Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) 15 ёшли мактаб ўқувчиларининг қўшимча домень — креатив (ижодий) фикрлашини баҳоловчи PISA-2022 халқаро тадқиқоти натижаларини эълон қилди. Асосий йўналишларни (математика, ўқиш саводхонлиги, табиий фанлар) баҳолаш натижалари 2023 йил декабрида эълон қилинганди — уларга кўра, ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари охирги ўнталикка кирган.

Ўқувчилар орасида креатив фикрлаш даражаси энг ривожланган мамлакатлар рўйхатига Сингапур, Жанубий Корея, Канада, Австралия, Янги Зеландия, Эстония ва Финляндия киради — бу мамлакатларда ўқувчиларнинг ўртача бали (41 дан 36 баллгача) бўлиб, OECD ўртача даражаси (33 балл)дан юқори. Бу давлатлар PISA-2022 асосий тадқиқотида ҳам етакчилик қилганди. Асосий тадқиқотда биринчи ўнталикдан жой олган Хитой Тайпейи, Макао ва Гонконгнинг ўртача кўрсаткичлари OECD ўртача кўрсаткичига яқин ёки бироз пастроқ бўлган.

Креатив фикрлаш бўйича энг ёмон баллни Доминикан Республикаси, Марокаш (15 балл), Ўзбекистон, Филиппин (14 балл) ва Албания (13 балл) кўрсатди.

Сингапур, Латвия, Жанубий Корея, Дания, Эстония, Канада ва Австралия каби мамлакатларда ўқувчиларнинг 88% дан ортиғи креатив фикрлашда базавий (3-даража) ёки ундан юқори даражага эриша олди (OECD ўртача баҳоси 78%).

Ўзбекистонда 3 ва ундан юқори даражага эришган ўқувчилар улуши 16,5% ни ташкил этди. Ўзбекистондаги ўқувчиларнинг энг катта қисми (61,3%) 1 ва ундан паст даражадаги креатив фикрлашни намоён этган.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ўқувчилар креатив фикрлаш даражаси юқори бўлган мамлакатлар билан паст балл олган мамлакатлар ўртасидаги фарқ 28 балл ёки 4 даражани ташкил қилади. Масалан, Ўзбекистонда креатив фикрлаш бўйича энг юқори балл тўплаган ўқувчиларнинг ўртача балли Сингапур, Жанубий Корея ёки Канада каби мамлакатлардаги энг паст балл тўплаган талабаларнинг ўртача баллидан анча паст.

oecd, pisa, креатив фикрлаш, мактаблар, таълим

75-перцентилга кирган (энг юқори балл тўплаган 25%) Ўзбекистон ўқувчилари ўртача 19 балл йиғган, бу ривожланган мамлакатларда 25-перцентилга кирган (энг паст балл тўплаган 25%) ўқувчиларнинг ўртача балидан сезиларли даражада паст.

Ўқувчиларнинг креатив фикрлашдаги баллари ва асосий соҳа баллари (математика, ўқиш, фан) ўртасида ижобий корреляция мавжуд. Креатив фикрлаш бўйича юқори ва паст балл тўплаган ўқувчилар математика фанидан мос равишда юқори ва паст балл олган. Ўқув ютуқлари креатив фикрлашда муваффақиятга эришиш учун зарурий шарт бўлмаса-да, ижодий фикрлашни ривожлантириш учун математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича камида минимал саводхонликка эришиш зарур. Эслатиб ўтамиз, PISA-2022 асосий тадқиқотлари натижаларига кўра, Ўзбекистондаги ўқувчиларнинг 60 фоиздан ортиғи саводхонликнинг учта асосий йўналишининг бирортаси бўйича ҳам минимал (иккинчи) даражага эриша олмаган.

Умуман олганда, қизлар креатив фикрлашда ўғил болаларга қараганда яхшироқ натижа кўрсатган. Қизлар учун ўртача балл 34, ўғил болалар учун 31 (Ўзбекистонда мос равишда 15 ва 14) баллни ташкил этди. OECD маълумотларига кўра, қизларнинг ўртача 82 фоизи ва ўғил болаларнинг 75 фоизи креатив фикрлашнинг базавий даражасига эришган (Ўзбекистонда мос равишда 17,9 фоиз ва 15,1 фоиз).

Ўзбекистонда нафақат турли жинсдаги ўқувчилар, балки турли ижтимоий-иқтисодий мақомга эга бўлган оилалар фарзандларида ҳам минимал фарқлар қайд этилган. OECD маълумотларига кўра, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ўзига тўқ оилалар ўқувчилари кам таъминланган оилалардаги тенгдошларига қараганда ўртача 10 балл кўпроқ тўплаган бўлса, Ўзбекистонда бу фарқ атиги 3 баллни ташкил этади.

Умуман олганда, тадқиқотчилар креатив фикрлаш бўйича энг яхши кўрсаткичларга эга бўлган мамлакатлар ўз ўқув дастурларига креатив фикрлашни интеграция қилгани, ўқувчиларнинг креатив фикрлашдаги ютуқларининг аниқ кўрсаткичларини ишлаб чиққанини ва ўқувчиларни креатив фикрлашни талаб қилувчи фанлараро лойиҳаларга жалб қилганини таъкидламоқда. Креатив фикрлашни, ўқувчиларни синфдан ташқари машғулотларга жалб қилишни рағбатлантирадиган усуллар ҳам танқидий фикрлашни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Креатив фикрлашни баҳолашда қўлланадиган тест топшириқлари намуналарини OECD веб сайтида (ўзбек, рус ва қорақалпоқ ва бошқа тилларда мавжуд) топиш мумкин.