Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жамоат жойида юзини таниб бўлмас даражада ёпиб юрган йигит 15 суткага қамалди. Бу ҳақда пойтахт судлари матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

20 июнь куни жиноят ишлари буйича (ЖИБ) Шайхонтоҳур тумани судида 22 ёшли йигитга йигитга оид маъмурий иш кўриб чиқилди. Суд йигитга аввалроқ қўйилган айбловлар — 195- (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ҳамда 184−4-моддалари (Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш)ни асосли деб топди.

194-модда 1-қисмини (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) эса ортиқча расмийлаштирилган дея ҳисоблади. Сабаби бу моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликни юқоридаги 195-модда ўзида акс эттирган.

Суд ҳукми билан йигитга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ ва БҲМнинг 10 баравари (3,4 млн сўм) миқдорида жарима белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 19 июнь куни йигит «Чорсу» бозори олдида қора рўмол кийиб, шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсиб юргани учун ушланганди.

«У ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб текширилганда қонуний талабга бўйсунмай, фаол қаршилик кўрсатган. Суриштирув давомида фуқаро вақти-вақти билан бурқа-ҳижоб ўраб юриши аниқланди», дейилганди хабарда.