Фарғона вилоятида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида жиноят олами вакиллари билан яқин алоқада бўлган ва бир қанча жиноятларни содир этишда гумонланаётган шахс қўлга олинди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси.

Маълум қилинишича, Марғилон шаҳри ҳудудида «положенец» маъқомига эришиш учун ҳаракат қилаётган шахс тўғрисида маълумотлар олинган. Ушбу шахс 1990 йилда туғилган, Фарғона вилояти Қўштепа тумани «Баланд масжид» МФЙда яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 166-моддаси (Талончилик) 2-қисми билан судланган Абдулло Эгамбердиев бўлган.

У 2022−2023 йилларда «Бахти Ташкентский» — қонундаги ўғри мақомини олган Бахтиёр Қудратиллоев ҳамда «Салимбойвачча» — Салим Абдувалиев билан танишиб, яқин алоқада бўлиб, жиноят оламида етакчиликка интилиб келган, дейилади хабарда. Тезкор тадбирда Абдулло Эгамбердиев Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида қўлга олинган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми «а», «б» бандлари, 28-моддаси орқали 211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу шахсдан жабр кўрган фуқаролардан яқин орадаги ичи ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беришлари сўралди.