19 июнь куни Тошкент шаҳридаги Жаҳон тиллари университетининг 20 ёшли талабаси Яккасарой туманидан оқиб ўтган Бўрижар каналида чўкиб вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Қайд этилишича, сурхондарёлик йигит соат 12:10 атрофида каналнинг Юнус Ражабий кўчаси бўйлаб оқиб ўтувчи қисмида икки нафар курсдоши билан чўмилмоқчи бўлган. Бироқ йигит сувга тушганида сув оқими тезлиги ҳамда совуқ бўлгани оқибатида сузиб чиқолмасдан чўкиб, оқиб кетган.

Пойтахт Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчи ғаввослар гуруҳи унинг жасадини соат 15:00 атрофида Чилонзор туманидаги «Тошкент Гидроэлектрстанциялари», «Буржар» 4-ГЭС ҳудудидан топган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Апрель ойида мазкур каналда уч киши, жумладан, 5 ёшли бола ва унинг онаси чўкиб кетганди. Учови ҳам хориж фуқаролари бўлган.