Электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажарувчи «Ўзэнергосотиш» ташкилотига Жаҳонгир Обиджонович Обиджонов бошқарув раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Жаҳонгир Обиджонов 1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1998 йил Тошкент Давлат иқтисодиёт университети ҳамда 2006 йил президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тугатган.

У 2004−2007 йилларда Марказий банкда турли лавозимларда, 2007−2017 йиллар «Ўзбекистон саноат-қурилиш банки» ОАТБ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, 2017−2019 йиллар «Ўзбекэнерго» АЖ бошқарув раиси ўринбосари, кейинчалик бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи, 2020−2022 йиллар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

У 2024 йилда Англиянинг Anglia Rusking University университетида «Бизнес бошқаруви магистри» (MBA) магистратура босқичини муваффақиятли тамомлади.

Шунингдек, Шоҳруҳ Эсаналиевич Карабаев «Ўзэнергосотиш» раҳбарининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи бўлди. У бунга қадар Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш бўйича лойиҳа офиси директори ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

жаҳонгир обиджонов, ўзэнергосотиш, шоҳруҳ карабаев

«Ўзэнергосотиш» ташкилоти 2023 йил президенти фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, унинг вазифаси электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажаришдан иборат. У ўз ишини 1 июлдан бошлайди. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» эса электр энергиясини етказиб бериш ва транзит қилишга жавобгар бўлади.

Шу билан бирга, президентнинг бозор ислоҳотларини жадаллаштириш ва миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти келишувларига мувофиқлаштириш тўғрисидаги фармонига кўра, 2026 йил 1 июлдан «Ўзэнергосотиш» акциядорлик жамияти электр энергиясини марказлашган экспорт ва импорт қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. 2025 йил 1 январдан электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдоси соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби жорий этилади.