АҚШ президенти Жо Байден 18 июнь куни АҚШда зарур ҳужжатларсиз яшовчи мигрантларга қонуний мақом бериш дастурини эълон қилди, деб хабар бермоқда Оқ уй сайти.

Ушбу чора, 17 июнь ҳолатига кўра, АҚШда камида 10 йил яшаган ва Америка фуқаролари билан қонуний никоҳда бўлган муҳожирларга тааллуқлидир. Ушбу шартларга жавоб берадиган шахслар доимий яшаш учун ариза бериши мумкин, бунда уларнинг ихтиёрида уч йил вақт бор. Бу муддат давомида уларга оилалари билан АҚШда қолиш ва ишлашга рухсат берилади.

Оқ уйнинг ҳисоб-китобларига кўра, ўртача ҳисобда дастурдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлганлар АҚШда камида 23 йил яшаган. Уларнинг аксарияти Мексикада туғилган.

«Янги жараён америкалик бўлмаган турмуш ўртоқлар ва уларнинг фарзандларига АҚШни тарк этмасдан доимий резидентлик ҳуқуқига эга бўлиш учун ариза бериш имконини тақдим этади. Бу оилаларни бирдамликда сақлашга ва иқтисодиётимизни мустаҳкамлашга кўмаклашади», — дейилади баёнотда.

Байден маъмурияти АҚШ фуқароларининг 500 мингдан ортиқ турмуш ўртоғи, шунингдек, ота-онасидан бири АҚШ фуқаросига турмушга чиққан 21 ёшгача бўлган 50 мингга яқин бола янги қоидалардан фойдалана олишини кутмоқда.

«Бу жуфтликлар оила қуради, фарзандларини черков ва мактабга юборади, солиқ тўлайди, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшади, — деди Байден дастур эълонида. — Улар шу вақтгача АҚШда қўрқув ва ноаниқлик ичида яшаб келди. Биз буни тузатишимиз мумкин».

The New York Times`нинг қайд этишича, янги дастур мигрантларни ҳимоя қилиш бўйича сўнгги йиллардаги энг муҳим чора-тадбирлардан бири бўлди. У ёз охиригача ишга тушиши кутилмоқда.