Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига гиёҳвандлик воситаларининг, улар аналогларининг ёки психотроп моддаларнинг, шунингдек кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун муҳокама қилинди.

Ушбу ҳужжат билан гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни телекоммуникация тармоқларидан ва интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш орқали қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик, ушбу жиноятларни вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда, шунингдек гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда олганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёки жўнатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги моддалар билан тўлдирилмоқда. Хусусан, 562-моддасига асосан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, худди шунингдек, уларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик учун ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса — бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазоси назарда тутилмоқда.

Кодекснинг 563-моддасига кўра, юқорида таъкидланган моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш билан боғлиқ содир этилган ҳаракатлар учун, ушбу маҳсулотларни мусодара қилган ҳолда БҲМнинг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни мусодара қилиб, ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Агар ушбу ҳаракатларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни топширса, жавобгарликдан озод қилиниши белгиланмоқда.

564-моддага биноан гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, худди шунингдек уларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ҳолатлари аниқланганда ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса — бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазоси кўзда тутилмоқда.

Ўз навбатида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янги моддаларда назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг тааллуқлилиги Ички ишлар органларига тегишли экани, ушбу ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш эса Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилиши қайд этилмоқда.

Эндиликда Жиноят кодексининг 251−1-моддасига кўра гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, худди шунингдек, уларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Ушбу ҳаракатлар мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув юртлари ҳудудида ва талабаларнинг (ўқувчиларнинг) ётоқхоналарида, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ёки талабалар (ўқувчилар) томонидан ўқув, спорт ёки жамоат тадбирларини ўтказиш учун фойдаланиладиган бошқа жойларда, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда содир этилган бўлса, жазо чоралари кучайтирилади.

Шунингдек, Жиноят кодексига киритилаётган янги 251−2-моддасига биноан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган тақдирда жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Ўз навбатида ушбу моддада назарда тутилган ҳаракатларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни топширса, жазодан озод қилиниши назарда тутилмоқда.

Юқоридаги ўзгаришларга мувофиқ равишда Жиноят кодексининг 273 ҳамда 274-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жиноят процессуал кодексда мазкур тоифадаги жиноят ишининг терговга тегишлилиги аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.