Тармоқларда хусусий боғча тарбияланувчиларининг 10 нафарга яқини ЙТҲга учрагани айтилган видео тарқалди. Қорақалпоғистон ИИВ ва Беруний тумани ҳокимлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 19 июнь куни соат 09:55 да туманнинг Шаббоз ОФЙда яшовчи С.Г. (1991 йил туғилган) ўз бошқарувидаги Nexia 3 машинасида кетаётганда Қурувчилар кўчасида йўл-транспорт ҳодисасига учраган.

Воқеа туфайли 2 нафар вояга етмаган бола жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат этган ва тиббий ёрдам кўрсатилган, дейилади хабарда.

Республика ИИВга кўра, йўл четида турган Gentra автомашинаси Nexia олдига чиқиб юбориши оқибатида мазкур ҳодиса содир бўлган.

Жароҳат олганлардан бири 6 ёшда, иккинчиси 3 ёшда. Уларнинг соғлиғи жойида, деб қўшимча қилган вазирлик ҳодиса юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари бошланганини билдирди.

Қорақалпоғистон прокуратурасининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят иши доирасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасдан, Nexia автомашинасида белгиланганидан ортиқ йўловчи ташиган С.Г.нинг ҳамда Gentra ҳайдовчиси У.Қ.нинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилиши таъминланади, дейилади хабарда.