Шавкат Мирзиёев мактаб таълими сифати ва педагоглар малакасини ошириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, аттестацияда технологияларга асосланган янги тартиб жорий этилган. Унда 190 мингдан зиёд ўқитувчилар қатнашиб, шундан 51 минг нафарининг тоифаси оширилган. Мактабларда билимли ва изланувчан педагоглар кўпайишини доимий рағбатлантириш зарурлиги таъкидланди.

2025 йил сентябрдан олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчиларнинг ойлик маошини ошириш таклифи билдирилди. Аттестациядан ўтолмаган, тажрибаси етарли бўлмаган ўқитувчилар учун алоҳида дастур ишлаб чиқиб, малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

«Бу борада малака ошириш марказлари ҳамда педагогика коллежлари имкониятларидан тўла фойдаланиш зарур. Шу мақсадда, Президент мактаби тажрибаси асосида, Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида боғча ва мактабларнинг раҳбар ҳамда педагогларини ҳар 5 йилда малакасини ошириш тизими йўлга қўйилиши белгиланди», — дейилади хабарда.

Ҳудудлардаги 11 та педагогика коллежини Малака ошириш марказлари тасарруфига ўтказиб, хориждан тренерларни жалб этиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, кам қувватда ишлаётган педагогика коллежлари негизида боғча ва мактаблар, техникумлар, «Баркамол авлод» мактаби ташкил қилиниши айтилди.

Илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ўтган йили 500 та мактабда Президент мактаби баҳолаш тизими жорий этилган эди. Бунинг самарасида улардаги ўқувчиларнинг ўзлаштириши 53 фоиздан 59 фоизга ошган. Юқори натижага эришган мактаблар раҳбарияти ва ўқитувчиларига 40 фоизгача устама белгиланган.

Шу боис ушбу баҳолаш тизими янги ўқув йилидан яна 1 мингта мактабда қўллана бошлайди. Уларга 182 та ихтисослашган ҳамда 500 та тажрибадан ўтган мактаб бириктирилади. Шунингдек, 270 та мактаб интерактив доска, 365 таси компьютер синфлари билан жиҳозланади.

ойлик, ўқитувчилар

Тақдимотда Қори-Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти негизида Тарбия педагогикаси миллий институтини ташкил этиш таклифи ҳам муҳокама қилинди. Янгиланган институтга «маҳалла — ота-она — мактаб» ҳамкорлигини кучайтириш, ота-оналар ва болалар учун тарбияга оид адабиётлар яратиш, жадидларнинг тарбиявий қарашларини илмий тадқиқ этиш каби вазифалар қўйилади. 5 та ихтисослик бўйича Илмий кенгаш фаолияти ҳамда магистратура ва докторантура бўйича кадрлар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилади.

Шунингдек, Баҳодир Жалолов ва Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабларида халқаро услубларни жорий этиш, ўқув ва машғулотлар сифатини ошириш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Давлат раҳбари педагоглар тайёрлаш сифатини ошириш, адолатли баҳолаш ва рағбат тизимини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.