Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Inno инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида бўлди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ушбу технопарк уч йил олдин қурилган. Бу ерда саноат соҳаларини ривожлантириш учун инновацион ғоя ва ихтиролар ишлаб чиқилади. Ёшларни замонавий касбларга ўргатиш мақсадида олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳар йили 15 минг нафарга яқин талаба ва ўқувчилар иштирокида семинар, амалий машғулотлар ташкил этилади.

inno технопарки, олий муҳандислик мактаблари

Президентга Тошкент давлат техника университети, Бухоро муҳандислик-технология институти, Тошкент давлат транспорт университети, Фарғона политехника институти, Тошкент архитектура-қурилиш университети, Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузурида ташкил этилаётган олий муҳандислик мактаблари тақдимоти ўтказилди.

Биринчи босқичда 10 та олий таълим муассасасида олий муҳандислик мактаблари очилиши кутилмоқда. Мактаблар кузатув кенгаши таркибига нафақат олимлар, балки ҳамкор корхоналар вакиллари ҳам киритилади.

inno технопарки, олий муҳандислик мактаблари

Ушбу мактабларда икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилиб, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинади. Биринчи йил талабалар корхоналар буюртмаси асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштиради, илмий изланишлар ўтказади, бу борада чуқурлашган модул дастурлар асосида ўқитилади. Иккинчи йил янги маҳсулотлар бўйича тажриба-конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнларни корхоналарда синовдан ўтказади.

Президент олий таълим муассасаларидаги илмий изланишларнинг ҳаётийлиги ва самарадорлигига эътибор қаратди. У «таълим тизимига қаратилаётган эътибор илм-фан ютуқларида ўз ифодасини топиши керак»лигини таъкидлади, дейилади хабарда.

Давлат раҳбари олимларнинг ихтиролари, илғор ишланмалар билан ҳам танишди. Жумладан, энергия тежамкор ускуналар, юклама ортиши сабаб трансформаторлар портлашидан ҳимояловчи совутиш тизими, нефть-газ соҳасида муҳим бўлган кимёвий реагентлар, бунёдкорлик, йўлсозликдаги замонавий ёндашувлар, сув иншоотлари учун муҳандислик лойиҳалари, ахборот технологияларига оид замонавий ихтиролар ҳақида маълумот берилди.