Олий Мажлис Сенатининг 53-ялпи мажлисида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисини сайлаш масаласи кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

Янги таҳрирдаги Конституциясининг 95-моддаси ҳамда 109-моддасига мувофиқ қўмита раиси президентининг тақдимига биноан Сенат томонидан сайланади.

Сенаторлар Ҳалилилло Собиржонович Тўрахўжаевни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси лавозимига сайлади. У 2021 йилнинг январидан Олий суд раисининг ўринбосари — фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси сифатида ишлаб келаётганди.

Халилилло Тўрахўжаев 1972 йил 21 январда Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси.

У 1997 йил Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1991 йилда Тошкент шаҳар Ҳамза тумани судининг курьери лавозимида ишлашдан бошлаган. 1992−2008 йилларда суд тизимида турли лавозимларда меҳнат қилган.

2008−2014 йилларда Президент девони ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси хизматининг адлия ва суд идоралари фаолияти масалалари бўйича етакчи инспектори, Суд тизими фаолияти масалалари бўйича етакчи инспектори, 2014−2017 йилларда Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси, 2017 йил 12 апрелидан 12 декабрига қадар президентнинг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати давлат маслаҳатчиси ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.

2017 йилдан 2020 йилгача Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори лавозимида ишлаган. 2020 йил июндан 2021 йил январигача Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг раиси лавозимида фаолият кўрсатган.