Ўзбекистонда «Бахти Ташкентский» мақомини олган Бахтиёр Қудратуллаев ва 36 нафар айбланувчи бўйича бошланган суд мажлисини ёритиб бораётган «Дарё» журналисти Отабек Қўлдошев ИИБга чақирилди.

«Дарё» журналисти Отабек Қўлдошев 3 июнь куни Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов томонидан очиқ суди билдирилган судда қатнашган. Унда судья саволларига жавоб берган Бахтиёр Қудратуллаевнинг қамоқдан чиққанидан сўнг, давлат ташкилоти вакиллари унга алоқага чиқиб, мамлакатда ёшлар, спортчилар орасида пичоқбозлик кўпайиб кетаётгани учун «кўча»ни тартибга солишни сўраганини айтганини ёзган. Таҳририят бу гапларнинг исботи сифатида суд жараёнида тасвирга олинган видеони ҳам эълон қилган.

Нашрнинг маълум қилишича, 22 июнь куни Юнусобод туман ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ 405-сонли таянч пунктига чақирилган журналистдан тушунтириш хати олинган. Унинг устидан судга раислик қилаётган судья Толибжон Обидов томонидан шикоят қилингани айтилмоқда.

Журналист билан мулоқот қилган профилактика катта инспектори, подполковник Хайрулла Дўстов унга 3 июнь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносидаги очиқ судда айтилган маълумотни сайтда ёритгани учун гумонланувчи саналаётганини билдирган. Шу сабаб ЖИБ Шайхонтоҳур туман суди раиси Толибжон Обидов томонидан тақдимнома киритилганини айтган. Аммо гумонланувчи сифатида ИИБга чақирилган журналист шикоят нусхаси билан таништирилмаган, дейилади хабарда.

daryo.uz, бахти ташкентский, журналист, ииб, очиқлик

Отабек Қўлдошев нима айб қилгани ва қайси иши хато эканлиги ҳақида сўраган саволига инспектордан «ўша кунги судда видео олиб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатганингиз учун», деган жавоб олган. Шунингдек, ИИБ ходимлари журналист олиб чиққан маълумот хорижий ОАВда чиқиб кетганини айтган.

ИИБ ходимининг билдиришича, судья ўз шикоятида 3 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисида ОАВ вакилларига мурожаат қилиб, суд терговига халал берувчи маълумотларни очиқлаш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Нашр журналистининг қўшимча қилишича, ҳақиқатан ҳам ўша судда суд терговига халал берувчи маълумотларни очиқлаш мумкин эмаслиги таъкидланган. Бироқ судья суд терговига халал берувчи маълумотлар айнан нималардан иборатлигига аниқлик киритмаган.

Шунингдек, судья ёрдамчилари яна бир журналист Uznews.uz мухбирини суд мажлисига ҳам олиб кириб, судья билан юзлаштирган. Судья Толибжон Обидов журналистга судда кўрсатма берган жабрланувчининг юзини кўрсатгани, гапларини оммага ошкор қилгани учун огоҳлантирган. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдимнома киритилишини айтган. Судья ёрдамчилари эса барча ОАВ вакилларини залдан чиқариб, уларнинг телефонини текширмоқчилигини айтган. Жумладан, «Дарё» журналистининг ҳам. Журналист бунга асос талаб қилган. Шундан сўнг судья ёрдамчилари телефонни титиш фикридан қайтган ҳамда журналистлардан жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини ёритмасликни талаб қилган.

Улар журналистларнинг «Судланувчиларнинг гапларини берсак бўладими», деган саволига эса бунга қаршилик йўқлигини айтишган. Шундан сўнг «Дарё»да мазкур суд мажлисидаги судланувчиларнинг кўрсатмаларидан иборат бир нечта хабарлар эълон қилинган. Судья ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят қилаётганда сайтнинг бошқа материалларига эътироз қилмаган.

«Сайтдаги хабарда Бахтиёр Қудратуллаевнинг исм-шарифи очиқлангани суд терговига халал берганми ёки унинг айтган гапларими деган савол туғилади. Бироқ жавоби аниқ эмас, ҳолбуки Бахтиёр Қудратуллаевнинг исм-шарифи очиқланиши, расмининг оммага эълон қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар нафақат «Дарё»да, барча сайтларда, шунингдек, Олий суд ва ИИВ ахборот хизматлари берган хабарларда ҳам учрайди», — дейилади хабарда.

Нашрнинг ёзишича, Бахтиёр Қудратуллаев ва 36 нафар айбланувчи бўйича бошланган суднинг 10 июнь куни давом этган мажлисида журналистларнинг видео ҳамда аудиомаълумотлар олишига чек қўйилган. Бу ҳақда суд раисининг ажрими ҳам чиқарилган.

Судьялар олий кенгаши ахборот хизмати бу ҳолатни изоҳлаб, суднинг мазкур ажрими суд мажлисида журналист ва блогерларнинг иштирокини узил-кесил тақиқламаслигини, улар жараённи бевосита кузатиши, ўзлари учун зарур қайдлар қилиб бориши ҳамда турли башорат ва тахминларга берилмаган ҳолда ахборотлар эълон қилиши мумкинлигини ёзиб чиққан. Шундай бўлса-да, аксарият журналистлар бу каби тақиқлардан сўнг мазкур суд жараёнида қатнашишдан бош торта бошлаган, хусусан, «Дарё» журналисти ҳам.

«Ваҳоланки, бу хабар „Дарё“ интернет нашрида эълон қилинган ва бу хабарнинг эгаси тўғридан тўғри сайт ҳисобланади — айнан бир нафар журналист эмас. 22 июн куни эса журналист ИИБга чақирилиб, устидан ёзилган шикоят аризаси билан таништирилмаган ҳолда тушунтириш хати ёздириб олинди», дейилади сайт хабарида.

Маълумот учун, Ўзбекистон Конституциясида ҳам шунингдек, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги қонунларда ҳам ОАВ вакилларининг эркин ахборот олиши ва тарқатиши кафолатланган.