Саудия Арабистонида ҳаж зиёрати чоғида кучли жазирамада ҳалок бўлган зиёратчилар сони 1000 дан ошди, дея мамлакат ва дипломатларнинг расмий баёнотларига таяниб France-Presse (AFP) агентлиги хабар бермоқда. Бир кун олдин агентлик ўлимлар сони 550 нафардан ортгани ҳақида хабар берганди.

Вафот этганларнинг ярмидан кўпи рўйхатдан ўтмаган сайёҳлардир, дейилади хабарда. Агентлик хабарига кўра, улар Ҳаж йўналиши бўйлаб кондиционерли объектларга кира олмагани сабаб жазирамадан ҳимоялана олмаган.

зиёрат, саудия арабистони

Агентлик хабарига кўра, камида 10 давлат, жумладан, Миср, Малайзия, Покистон, Ҳиндистон, Иордания, Индонезия, Эрон ва бошқалар зиёратчиларнинг ўлими ҳақида хабар берган.

Ҳалок бўлганларнинг аксарияти Миср фуқаролари бўлган: Миср дипломатининг агентликка маълум қилишича, улар 658 киши бўлган бўлиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, ўлимга жазирама иссиқ сабаб бўлган.

Саудия Арабистони расмийлари қурбонлар сони ҳақида ҳозирча маълумот бермади, бироқ 16 июнь куни улар 2700 нафардан ортиқ зиёратчилар жазирама туфайли тиббий ёрдамга мурожаат қилгани ҳақида хабар эълон қилди.

  • Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра вазирлиги расмий маълумотларига кўра, 2024 йилда Маккага 1,8 миллион нафардан ортиқ мусулмонлар ҳаж зиёратига борган бўлса, улардан 1,6 миллион нафари хорижий давлатлардан келган зиёратчилардир. Бу йилги Ҳаж зиёрати 14−19 июнь кунлари бўлиб ўтди.