2019 йилдан бери Ўзбекистон бош прокурори лавозимида ишлаб келаётган Ниғматилла Йўлдошев яна 5 йил ўз ишини давом эттиради. Унинг номзоди 21 июнь куни Олий Мажлис Сенатида сенаторлар томонидан маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, янги таҳрирдаги Конституцияга кўра, бош прокурорнинг ваколат муддати — 5 йил. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг бош прокурори лавозимини эгаллаши мумкин эмас.

Ниғматилла Йўлдошев 1962 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент давлат юридик институтини (ҳозирда университет) тамомлаган.

Ниғматилла Йўлдошев 2011 йилдан адлия вазири бўлиб ишлаган. Меҳнат фаолиятини Олмалиқ шаҳри прокуратурасида стажёр сифатида бошлаган, прокуратура органларида катта терговчи, бошқарма прокурори, бўлим бошлиғи, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бошлиғи ва бош прокурор ўринбосари лавозимларида ишлаган.

У 2015 йилда Сенат раиси этиб сайланган. 2019 йилнинг июнь ойида президент фармони асосида собиқ бош прокурор Отабек Муродов лавозимидан озод этилгани ортидан унинг ўрнига Ниғматилла Йўлдошев лавозимни эгаллади.