Жиззах вилоятида болаларни оёқ кийим билан урган тарбиячи ишдан бўшатилгач, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг идораси хабар бермоқда.

Ғаллаорол туманидаги 16-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси К.М.нинг болаларга зўравонлик ҳаракатлари юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари якунлангач, унга нисбатан 21 июнь куни Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми а,в бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Таълим муассасаларида болаларга нисбатан бундай номақбул муносабат ва жисмоний жазо қўллаш ҳолатлари жавобсиз қолиши мумкин эмас. Бола давлат ва қонун ҳимоясида, дейилади хабарда.

Бундай жиноятга қўл уриш 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, тарбиячи оёқ кийим билан болаларнинг қўлига, оёғига ва юзига бир неча марта урган, тарсаки туширган ҳамда қулоғидан чўзган. Бир неча кун олдин Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганини билдирганди.