Олий Мажлис Сенатининг 53-ялпи мажлисида киберхавфсизлик соҳасидаги қонунларга тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунлар кўриб чиқилди, деб хабар берди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Кредит ташкилотларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлиги даражасини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Тузатишлар Марказий банкка кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари, кредит бюролари томонидан хавфсизлик ва киберхавфсизлик таҳдидларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш чораларини кўриш бўйича қўшимча ваколатлар беради.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, «Марказий банк тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Банк сири тўғрисида»ги, «Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги, «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги ва «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги қонунларга киберхавфсизликни таъминлашга оид меъёрлар киритилмоқда.

Қонун билан банк ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қонунчилик талабларининг бузилгани ҳолати қўпол қоидабузарликлар қаторига киритилмоқда.

киберхавфсизлик, сенат

Бундан ташқари, банкларнинг ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини ҳамда киберхавфсизлигини таъминлаш ва банк сирини муҳофаза қилиш каби қўшимча мақсадлар қонунда акс эттирилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши кредит ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ҳамда электрон ҳукумат тизимида ахборот хавфсизлигини кучайтиришга, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида тузатишлар киритилган қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.