20 июнь куни Қашқадарё вилоятидаги тиббиёт ташкилотларига қиймати тахминан 195 минг долларга тенг бўлган тиббиёт жиҳозлари топширилди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси «Газетa.uz»га маълум қилди.
Бу Япония ҳукуматининг «Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» дастури доирасида амалга оширилди.
Тиббиёт ташкилотлари ва тиббий жиҳозлар:
- Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали (жарроҳлик микроскопи ва кўз жарроҳлиги учун мўлжалланган факоэмулсификатор);
- Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали (ультратовуш диагностик ускунаси, видеоэндоскоп, жарроҳлик аспиратори).
«Бу галги Япониянинг ҳамкорлиги орқали янада хавфсиз ва мос диагностика ҳамда даволашни амалга ошириш имконияти яратилди. Япония барча инсонлар ўз қадр-қимматини ҳис қилган ҳолда яшай оладиган жамият қуришни тарғиб қилувчи „Инсонлар хавфсизлигини таъминлаш“ тамойилига алоҳида аҳамият қаратади», — дейилади дипломатик миссия хабарида.
Аввалроқ Япония ҳукумати Бухоронинг Ромитан ва Пешку туманлари тиббиёт бирлашмаларига умумий қиймати тахминан 182 минг долларлик тиббиёт жиҳозларини топширгани ҳақида ёзгандик. Шифохоналарга рентген диагностика ускунаси ва операция учун мўлжалланган ускуналар етказиб берилди.