ФИФА 20 июнь куни терма жамоалар рейтингини янгилади. Унга кўра Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2 поғонага юқорилаб, 62-ўринда қайд этилди.

Миллий терма жамоа Осиёда Япония (17-ўрин), Эрон (20), Жанубий Корея (22), Австралия (23), Қатар (35), Ироқ (55) ва Саудия Арабистон (56)дан кейин 8-ўринда бормоқда. Ўзбекистон 4 апрелдан то 20 июнгача 10.83 ФИФА очколарини жамғарган.

Рейтингни Аргентина, Франция ва Бельгия терма жамоалари бошқариб бормоқда. Кучли ўнликда, шунингдек, Бразилия, Англия, Португалия, Нидерландия, Испания, Хорватия ва Италия жой олган.

Ўзбекистон Жаҳон чемпионати саралаш мусобақаси доирасида Туркманистонни мағлуб этди, Эрон билан дуранг ўйнади.