19 июнь куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жамоат жойида юзини таниб бўлмас даражада ёпиб юрган йигит ушланди, деб хабар бермоқда «Газета.uz»га ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбаси.

Қайд этилишича, «Чорсу» бозори олдида қора рўмол кийган, аёл кўринишидаги шахс ўз ҳаракати орқали шубҳа уйғотгани учун туман ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилган. Сўнг шахсига аниқлик киритиш мақсадида туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига олиб борилган.

Текширув вақтида ушбу шахс 2002 йилда туғилган, Тошкент вилояти Бўка туманида яшовчи Б.П. (эркак) экани аниқланган.

маъмурий ҳуқуқбузарлик

«У ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб текширилганда қонуний талабга бўйсунмай, фаол қаршилик кўрсатган. Суриштирув давомида фуқаро вақти-вақти билан бурқа-ҳижоб ўраб юриши аниқланди», дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан йигитга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194- (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик), 195- (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ҳамда 184−4-моддалари (Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш)га асосан хужжатлар расмийлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2023 йил 31 октябрь куни Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши бўйича қонунни имзолаганди. Унга кўра, жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 400 минг сўмдан 5 млн 100 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.