Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида йигит талаба қизни пичоқлади, дея хабар бермоқда вилоят прокуратураси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳолат 22 июнь куни соат 08:30 ларда содир бўлнан. Фуқаро М.Э (йигит) ўзига олдиндан таниш бўлган Қарши давлат университети талабаси фуқаро С.Т. (қиз) билан университет ҳудудида ўзаро жанжаллашган.

Йигит қизнинг танасини турли соҳаларига ўзи билан олиб келган пичоқни 8 маротаба санчиб, оғир жароҳат етказган. Шундан сўнг ўзининг қорин бўшлиғига пичоқ санчиб, ўзига-ўзи ҳам тан жароҳати етказган.

Ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан фуқаро М.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.

Жабрланувчи ҳозирда шифохонада тиббиёт ходимлари назорати остида даволанмоқда. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.