UzAuto Motors 21 июнь куни соат 10:00 дан бошлаб Chevrolet Cobalt автомобилининг 2024 йилги ишлаб чиқариш ҳажми учун онлайн контрактацияни очади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, контрактация 25 минг дона Cobalt учун очилиши режалаштирилган. Автомобилларни харид қилишда шартнома тузиш фақат savdo.uzavtosanoat.uz сайти орқали амалга оширилади. Шунингдек, Telegram бот ҳамда UzAvtosavdo иловаси навбатни кузатиш хизматини ҳамда мавжуд автомобиллар ҳақида маълумотни тақдим этади.

Компания автомобиль хариди учун тузилган шартномалар бўйича тўлов 7 календарь кун ичида амалга оширилиши лозимлигини эслатиб ўтди. Тўлов вақтида бўлмаса, мазкур шартномалар автоматик равишда бекор қилиниб, контрактацияга қайта қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, охирги марта UzAuto Motors 8 май куни соат 10:00 да аввалги шартномалардан чиқарилган Gentra, Damas ва Labo учун контрактацияни очганди.