Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Мўғулистоннинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Дааданхуу Батбаатарни қабул қилди, деб хабар қилди ТИВ раҳбари ўзининг Telegram`даги каналида.

Мўғулистоннинг Ўзбекистонда элчихона очиш режалари ўтган йили ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири Батмунх Батсетсегнинг ташрифи чоғида маълум қилинган эди. Бунгача Тошкентда Мўғулистоннинг фахрий консуллиги бўлган.

Элчи вазирга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Томонлар турли соҳалардаги ҳамкорлик, иқтисодий дипломатияни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг Ўзбекистонга кутилаётган ташрифини муҳокама қилди.

Аввал хабар қилинганидек, Мўғулистон раҳбари 23−26 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. У Тошкентдаги музокаралардан ташқари, Хива билан ҳам танишиши режалаштирилган.