Ўзбекистонда «Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси ташкил этилмоқда. Бу Шавкат Мирзиёевнинг 20 июндаги «Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Давлат муассасаси шаклида ташкил этиладиган лойиҳа офиси Президент администрациясига ҳар ойда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасини ислоҳ қилиш ҳолати, амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларни бартараф этиш йўллари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиб боради.

Лойиҳа офисига тегишли вазирлик ва идоралар, уларнинг тизимидаги муассасалар, илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассисларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, шартнома асосида лойиҳа офиси фаолиятига жалб қилиш ҳуқуқи берилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва лойиҳа офисига жорий йилда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини текшириш ва экспорт улушини ошириш учун Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида халқаро талабларга мос бўлган 3 та замонавий лаборатория ташкил этиш чораларини кўриш топширилди.

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб аграр соҳадаги олий таълим муассасалари талабалари билимини, педагогларининг малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ходимлари фаолиятини халқаро тажрибалар асосида баҳолаш тизими такомиллаштириш зарур.

Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетининг таълим йўналишлари босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси, февраль ойида эса «Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси ташкил этилган эди.