раҳбар қанақа ҳаракат қилиши керак? Сизга Прокуратура раҳбар эмас, сизга раҳбарлик топшириғини берадиган ташкилот — Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Вазирнинг буйруғи турибди, Вазирлар Маҳкамасининг қарори турибди, сиз мажбурий равишда аутопция қилишингиз, ёриб кўришингиз керак. Сизга прокуратура, Ички ишлар раҳбар эмаску.

Маматқул Азизов: Ўша буйруқларнинг барчасида аутопция ўтказиш учун ота-онасининг рухсати бўлиши керак деб ёзилган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ўша буйруқда ёзилмаган. Вазирлар Маҳкамасининг қарорида ҳам, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғида ҳам ёзилмаган. Нима деяпсиз сиз?

Маматқул Азизов: Ўша нарса ёзилган. Бундан ташқари Самарқанд вилоятида уч томонлама кўрсатма хат бор.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сиз буйруқни кўрсатинг, қайси буйруқда ёзилган экан, ота-онасининг рухсатини олади деб. Ҳеч қаерда йўқ. Судга ёлғон гувоҳлик берманг судга.

Маматқул Азизов: Кўрсатма хат вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан [7] йил олдин чиқарилган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Нима деб ўйлайсиз, балки сиз вақтида текширмаганингиз учун шу жиноят ишининг муҳим бўлган ҳолати аниқланмай қолгандир?

Маматқул Азизов: Биз иккита ҳолатни текширган бўлсак, у ерда этиленгликолдан бўлди деган хулоса қилиш қийин. У ерда буйрак зарарланган. Лекин у организмда аутопция пайтида этиленгликоль топиш имкони йўқ.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Нега?

Маматқул Азизов: Гемодиализ қилгандан кейин заҳарли модда гемодиализ натижасида организмдан ювилиб кетади, организмда унинг изи ҳам қолмайди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Шу учун топилмаган, тўғрими?

Маматқул Азизов: Ҳа. Гемодиализ бутун тортишиш муддатларини организмда олиб чиқади. Гемодиализдан кейин организмдан заҳарли моддани топишнинг иложи бўлмайди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Кейинги саволим, болалар мурожаат қилган пайтда болаларда қандай аломатлар, патология бўлганини ўрганиб кўрганмисиз?

Маматқул Азизов: Ҳурматли адвокат, буйрак етишмовчилиги ҳақида гап кетяптими?

Адвокат Даврон Аҳмадов: Йўқ, қусганми, кўнгли айниганми, шунақа нарсалар бўлганми?

Маматқул Азизов: Ҳушидан кетган ҳолатлар ҳам бор, нафаси тезлашган ҳолатлар ҳам бор, жигарида ўзгариш бўлган ҳолатлар ҳам бор. Лекин асосий белги — ўткир буйрак етишмовчилиги.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Кейинги саволим, қаранг, сиз 2022 йилда қабул қилинган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг протоколини биласизми, ўткир буйрак етишмовчилиги бўйича ковид кечганлигини. Ўшанда ковид ўткир буйрак етишмовчилиги билан кечаркан.

Маматқул Азизов: Хабаримиз бор, ковидда ўткир буйрак етишмовчилиги жуда кам ҳолатларда учрайди. Ковид бўйича бизнинг шифохонамиз ҳам ишлаган. Ўшанда [кетма-кет] ўткир буйрак етишмовчилигини кузатганимиз ҳам йўқ.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ўша протоколни кўрганмисиз?

Маматқул Азизов: Ҳа, ковидни даволаш бўйича чиққан ҳамма протоколлардан хабарим бор.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Бошқа саволим йўқ.

Жабрланувчи: Қўшимчам бор эди.

Судья: Марҳамат, нимани айтмоқчисиз?

Жабрланувчи: Мана доктор айтяптику куз ойларида бошланган, касаллар сони кўпайган, деяпти. Ҳозир ўтириб эсимга келяпти, қизим 15 декабрь куни Нукус шаҳар тез ёрдам шифохонасига тушган бўлса, 16-санада даволатгани Тошкент шаҳрига учганман. Ўша пайтда реаниматолог врач айтган гапи эсимга тушдида.

Шифокорнинг «Август ойи охири, сентябр ойи бошларида шунақа касалланиш бошланган. Болаларда кўп кузатиляпти, омон қолмаяпти, кетиб қоляпти, агар вазиятинг бўлса, олиб кета олсанг, Тошкентга даволатишга бемалол олиб кетишинг мумкин», деган гапи ҳозир мана бу докторнинг гапи билан тўғри келяпти демоқчиманда. Кузда бошланган, сентябрда бошланиб, кўпайиб, кўпайиб ноябрда сал камайганди декабрда яна кўпайяпти деган. Демоқчиманки, ҳамма жойда бир хил пайтда бир хил симптомлар билан тушган, тўғри гапиряптида врач. Биздаги врачлар ҳам ўша гапни айтган эди.

Судья: Бошқа саволлар йўқми?

Залдан: Йўқ

Судья: Маматқул ака, соғ бўлинг.

Мезенцева Елена бўйича хат беришганди, 25 майдан — 7 июнгача малака оширишда экан, кейинги процессда юборамиз дейишди. Кейинги суд мажлиси жума куни, 14 июнда бўлади. Унгача Мезенства ҳам келади, кейинги илтимосномаларини ҳам кўрамиз. Унгача Кариевнинг турмусн ўртоқлари, агар зарарни тўлайман десанглар, келинглар, депозитни олинглар, мен бўлишим ҳам шарт эмас, мана мана шу ерда депозит шотлари бор. Чунки охирига келганда йўқ, бунча тўламоқчи эдик, бунақа деса, яна вақт чўзилиб кетади. Ҳозир жабрланувчиларни эшитяпсизлар. Тушунарли бўлдими? Агар имкони бўлса, кейинги суд мажлисига [Кариевнинг] оналари ҳам келсинлар. Чунки улар ариза улар ёзганларда. Айнан шу ҳолат бўйича бир нечта ариза бердилар. Уларнинг фикрларини ҳам эшитамиз.

«Газета.uz» тез орада 14 июндаги суд мажлиси стенограммасини ҳам эълон қилади.