Ахмад Худайшукурович Сувонқулов «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Сувонқулов 1968 йилда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида туғилган, Тошкент давлат техника университети (1994) ҳамда Тошкент молия институтини (2009) тамомлаган.

Турли йилларда вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (ҳозирги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) тасарруфидаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази»нинг қурилиш бўйича харид ва лойиҳаолди ҳужжатларини экспертиза қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

У мазкур тайинловгача Сурхондарё вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси директори лавозимида ишлаб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, Ахмад Сувонқуловгача «Ўзсувтаъминот»ни бошқариш 2023 йил июль ойида Дилшод Азимовга топширилганди. У 2024 йил май ойида лавозимидан озод этилганди.