Сиёсат
Олимжон Умаров рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди
Олимжон Умаров Ўзбекистон рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У аввалроқ ушбу лавозимда ва бош вазирнинг АКТни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ҳам ишлаган.
Мўғулистон президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади
Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух 23−26 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Президентлар дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқади. У, шунингдек, Хива шаҳрига ҳам боради.
Ахмад Сувонқулов «Ўзсувтаъминот» раиси в.б. бўлди
Ахмад Сувонқулов «Ўзсувтаъминот» бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У бунгача Сурхондарё вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси директори бўлиб ишлаб келаётганди.
Ниғматилла Йўлдошев бош прокурор лавозимига қайта тайинланди
2019 йилдан бери бош прокурор лавозимида ишлаб келаётган Ниғматилла Йўлдошев яна 5 йил муддатга лавозимига қайта тайинланди.
Халилилло Тўрахўжаев Рақобатни ривожлантириш қўмитаси раиси бўлди
Халилилло Тўрахўжаев Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси этиб сайланди. У бунга қадар Олий суд раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида лойиҳа офиси ташкил этилмоқда
Президент қарори билан «Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси ташкил этилмоқда. Аввалроқ соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида лойиҳа офислари ташкил этилган эди.
Ўзбекистонда Мўғулистон элчиси иш бошлади
Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг Тошкентга ташрифи арафасида Дааданхуу Батбаатар ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди.
Иқтисодиёт
Ўзбекистонда 6 та корхона турли товар ва хизматлар бўйича устун мавқега эга деб топилди
Рақобат қўмитаси 6 та корхона турли товар ва хизматлар бўйича устун мавқега эга деб эътироф этилганини маълум қилди. Улар орасида «Фарғонаазот» (суперфосфат бўйича), Gazli Gas Storage (табиий газни ер остига қуйиш, сақлаш ва тортиб олиш бўйича) ва бошқалар бор.
Сенат банклар киберхавфсизлигини таъминлашга доир қонунларга тузатишларни маъқуллади
Сенаторлар банк соҳасидаги бир қатор қонунларга киберхавфсизликни кучайтиришга доир тузатишларни маъқуллади. Ушбу тузатишлар, хусусан, Марказий банкка кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари ва валюта биржалари томонидан киберхавфсизлик таҳдидларини аниқлаш ваколатини беради.
Uzbekistan Airways логотипини янгилайди, бироқ анъанавий ливреясини сақлаб қолади
Uzbekistan Airways янгиланган логотипини намойиш этди. Компания уни тубдан ўзгартирмади, балки замонавий тенденцияларга мувофиқ янгилади. Ташувчи, шунингдек, ливреяси — самолётлар ташқи кўринишини ҳам сақлаб қолишга қарор қилди. Бундан ташқари, янги шиор — «Марказий Осиё қанотлари» тақдим этилди.
Жамият
PISA доирасида ўқувчиларнинг креатив фикрлаш даражаси ўрганилди. Ўзбекистоннинг натижалари
15 ёшли мактаб ўқувчиларининг креатив (ижодий) фикрлашини баҳолаш бўйича PISA-2022 халқаро тадқиқоти натижалари эълон қилинди. Ўзбекистон энг паст кўрсаткичларга эга бўлган давлатлар қаторидан жой олди.
Тошкентда юзини таниб бўлмас даражада ёпиб юрган йигит 15 суткага қамалди
ЖИБ Шайхонтоҳур тумани суди жамоат жойида юзини таниб бўлмас даражада ёпиб юрган йигитга нисбатан 15 сутка қамоқ ва 3,4 млн сўм жарима белгилади. Унга қўйилган 3 та ҳуқуқбузарлик айбловининг биттаси ортиқча расмийлаштирилган деб топилди.
Тошкентда Буюк ипак йўли кўчасидаги кўприк ўрнида айланма йўл ташкил этилди
Пойтахтдаги Темур Малик кўчасининг (Тошкент ҳалқа йўли) Буюк ипак йўли кўчаси билан кесишмасидаги кўприк ўрнида вақтинча айланма йўл ташкил этилди. Ҳудудда 1 авгутсга қадар реконтсрукция ишлари олиб борилади.
Дам олиш кунлари иссиқ ҳарорат сақланиб қолади, айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин
22−23 июнь кунлари Ўзбекистон бўйича ҳарорат фони ўзгармайди, кечалари 20−25 даража, кундузи 34−39 даража иссиқ атрофида бўлади. Айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол кучайиши эҳтимоли бор.
Жиззахда болаларни оёқ кийим билан урган тарбиячи ишдан бўшатилди
Ғаллаорол туманидаги 16-боғчада тарбиячи болаларни ҳақоратлаб, уларни оёқ кийим билан калтаклади. Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганини билдирди.
Тошкентда аёл 2 ўғлини танишига ташлаб кетди, улар болалар уйига жойлаштирилди
Олмазор туманида аёл ижтимоий тармоқда танишган бошқа аёлга икки нафар фарзандини ташлаб кетиб, 45 кун давомида хабар олмагани маълум бўлди. Ҳозирда терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Она билан алоқа ўрнатилган. У ташлаб кетган фарзандлари болалар уйига жойлаштирилди.
Тошкент вилоятида ИИБ биносига олиб кетилган эркак вафот этди
Бекобод туманида укасининг суд мажлисида жанжал кўтариб, ИИБга олиб кетилган эркак «бинога кириш йўлагида» ҳушини йўқотди. Шифохонага олиб борилганда унинг вафот этгани аниқланган. ИИВ бунинг фавқулодда ҳолат сифатида кўрилиши ва ҳар бир ходимнинг ҳаракатлари синчковлик билан ўрганилишини билдирди.
Интернетда гиёҳвандлик воситалари ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни реклама қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
Ўзбекистонда интернет орқали гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларини тарқатганлик, реклама қилганлик ҳамда намойиш этганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиламоқда. Тегишли қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Омбудсман ИИБ биносига олиб кетилган эркакнинг вафоти очиқ ва адолатли суриштирилишини сўрамоқда
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) Бекободда «ИИБ биносига мажбурий олиб кетилган» ака-укага нисбатан куч ишлатилганлиги, улардан бирининг вафоти ҳолатини ўрганмоқда. Вакил воқеанинг барча жиҳатлари қонун талаблари доирасида очиқ ва адолатли суриштирилишини сўрамоқда.
Маданият
Дам олиш кунлари Тошкентда қаерларга бориш мумкин? (22−23 июнь)
Тўққизта кинопремьера, очиқ осмон остида кинонамойишлар, ноёб буюмлар ярмаркаси, румин ва ўзбек костюмлари кўргазмаси, театр намойишлари ва ижодий маҳорат дарслари ҳамда дам олиш кунларидаги бошқа қизиқарли тадбирлар — Afisha.uz жамланмасида.
Спорт
Евро-2024 стадионлари: улар билан қанчалик танишсиз?
Футбол бўйича Евро-2024 ўйинлари Германиядаги 10 та стадионда ўтказилмоқда. Уларнинг айримлари ишқибозларга анча таниш. «Тактика» жамоаси мазкур ўйингоҳлар бўйича жамланмани тақдим этади.
Жаҳон
Арманистон Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олди
Арманистон Фаластинни давлат сифатида тан олганини эълон қилди. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги «икки давлат» тамойилини Исроил-Фаластин можаросини ҳал қилишнинг ягона йўли деб атади.
Черногория, Босния, Хорватия ва Албанияда кенг масштабдаги блэкаут юз берди
Черногория, Босния, Албания ҳамда Хорватиянинг Адриатика денгизи қирғоқларидаги катта қисмида кенг масштабли блэкаут юз берди. ОАВ тўрт мамлакатнинг барча қисмларида электр узилишлари ҳақида ёзмоқда.
Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!