Черногория, Босния, Албания ва Хорватиянинг Адриатика денгизи қирғоқларидаги катта қисмида электр энергиясида кенг миқёсдаги узилишлар содир бўлди, дея хабар бермоқда Reuters Черногория электр тармоқлари оператори CEDIS ва маҳаллий ОАВга таяниб. Агентликнинг қайд этишича, шу кунларда мамлакатларда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 40 даражага яқинлашган.

«Тармоқдаги узилишлар туфайли Черногориянинг деярли барча қисми электр энергиясиз қолди», — деб ёзди CEDIS Facebook`да.

Reuters мухбирининг хабар беришича, Босния ва Герцеговина пойтахти Сараево ҳамда Баня-Лука ва Мостар шаҳарлари ҳам электр энергиясиз қолган. Маҳаллий ОАВ бутун мамлакат бўйлаб электр энергияси узилиши ҳақида хабар бермоқда.

Хорватиянинг Адриатика қирғоқларидаги кўп қисмида ҳам электр йўқ. Хорватиянинг HEP энергетика компанияси мамлакатнинг айрим ҳудудларида электр ўчаётганига «халқаро узилишлар» сабаб бўлганини айтди.

Денгиз бўйидаги Сплит шаҳрида светофорлар ишламай қолганидан кейин транспорт ҳаракати тўхтаб қолди. Бутун шаҳар бўйлаб тез ёрдам сиреналари эшитилди, деб ёзади агентлик.

Албаниянинг Top Channel телерадиокомпанияси бир қатор шаҳарлар, жумладан, пойтахт Тиранада электр энергияси узилганини хабар қилди. Телеканал маълумотларига кўра, бунга Черногориядан келаётган алоқа линиясининг носозлиги сабаб бўлган.

Босниялик Dnevni avaz нашрининг ёзишича, носозликка электр линияларга ҳаддан ташқари юклама сабаб бўлиши мумкин. Газетанинг ёзишича, блэкаут Сараевода транспорт коллапсига олиб келган. Balkan Insight нашрининг қайд этишича, электр энергиясида узилишлар Черногорияда бошланган.