Ўзбекистон энергия соҳасида эмиссияларни камайтириш бўйича ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида Жаҳон банкидан тўлов олган дунёдаги биринчи давлат бўлди, дея хабар бермоқда Жаҳон банки матбуот хизмати.

Бу Жаҳон банкининг мамлакатга энергия самарадорлигини ошириш, энергия субсидияларини қисқартириш ва тоза энергия манбаларига ўтишга кўмаклашувчи «Ўзбекистонда энергетика ислоҳотлари учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш» (iCRAFT) лойиҳаси доирасида амалга оширилди. «Газета.uz» аввалроқ ушбу турдаги лойиҳа ҳақида батафсил ёзганди.

Хусусан, iCRAFT лойиҳаси доирасида 500 минг тонналик иссиқона газлари эмиссияси муваффақиятли камайтирилгани натижасида Жаҳон банкининг Трансформацион углерод активлари жамғармаси (TCAF) Ўзбекистонга 7,5 миллион доллар миқдорида грант ажратди. Ушбу натижаларни учинчи томон мустақил равишда тасдиқлади, дейилади хабарда.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли мамлакатни ушбу муҳим ютуқ билан табриклади.

«Ушбу ташаббус ҳукуматларнинг энергетика соҳасидаги ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш учун иқлим молиялаштируви доирасида фойдаланиладиган дунёдаги биринчи лойиҳа. iCRAFT лойиҳаси Ўзбекистонга халқаро углерод бозорларида иссиқхона газлари эмиссиялари савдоси бўйича индивидуал операциялардан ушбу соҳада дастурий (тизимли) ёндашувга ўтишда ёрдам беришга қаратилган. Умид қиламизки, ушбу пилот лойиҳа миллий иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ҳам ислоҳотлар ўтказиш учун намуна бўлиши, шунингдек, дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам ана шундай амалиётни жорий этишда намуна бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда», — деди у.

Ўзбекистон ҳукумати iCRAFT лойиҳаси орқали қабул қилинган маблағларнинг бир қисмини электр ва газ тарифларлари ошиши сабаб молиявий аҳволи оғирлашган оилаларга ёрдам кўрсатиш учун йўналтириш мажбуриятини олди. Бундан ташқари, лойиҳа маблағлари Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича давлат дастурини амалга оширишга ҳисса қўшади.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иқлимни молиялаштириш доирасидаги ушбу келишув аҳамиятини қайд этди: «Ўзбекистон iCRAFT лойиҳаси доирасида олган биринчи тўлов мамлакатнинг энергетика соҳасига ажратилган субсидияларни камайтиришга ва соҳа тушумлари ўз ҳаражатларини қоплашига эришиш мақсади сари қўйилган муҳим қадамдир. Шунингдек, бу иқтисодий ўсишга ва камбағалликни қисқартиришга ёрдам берувчи „яшил“ иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳукуматнинг кенгроқ саъй-ҳаракатларига ҳисса қўшади».

«iCRAFT инновацион лойиҳаси доирасида „углеродли молия“ (CО2-эквивалентида ўлчанадиган иссиқхона газлари эмиссиясининг камайтирилиши) олиш орқали Ўзбекистон иқтисодиётнинг тоза энергияга ўтиши жараёнини тезлаштиради. Шунингдек, лойиҳа мамлакатнинг халқаро углерод бозорларидаги транзакцияларда фаол иштирок этувчи минтақавий етакчи сифатидаги ролини мустаҳкамлашга ёрдам беради», — деди Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов.

iCRAFT лойиҳаси Ўзбекистон ҳукуматига тегишли инфратузилма, тизимлар, механизмлар ва ҳужжатларни ишлаб чиқишда ёрдам беради, бу эса мамлакатни келажакда бошқа халқаро ҳамкорлар ва хусусий инвесторлар кўмагида углерод бозорида шунга ўхшаш халқаро операция ташаббусларини амалга оширишга тайёрлайди.

Шунингдек, лойиҳа мамлакатнинг Париж келишуви 6-моддаси бўйича олган мажбуриятлари бажарилишини мониторинг қилиш, ҳисобот бериш ва текшириш механизмини ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Лойиҳани амалга оширишда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлигидан ташқари Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Гидрометеорология хизмати агентлиги (Ўзгидромет) ҳам иштирок этмоқда.

Юқорида келтирилган тўлов Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки ўртасида иCРАФТ лойиҳаси доирасида тузилган қисқартирилган эмиссияларни сотиб олиш шартномаси бўйича кутилаётган бир нечта траншларнинг биринчисидир. Битимга кўра, мамлакат энергетика секторини ислоҳ қилиш натижасида эмиссияларни, мустақил равишда тасдиқланган ҳолда, қисқартирганлиги учун 20 млн долларгача грант маблағлари ёки «углерод молияларини» олиши мумкин бўлади.

iCRAFT лойиҳасини амалга ошириш давомида Ўзбекистон 60 млн тонна иссиқхона газлари эмиссияларини камайтиришни режалаштирмоқда. Шундан 2,5 млн тоннага яқин иссиқхона газлари лойиҳа доирасида мамлакатдан харид қилинади. Ўзбекистон қолган углерод бирликларини iCRAFT лойиҳасини амалга ошириш жараёнида яратилган ва синовдан ўтказилган тизим ва механизмлар ёрдамида халқаро углерод бозорларида сотиши мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2018 йилда Иқлим бўйича Париж келишувини ратификация қилиб, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан иссиқхона газлари (карбонат ангидрид, метан, азот оксиди) ажратилиши ҳажмини 2010 йилдаги базавий даражадан 10 фоизга камайтиришга ваъда берганди. 2021 йилда Ўзбекистон ушбу шартнома бўйича мажбуриятларини оширди.

Ўзбекистоннинг янги мақсади 2030 йилга бориб ЯИМ бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ажратилишини 2030 йилгача 2010 йил даражасидан 35 фоизга (илгари кўрсатилган 10 фоиз ўрнига) камайтиришдан иборат.