Ўзбекистонда 6 та корхона турли товар ва хизматлар бўйича устун мавқега эга деб эътироф этилди. Бу ҳақда 2024 йилнинг дастлабки беш ойи давомида ўтказилган таҳлиллар натижаларига кўра Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.

Унга кўра:

  • «Темирйўлэкспресс» ва «Ўзтемирйўлйўловчи» акциялорлик жамиятлари (шахслар гуруҳи сифатида) темирйўллар орқали йўловчи ташиш хизматида;
  • «Шаҳар атрофида йўловчи ташиш» масъулияти чекланган жамияти шаҳар атрофи бўйлаб йўловчи ташиш хизматида;
  • JV Continaz формалин маҳсулотида;
  • Indorama Kokand fertilizers and chemicals ҳамда «Фарғонаазот» АЖлар (шахслар гуруҳи сифатида) суперфосфат маҳсулотида;
  • «Фарғонаазот» АЖ карбамид маҳсулотида;
  • Gazli Gas Storage қўшма корхонаси табиий газни ер остига қуйиш, сақлаш ва тортиб олиш хизматида устунликка эга деб топилди.

Шу билан бирга, Interterminal МЧЖ қўшма корхонаси темирйўл линиясини ижарага бериш хизмати бўйича устун музокара кучига эга деб эътироф этилди.

«Мазкур таҳлил натижалари, Ўзбекистон иқтисодиётининг турли секторларида рақобат муҳитини янада чуқур тушуниш ва ўрганиш имконини беради. Шунингдек, бу жараёнлар тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятларини қайта кўриб чиқиш ва стратегияларини янгилаш имкониятини яратади. Натижада эса бу ҳолат иқтисодиётимизнинг турли тармоқларида янги иш ўринлари яратилишига, маҳсулот ва хизматлар сифатининг ошишига ва, умуман, мамлакатимизнинг глобал иқтисодиётдаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дейилади қўмита хабарида.