Европа Иттифоқи мамлакатлари элчилари Россияга қарши 14-санкция пакети бўйича келишиб олди, деб хабар берди ЕИ кенгашидаги Бельгия раислиги.

«Ушбу пакет янги мақсадли чора-тадбирларни тақдим этади ва бўшлиқларни ёпиш орқали мавжуд санкцияларнинг таъсирини максимал даражада оширади», — деди идора.

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, санкциялар Россияни асосий технологиялар ва энергиядан кейинги даромадлардан маҳрум қилишга, шунингдек, «[Россия президенти Владимир] Путиннинг чет элдаги соя флоти ва соядаги банки тармоғига қарши қаратилган».

Bloomberg`нинг ёзишича, чора-тадбирлар орасида Россиянинг суюлтирилган газини Европа Иттифоқи орқали учинчи давлатларга ўтказишни тақиқлаш ҳамда Хитой, Туркия ва Ҳиндистондаги ўнлаб компаниялар билан савдони чеклаш киради. Шунингдек, ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган кимёвий ва электроника экспорти назоратини кучайтиради.

Агентлик маълумотларига кўра, сиёсий партиялар, таҳлил марказлари ва оммавий ахборот воситалари провайдерларига ҳам Россия молия манбаларини қабул қилиш тақиқланади.

Reuters агентлигининг қўшимча қилишича, санкциялар рўйхатига 47 компания ва 69 жисмоний шахс қўшилган. Пакет 24 июнь куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида расман тасдиқланиши кутилмоқда.

  • Европа Иттифоқининг Россияга қарши олдинги, 13-санкция пакети жорий йилнинг февраль ойида қабул қилинганди. Унда санкциялардан бўйин товлашда иштирок этган ўнлаб компанияларга экспорт чекловлари киритилган.