Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Хусусан, Сайхунобод тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари тадбиркорга қўшни Сардоба тумани ҳудудидан 6 гектар ер майдони олиб беришини айтган. Бунинг эвазига 20 минг доллар сўраган.

Амалдор вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси тасарруфида бўлган ва Сайхунобод тумани ҳудудида жойлашган 50 сотих ер майдонини енгил конструкция кўринишида қурилиш қилиши учун ижара шартномаси асосида расмийлаштириб бериш эвазига 5 минг доллар ҳам талаб қилган. У тезкор тадбирда пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган фермер хўжалик раҳбари хўжаликнинг 3,37 гектар ерини ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган қўшимча ер майдонини — жами 7 гектар ер майдонини сирдарёлик харидорга 2 млн долларга сотишга келишган. Олдиндан 200 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи, муқаддам судланган 49 ёшли шахс ўғли номида бўлган масъулияти чекланган жамиятга инвестиция киритиш шарти билан иссиқхона қуриш учун туман ҳудудидан ажратиб берилган 2 гектар ер майдонини ҳокимият тизимидаги мансабдор танишлари орқали 50 та коттеж қурмоқчи бўлган харидор номига ўтказиб бермоқчи бўлган ва эвазига 500 минг доллар сўраган.

Шунингдек, турмуш ўртоғининг номидаги МЧЖга қарашли, Янгийўл шаҳрида жойлашган бино ва унинг 486 метр квадрат ер майдонини ҳам харидорга сотиш ва у ерда 12 қаватли уй қуриши учун масъул идоралардан рухсат олиб бериш эвазига 440 минг доллар талаб қилган. Аммо у сўралган пул маблағидан 400 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида яшовчи 37 ёшли шахс фуқарога «Халқ банки»нинг вилоят филиали балансида турган ва Е-Auksion портали орқали савдога чиқарилган — Қуйичирчиқ туманидаги 13,05 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали олиб беришини айтган. Эвазига 260 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 130 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.

Фарғона вилоятининг Қува туманидаги фермер хўжалик раҳбари туман ҳокимининг 2015 йилдаги қарори билан пахтачилик ва ғаллачилик йўналишида фойдаланиш учун ажратиб берилган ер майдонининг 5,5 гектар қисмини харидорга 150 минг долларига сотишга келишган. Келгусида ер майдонини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг доллари талаб қилган.

Бироқ у сўралган жами 190 минг доллардан 120 минг долларини олган вақтида ушланган, дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.