Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлиси 21 июнь куни чақирилади, деб хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Унда қуйидаги қонунларни кўриб чиқиш режалаштирилган:

  • «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»;
  • «Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»;
  • ««Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»;
  • «Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»;
  • «Юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмалари ташкилотларини ҳисобга қўйиш тартиби белгиланаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида»;
  • «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига гиёҳвандлик воситаларининг, улар аналогларининг ёки психотроп моддаларнинг, шунингдек, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»;
  • «Товар белгилари бўйича қонунлар тўғрисидаги Cингапур шартномасини (Сингапур, 2006 йил 27 март) ратификация қилиш ҳақида».

Сенаторлар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижросини, Самарқанд вилояти маҳаллаларида тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича ишлар ҳолати ҳақидаги масалаларни муҳокама қилади.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда бош прокурор лавозимига номзодни кўриб чиқиш, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисини сайлаш ҳамда Судьялар олий кенгаши таркибига ўзгартиришлар киритиш масалалари ҳам кўриб чиқилади.