Арманистон Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.

«Арманистон халқаро ҳуқуқ, халқлар тенглиги, суверенитети ва тинч-тотув яшаши тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди ва Фаластин давлатини тан олади», — дейилади баёнотда.

Вазирликнинг қайд этишича, Арманистон БМТ Бош Ассамблеясининг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюцияларига қўшилган ва «Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишдан чин дилдан манфаатдор».

«Биз доимо турли халқаро форумларда Фаластин муаммосини тинч ва кенг қамровли ҳал этиш тарафдори бўлиб келганмиз ҳамда Исроил-Фаластин можаросининг „икки давлат“ тамойили асосида ҳал этилишини қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Ишончимиз комилки, бу фаластинликлар ва исроилликлар ўзларининг қонуний интилишларини рўёбга чиқаришларини таъминлашнинг ягона йўли», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, май ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Хавфсизлик кенгашидан Фаластиннинг ташкилотга тўлақонли аъзолиги масаласини қайта кўриб чиқишга чақирувчи резолюциясига Арманистон ҳам овоз берганди. Фаластин айни дамда БМТда кузатувчи давлат сифатида иштирок этмоқда.

  • Сўнгги бир ой ичида Норвегия, Испания, Ирландия ва Словения Фаластин мустақиллигини тан олди. 2024 йил июнь ҳолатига кўра, Фаластин БМТнинг 193 аъзосидан 145 таси томонидан давлат сифатида тан олинган.
  • Фаластин давлатчилигини тан олмаган давлатлар қаторига АҚШ, Британия ва Исроил ҳам киради. Исроил ҳукуматининг фикрича, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ва Ғазо секторида Фаластин давлатининг ташкил этилиши Исроилнинг мавжудлигига таҳдид солади.