Узоқ кутилган Евро-2024 ҳам старт олди. 24 та терма жамоа, 51 та муросасиз баҳс, чексиз ҳиссиётлар — буларнинг барчаси Германиянинг 10 та стадионида бўлиб ўтади. Албатта, биз клублар миқёсида Германиядаги стадионларнинг айримларини таниб улгурганмиз. «Бавария»нинг «Альянц Арена»си ёки «Боруссия Дортмунд»нинг «Сигнал Идуна Парк»и ўзининг ажойиб перформанслари билан мухлислар ёдида қолган.

Европа чемпионати доирасида ҳам ушбу стадионларда ўйинлар ўтказилади. Хўш, сиз бу стадионларни қанчалик яхши биласиз? Келинг, уларни таништирамиз:

  1. «Олимпиастадион» (Берлин);
  2. «BVB-Стадион» (Дортмунд);
  3. «Дюссельдорф Арена» (Дюссельдорф);
  4. «Франкфурт Арена» (Франкфурт-на-Майне);
  5. «Арена АуфШальке» (Гельзенкирхен);
  6. «Фолькспаркстадион» (Гамбург);
  7. «Кёльн Стадион» (Кёльн);
  8. «Лейпциг Стадиум» (Лейпциг);
  9. «Альянц Арена» (Мюнхен);
  10. «Штутгарт Арена» (Штутгарт).

«Олимпиастадион»

германия, евро-2024, стадионлар

Германия пойтахтида жойлашган мазкур стадион сиғими 71 минг нафарни ташкил этади. «Герта» жамоасининг уй ўйинлари ўтказилувчи арена 1936 йилда қуриб битказилган. Шундан сўнг эса иккита мундиаль олдидан — 1974 ва 2006 йилларда таъмирланган.

Ушбу стадионда 2006 йилги Жаҳон чемпионати финали ўтказилганини биласизми? Ҳа, бу — ўша Зидан «калла қўйган» учрашув. Италия — Франция терма жамоалари иштирокидаги финал баҳси кўплаб футбол мухлислари ёдида бўлса керак. «Олимпиастадион» айни шу баҳсга мезбонлик қилган.

германия, евро-2024, стадионлар

Мазкур стадионда Евро-2024`нинг қуйидаги ўйинлари, жумладан, финал баҳси бўлиб ўтиши режалаштирилган:

  • 15 июнь, 21:00. «В» гуруҳи. Испания — Хорватия
  • 21 июнь, 21:00. «D» гуруҳи. Польша — Австрия
  • 25 июнь, 21:00. «D» гуруҳи. Нидерландия — Австрия
  • 29 июнь, 21:00. 1/8 финал: «А» гуруҳи 2-ўрин соҳиби — «В» гуруҳи 2-ўрин соҳиби
  • 06 июль, 00:00. ¼ финал
  • 14 июль, 00:00. Финал

«BVB-Стадион»

германия, евро-2024, стадионлар

Ҳа, бу — ўша машҳур, дунёга мухлислари ва ҳар ўйин бошланишидан аввал «You'll Never Walk Alone» мадҳияси билан танилган стадион. Дортмунднинг «Боруссия»си уй ўйинларини ўтказувчи ушбу арена 62 минг нафар мухлисни ўз бағрига сиғдира олади. 1974 йилда фойдаланишга топширилган стадион кейинчалик тўрт марта реконструкция қилинган.

германия, евро-2024, стадионлар

Мазкур аренада бўлиб ўтадиган ўйинларда ҳар доим аншлаг бўлади. Германиядаги саноқли стадионлар қатори «BVB-Стадион» ҳам қатор катта ўйинлар гувоҳи бўлган десак, хато бўлмайди. Жумладан, айни 2006 йилги ЖЧнинг ярим финал ўйини — Германия Италияга мағлуб бўлган баҳс ушбу стадионда ўтказилган эди.

Ушбу стадионда Европа чемпионати доирасида ўтказиладиган учрашувлар:

  • 15 июнь, 00:00 «В» гуруҳи. Италия — Албания
  • 18 июнь, 21:00. «F» гуруҳи. Туркия — Грузия
  • 22 июнь, 21:00. «F» гуруҳи. Туркия — Португалия
  • 25 июнь, 21:00. «D» гуруҳи. Франция — Польша
  • 29 июнь, 00:00. 1/8 финал. «А» гуруҳи 1-ўрин — «С» гуруҳи 2-ўрин
  • 10 июнь, 00:00. ½ финал

«Дюссельдорф Арена»

германия, евро-2024, стадионлар

Қуриб битказилганига 20 йил бўлган ушбу стадион ўз бағрига 47 минг нафар мухлисни сиғдиради. «Фортуна» клуби мазкур ўйингоҳда ўз уй учрашувларини ўтказади.

германия, евро-2024, стадионлар

Ушбу стадионда Европа чемпионати доирасида ўтказиладиган учрашувлар:

  • 17 июнь, 00:00. «D» гуруҳи. Австрия — Франция
  • 21 июнь, 18:00. «Е» гуруҳи. Словакия — Украина
  • 24 июнь, 00:00. «В» гуруҳи. Албания — Испания
  • 1 июль, 21:00. 1/8 финал. «D» гуруҳи 2-ўрин — «Е» гуруҳи 2-ўрин
  • 6 июль, 21:00. ¼ финал

«Франкфурт Арена»

германия, евро-2024, стадионлар

Сўнгги йилларда ушбу стадион омма эътиборига тез-тез туша бошлади. Бунга сабаб «Айнтрахт» клуби мазкур аренада ўз уй учрашувлари ўтказади. Клуб эса нафақат Бундеслигада, балки халқаро майдонларда ҳам анчагина гранд жамоалар бошига оғриқ бўлмоқда.

германия, евро-2024, стадионлар

Стадионга тўхталадиган бўлсак, 47 минг нафар мухлис бир вақтнинг ўзида футбол учрашувларини кузата олади. 1925 йилда қуриб топширилган арена қарийб бир аср мобайнида хизмат қилиб келмоқда.

Ушбу стадионда Европа чемпионати доирасида ўтказиладиган учрашувлар:

  • 17 июнь, 21:00. «Е» гуруҳи. Бельгия — Словакия
  • 20 июнь, 21:00. «С» гуруҳи. Дания — Англия
  • 23 июнь, 00:00. «А» гуруҳи. Швейцария — Германия
  • 26 июнь, 21:00. «Е» гуруҳи. Словакия — Руминия
  • 1 июль, 00:00. 1/8 финал. «F» гуруҳи 1-ўрин — A/B/C гуруҳлари 3-ўрин

«Арена АуфШальке»

германия, евро-2024, стадионлар

Евро-2012 финалчиларининг жорий турнирдаги ўзаро ўйинини айни мазкур стадионда кўриш мумкин. 2001 йилда битказилиб фойдаланишга топширилган стадион 50 минг нафар мухлисни сиғдира олади. «Шальке 04» клуби ўз уй учрашувларини мазкур аренада ўтказиб келади. Ҳа, ўз вақтида Озиль, Нойер, Хунтелар, Дракслер каби футболчилар тўп сурган ўйингоҳ яна омма эътиборида бўлади.

германия, евро-2024, стадионлар

Ушбу стадионда Европа чемпионати доирасида ўтказиладиган учрашувлар:

  • 16 июнь, 00:00. «С» гуруҳи. Сербия — Англия
  • 20 июнь, 00:00. «В» гуруҳи. Испания — Италия
  • 26 июнь, 00:00. «F» гуруҳи. Грузия — Португалия
  • 30 июнь, 21:00. 1/8 финал. «С» гуруҳи 1-ўрин — D/E/F гуруҳлари 3-ўрин

«Фолькспаркстадион»

германия, евро-2024, стадионлар

1953 йилда фойдаланишга топширилган ва 1974 йилги ЖЧ ўйинларига мезбонлик қилган стадион, 1998 йилда қайтадан таъмирланган. 2006 йилги мундиаль баҳсларида ҳам бу ерда қатор ўйинлар ўтказилган. «Гамбург» жамоаси ўз уй ўйинларини ўтказадиган стадион ўз бағрига 49 минг кишини сиғдира олади.

Ушбу стадионда Европа чемпионати доирасида ўтказиладиган учрашувлар:

  • 16 июнь, 18:00. «D» гуруҳи. Польша — Нидерландия
  • 19 июнь, 18:00. «В» гуруҳи. Хорватия — Албания
  • 22 июнь, 18:00. «F» гуруҳи. Грузия — Чехия
  • 26 июнь, 00:00. «F» гуруҳи. Чехия — Туркия
  • 05 июль, 00:00. ¼ финал

«Кёльн Стадион»

германия, евро-2024, стадионлар

Мазкур стадионнинг ҳам фойдаланишга топширилганига 20 йил бўлди. Ушбу давр мобайнида «Кёльн» жамоаси ўз уй ўйинларини ўтказиб келмоқда. 43 минг нафар мухлис сиғадиган стадион 2006 йилги ЖЧ вақтида ҳам фойдаланилган. Европа лигасининг 2019−20 йилги мавсумидаги финал ўйини ҳам айни ушбу аренада ўтказилган.

германия, евро-2024, стадионлар

Ушбу стадионда Европа чемпионати доирасида ўтказиладиган учрашувлар:

  • 15 июнь, 18:00. «А» гуруҳи. Венгрия — Швейцария
  • 19 июнь, 00:00. «А» гуруҳи. Шотландия — Швейцария
  • 22 июнь, 00:00. «Е» гуруҳи. Бельгия — Руминия
  • 25 июнь, 00:00. «С» гуруҳи. Англия — Словения
  • 30 июнь, 00:00. 1/8 финал. «В» гуруҳи 1-ўрин — A/D/E/F гуруҳлари 3-ўрин

«Лейпциг Стадиум»

германия, евро-2024, стадионлар

Юқорида «Айнтрахт» стадиони ҳақида сўз борганда, унга нисбатан «сўнгги йилларда омма эътиборига кўп тушаётгани» иборасини ишлатган эдик. Мазкур стадион ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. ЕЧЛ ғолиби «Реал Мадрид»ни нимчорак финалда анчагина қийнаган «Лейпциг» клуби ушбу аренада ўз уй ўйинларини ўтказади. 40 минг нафар томошабин бир вақтнинг ўзида футбол учрашувларини кўриши мумкин бўлган стадион 2003 йилда фойдаланишга топширилган.

германия, евро-2024, стадионлар

Ушбу стадионда Европа чемпионати доирасида ўтказиладиган учрашувлар:

  • 18 июнь, 00:00. «F» гуруҳи. Португалия — Чехия
  • 21 июнь, 00:00. «D» гуруҳи. Нидерландия — Франция
  • 24 июнь, 00:00. «В» гуруҳи. Хорватия — Италия
  • 2 июль, 00:00. 1/8 финал. «D» гуруҳи 1-ўрин — «F» гуруҳи 2-ўрин

«Альянц Арена»

германия, евро-2024, стадионлар

Ҳа, ниҳоят ушбу стадионга ҳам етиб келдик! Аслида, кўпчилик буни билади, ундаги кўп ўйинларни кўрган ва ҳатто шу стадионнинг ўзидан учрашувларни кузатган кишилар ҳам бўлса ажаб эмас. «Бавария» клуби ўз уй ўйинларини ўтказадиган стадион бағрига 66 минг нафар мухлисни сиғдира олади. 2005 йилда фойдаланишга топширилган стадион ЖЧ-2006`нинг очилиш учрашувини ҳам қабул қилган.

Германия, айниқса, Мюнхен туризми ривожига айни ушбу стадион ҳам ўз ҳиссасини қўшган дейилса, муболаға бўлмайди. Бутун дунёдан Мюнхенга ташриф буюрган сайёҳлар «Бавария» ўйингоҳини кўрмай кетмайди. Ахир унда қанчадан-қанча финаллар ўтказилган.

германия, евро-2024, стадионлар

Жумладан, 2011−2012 йилги ЕЧЛ финалини эслайсизми? «Бавария» ҳамда «Челси» ўртасида бўлган баҳс айнан «Альянц Арена»да ўтказилган ва унда мюнхенликлар ажойиб ўйин ўтказган бўлса-да, лондонликларга имкониятни бой берган. Арьен Роббеннинг пенальтидан унумли фойдалана олмагани «Бавария» мухлисларининг қалбида қолиб кетган бўлса, ажаб эмас.

Ушбу стадионда Европа чемпионати доирасида ўтказиладиган учрашувлар:

  • 14 июнь, 00:00. «А» гуруҳи. Германия — Шотландия
  • 17 июнь, 18:00. «Е» гуруҳи. Руминия — Украина
  • 20 июнь, 18:00. «С» гуруҳи. Словения — Сербия
  • 25 июнь, 00:00. «С» гуруҳи. Дания — Сербия
  • 2 июль, 21:00. 1/8 финал. «E» гуруҳи 1-ўрин — A/B/C/D гуруҳлари 3-ўрин
  • 9 июль, 00:00. ½ финал

«Штутгарт Арена»

германия, евро-2024, стадионлар

Мазкур стадион ҳам «ёши улуғ»лар сафига киради. 1933 йилда фойдаланишга топширилган арена бугунги кунда ўз бағрига 51 минг мухлисни сиғдира олади. Унда «Штутгарт» жамоаси ўз уй учрашувлари ўтказиб келади.

германия, евро-2024, стадионлар

Ушбу стадионда Европа чемпионати доирасида ўтказиладиган учрашувлар:

  • 16 июнь, 21:00. «С» гуруҳи. Словения — Дания
  • 19 июнь, 21:00. «А» гуруҳи. Германия — Венгрия
  • 23 июнь, 00:00. «А» гуруҳи. Шотландия — Венгрия
  • 26 июнь, 21:00. «Е» гуруҳи. Украина — Бельгия
  • 5 июль, 21:00. ¼ финал

Барчангизга мароқли футбол томошасини тилаб қоламиз!

Материал «Тактика» билан ҳамкорликда тайёрланди.