Давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Бу ҳақда 19 июнь куни президент [ЎРҚ-933-сонли] қарорни имзолади, бунинг ортидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритилди. Сенат мазкур қонунни 20 май куни маъқуллаганди.

Эндиликда ҳужжатга кўра, давлат мулкини белгиланган тартибда ижара шартномасини тузмасдан ижарага бериш, ижарага олинган давлат мулкини қабул қилиб олишда, ижара муносабатларининг объекти ҳудудига киришда ва ундан фойдаланишда ижарага олувчига асоссиз равишда тўсқинлик қилиш ёки ижарага берилаётган давлат мулкининг параметрлари ва сонини ижара шартномасида нотўғри кўрсатган ҳолда давлат мулкини ижарага бериш мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 700 минг сўмдан 3 млн 400 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, мансабдор шахслар БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 400 минг сўмдан 5 млн 100 минг сўмгача) миқдорда жарима тўлайди.