14 февраль куни «Док-1 Макс» иши бўйича апелляция суди терговини ниҳоялаган эди. 21 июнь куни суд музокараси бошланди. Судланувчилар Амирхон Азимов, Нодирбек Мусаев, Шерзод Абдуғаниев, Исломбек Мирзаёқубовларнинг адвокатлари музокара нутқини қилишди.

Иш бўйича 20 нафар жабрланувчининг қонуний вакиллари сўз олиб, Сардор Кариевнинг онаси Мунира Кариева тўлаб бермоқчи бўлган товон пули бўйича фикр билдиришди. Фарзанди доридан ногирон бўлиб қолган ота-оналар уларни даволатиш учун, доридан фарзанди вафот этган ота-оналар эса олган қарзларини тўлаши учун пул зарурлигини айтиб, биринчи инстанция суди ҳукми бўйича ажратилган товон пули тўлаб бериладиган бўлса, даъвоси йўқлигини, Сардор Кариев, қолаверса, бошқа судланувчилар ҳам озодликка чиқса, қарши эмаслигини билдирди.

Мунира Кариеванинг қонуний вакили Аброр Набиев эса бир кун аввал суд депозити ҳисобига 500 миллион сўм ўтказилгани, бу давом этиши, суммалар ошиши ҳам мумкинлигини маълум қилди.

Суд сўнггида Судья Музаффар Аҳмедов адвокат Набиевга апелляция ишини кўп чўзолмаслиги, шунча жабрланувчи умид қилиб келгани, имкони бўлса, Мунира Кариевага тўловларни тезлаштириш масаласини ҳам етказишини билдирар экан «Энди жабрланувчининг даъвоси бўлмагани бу қонунчилик бўйича ҳам енгиллаштирувчи ҳолат, ҳамманглар биласизлар», — деб таъкидлаб ўтди.

«Газета.uz» одатга мувофиқ суд мажлиси стенограммасини тақдим этади.

Судья Музаффар Аҳмедов: Суд мажлисини давом эттирамиз. Демак, олдинги мажлисда суд терговини тамомлаб, музокарасига ўтгандик. Ҳимоячилар, кимдан бошлаб турамиз? Алимқулов сиздан бошлаймизми? Бугун жуда кўп жабрланувчилар келган экан-а? Кўпчилик суд залининг ўзига, видео-конференс-алоқадан ҳам, жами 20 нафар жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари иштирок этишаётган экан. Ҳозир ҳимоячиларни эшитамиз, кейин жабрланувчиларни ҳам. Менимча, бугун улгурмасак керак. Кейинги сафар жабрланувчиларнинг ҳам фикрларини эшитамиз.

Жабрланувчилардан бирининг онаси: Шу сафар жабрланувчиларни эшитсак [бўладими?]. Чунки ҳамма узоқдан келади, кейинги сафар келолмаслиги мумкин. Қорақалпоғистондан, у ёқдан, бу ёқдан.

Судья: Бўлди, ҳозир ҳимоячиларнинг битта-иккитасини эшитиб олайлик. Чунки тартиби бўйича ким шикоят берган бўлса, ўшалардан бошланиши керакда. Жиноят-процессуал кодекси бўйича тартиби шунақа-да.

Судланувчи Нодирбек Мусаевнинг адвокати Алимқуловнинг музокара нутқи

Адвокат Алимқулов: Ҳурматли суд ҳайъати, мен процессда Мусаевнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилдим. Суд тергови жараёнида бир қатор гувоҳлар қўшимча равишда сўроқ қилинди. Ўшаларнинг фикрини олган ҳолда янаям ҳимоя фикрим бўйича Мусаевнинг хатти-ҳаракатида ҳеч қандай жиноят аломатлари мавжуд эмас деб ҳисоблайман. Чунки ўша пайти, экспертиза бераётган пайти, тавсия берилганда, қабул қилинганда Мусаев умуман ишда бўлмаганлиги тўлиқ тасдиқланди.

Бундан ташқари, 186−3 моддаси бўйича жавобгарликка тортиш учун қонун талаби бўйича аслида ўзи ишлаб чиқарувчи бўлиши кўрсатилган. Лекин мазкур ҳолатда «Док-1 Макс» ва бошқа дорилар Ҳиндистонда ишлаб чиқарилганлиги тўлиқ тасдиқланган. Мусаевнинг ишлаб чиқариш жараёнига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу сабабли унинг хатти-ҳаракатларида 186−3 моддаси аломатлари мавжуд эмас деб ҳисоблайман.

Бундан ташқари, дориларга қўшилган қўшимчаларни ҳам текшириш зарурияти йўқлиги ҳам тўлиқ тасдиқланди деб ҳисоблайман. Қолаверса, пора олиш бўйича ҳам иш бўйича Шодмонов, Азимов, Мусаевнинг кўрсатмалари билан пора олганлик ҳолати тасдиқланмаган деб ҳисоблайман. Чунки 2014 йилдаги қўшма кўрсатма талабларига биноан эътибор қиладиган бўлсак, ҳозирги кунда жиноят ишида айнан Мусаев пора олганлигини тасдиқлайдиган аниқ далиллар мавжуд эмас. Ҳеч қандай аудио ёзув, пора предмети ҳам йўқ. Фақатгина тергов жараёнида тазйиқ ёки мажбурлов асосида берилган кўрсатмаларга асосан улар 210 [-модда] билан асоссиз равишда жавобгарликка тортилган.

Шу сабабли шикоятда келтирилган важларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Мусаевнинг ҳаракатларида ҳеч қандай жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли унга нисбатан реабилитация қилиш ҳақида ҳукм чиқаришларингизни, апелляция шикоятини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Қаноатлантириб беришларингизни сўрайман.

Судья: Раҳмат. Жумабоев, сиз кўпинча вилоятларда бўласиз. Шунинг учун сизники билан танишиб олсага?

Судланувчи Шерзод Абдуғаниевнинг адвокати Жумабоевнинг музокара нутқи

Адвокат Жумабоев: Ассалому алайкум, ҳурматли процесс иштирокчилари, ҳурматли судлов ҳайъати. Мана бир ойдан ортиқ вақт давомида ҳимоям остидаги Абдуғаниев ва бошқаларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқдик. Қисқача тўхталадиган бўлсам, Абдуғаниевга оид жиноят ишини кўриб чиқишда бизга маълум бўлдики, ортиб қолган дори воситаларини муҳокама қилиш масаласида бирорта ҳолатда ортиб қолган, талон-тарож қилинганлиги айтилган дори воситаларининг миқдори тўғрисидаги тушунчанинг ўзига эга бўлмадик.

На тергов органи буни тақдим қилган, на биринчи инстанция судида у ҳолатга аниқлик киритилган. Томонлардан бирортаси, ҳаттоки судланувчилар ҳам унинг аниқ миқдори тўғрисида умуман тушунчага эга бўлмади. Қиймати тўғрисидаги тушунчалар умуман олинмаган. Қайси фирмалардан қайси миқдордаги, қайси турдаги дори воситалари текширилиш учун тақдим қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳам умуман жиноят ишининг ўзида мавжуд эмас.

Фақат жиноят ишидаги ягона объектив далил — уларнинг чин кўнгилдан пушаймон бўлиб дориларни талон-тарож қилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар. Ўзлари томонидан, бошқалар томонидан, дорихоналар томонидан олиб келинган дориларнинг, ҳатто жиноят иши доирасида қийматини, қаердан келганлигини аниқлашнинг имкони бўлган дорларнинг ҳам миқдор ва қийматига аниқлик киритилмаган.

Шу ҳолатда янa бир алоҳида нарсани таъкидлаб ўтардим. Мана бизнинг қўлимизда жиноят иши бўйича адвокатлик сўрови натижасида Дори воситаларини стандартлаштириш илмий марказидан олинган жавоб бор. Жиноят иши юзасидан Абдуғаниев ва бошқалар томонидан жамиятга зарар ёки зиён етказилмаганлиги, тежаб қолинган дори воситалари ёки тиббий буюмлар ҳисобига юритилмаганлиги, уларнинг қиймати аниқланмаганлигини, жамият мижозлари томонидан лаборатория текширувларидан ўтказиш учун тақдим қилинган намуналар юзасидан жамиятга тадбиркорлардан шикоятлар келиб тушмаганлиги маълум қилинмаган. Бу маълумотнома 2024 йил 27 март куни олинган.

Бундан ташқари, суд тергови давомида апелляция босқичида жамиятнинг бош ҳисобчиси Шукурова келди. Шукурова ҳам жамиятда инвентарь сифатида ёки бошқа бир кўринишда ортиб қолган дори воситаларининг қиймати, ўлчами, миқдори ҳам буғгалтерия ҳисобидан ўтказилмаганлигини кўрсатди. Яъни уларнинг қанчаси келган, қанчаси ошиб қолган, унинг миқдори, қиймати қанча, у тўғрисида маълумотлар жамиятда йўқлигини айтди.

Бундан ташқари, жамиятга унинг ўзининг кўрсатмасида ҳам бирорта бир тадбиркор томонидан ортиб қолган дори воситаларини талон-тарож қилинганлиги тўғрисида кўпроқ олганлиги белгиланган маълумотларнинг ўзи ҳам тақдим қилинмади, жамиятда унақа маълумотларнинг ўзи ҳам йўқ.

Ҳатто бош ҳисобчининг ўзи ҳам жамиятга бунинг натижасида на моддий зарар, на жиддий зиён етказилмаганлигини айтди, ҳеч қанақа даъвоси йўқлигини билдирди. Яъни бу жамиятнинг вакиллари, мансабдор шахслари ёки буғгалтерия ходимлари, юристлари суд тергови давомида ҳам, дастлабки терговда ҳам улардан бу бўйича умуман сўралмаган, жамиятда маълумот қилинмаган.

Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, бу ерда дори воситалари маълум бир қийматга эга бўлган моддий қийматликлар ҳисобланади. Жиддий зиён сифатида буларни баҳолашнинг ўзи қонунан зид бўлади. Лекин бу жиддий зиён етказилган сифатида биринчи инстанция суди ҳукмига асос бўлган.

Жиддий зиён моддий қимматликка эга бўлган нарсалар томонидан етказилиши умуман мумкин эмас, чунки бу дори воситаларининг реализация қилиниши оқибатида бирор бир шахснинг соғлигига ҳеч қандай зиён етказилмаган. Улардан заҳарланганлик ҳолати умуман маълум эмас.

Буни ҳалиги иш бўйича жабрланувчи деб топилган ёки бошқа Оммавий ахборот воситаларига бир алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим. Ҳимоям остидаги Абдуғаниевга нисбатан қисм — болаларнинг заҳарланиши билан боғлиқ бўлмаган алоҳида ҳолат, «Док-1 Макс»га ҳам, «Амбронол»га ҳам алоқаси йўқ.

Яъни мазкур жиноят ишида ҳеч қанақа далил бўлмаса ҳам ҳимоямиз остидаги шахс Жиноят кодексининг 205-модда, 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан жазо тайинланди. Нафақат жазо тайинлаш, бунинг оқибатларида унга қўлланилган жазо уй қамоғи билан биргаликда у соҳасида, давлат мансабларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинди. Бу билан у тўрт нафар фарзандини моддий жиҳатдан таъминлаш, ўзининг мутахассислиги бўйича ишлаш ҳуқуқидан ҳам бевосита маҳрум қилинди.

Биз томон Абдуғаниевнинг жиноят содир этганлиги тўғрисида на дастлабки тергов давомида, на суд тергови давомида бирорта объектив далил бўлмади деб ҳисоблаймиз. Лекин шунга қарамасдан, фарзандлари вафот этган ота-оналарга чуқур таъзиямни билдириб, касалларига шифо топишини сўраган ҳолда, биз келажакда шу ҳолат бўйича жиноят ишининг қаерда резонанс берганлиги, жамиятда шифокорларга, фармацевтика соҳаси ходимларига нисбатан қаттиқ эътирозлар бўлганлигини инобатга олиб, бундан ташқари, ҳимоям остдаиги Абдуғаниев биринчи марта жиноят содир қилганлиги, доимий иш жойига эга эканлиги, ўзининг доимий равишда қандли диабет касаллиги билан касалланганлиги, қарамоғида тўрт нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олиб, жиноят ишининг унга нисбатан бўлган қисмини, Жиноят -процессуал кодексининг 84-моддаси, бешинчи қисми, иккинчи бандига асосан тугатишингизни сўрайман.

Судья: Имомов тайёрмисиз?

Судланувчи Исломбек Мирзаёқубовнинг адвокати Имомов

Адвокат Имомов: Ассалому алайкум, раислик қилувчи, суд ҳайъати, ҳурматли процесс иштирокчилари. Мирзаёқубовнинг адвокати Имомов бўламан. Тошкент шаҳар судининг 2024 йил 26 февраль кунги ҳукмига асосан менинг ҳимоямда бўлган Мирзаёқубов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-модданинг биринчи қисми билан айбли деб топилиб, шу моддага асосан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, икки йил муддатга фармацевтика соҳасидаги давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда икки йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Ҳурматли суд ҳайъати, мен ҳозир жиноят иши фабуласига тўхталиб ўтирмайман. Чунки бир йил давомида ҳаммага ёд бўлиб кетди. Бўлиб ўтган суд тергови давомида биринчи инстанция судида унга эълон қилинган айбловлар ўз тасдиғини топмаган, Мирзаёқубовнинг айбини ошкор қиладиган бирор-бир далил аниқланмаган бўлса-да, суд бу ҳолатларни инобатга олмасдан, унга эълон қилинган моддани 209-моддани 2-қисми бўйича айбсиз деб топиб, оқлов билан, 205[-модданинг] иккисидан бирга ўтган ҳолда икки йил озодликни чеклаш жазоси тайинлаган.

Бу ҳукм билан келишиб бўлмайди ва оқлов ҳукмини чиқаришни сўраймиз. Суд тергови жараёнида Мирзаёқубовнинг қолган процесс иштирокчилари, қолган судланувчилар билан тил бириктирганлиги ёки бирор бир баённомаларни сохталаштирилганлиги ҳолати бўйича умуман кўрсатмалар ҳам бўлмади. Уларнинг айбини ошкор қиладиган бирор бир гувоҳлар, судланувчилар томонидан кўрсатмалар берилмади.

Бундан ташқари, дастлабки тергов органи томонидан Мирзаёқубовнинг ҳаракатлари оқибатида давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилганлиги кўрсатилган бўлсада, лекин давлат ва жамоатга қандай зарар етказилганлиги аниқланмаган.

Шунингдек, республикамизда хориждан импорт қилувчи ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчи субъектлар томонидан Дори воситаларини стандартлаштириш илмий марказига лаборатория текширувлари ўтказиш учун тақдим этилган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тежаб қолинганлиги ёки лозим даражада текширувдан ўтказилмаганлиги юзасидан бирор бир шикоят келиб тушмаган.

Синов текширувлари субъектлар томонидан ўтказилган пуллар эвазига амалга оширилган.

Бундан келиб чиқадики, давлат ва жамоат манфаатларига ҳеч қандай зарар етказилмаганлиги ва лаборатория текширувлари тўлиқ ва лозим даражада ўтказилганлигини кўриш мумкин.

Дастлабки терговда ва суд тергови даврида Мирзаёқубов кўрсатмаларидан [келиб чиқиб айтиш мумкинки], ортиб қолган дори воситалари тежаб қолинмаган, аксинча, текширувдан ортиб қолган дори воситалари ва тиббий буюмлар лозим текширувлардан ўтганлиги ва инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф бўлмаганлиги сабабли хонада битта-иккита қолиб кетган бўлиши ҳам мумкин. У нарса атайлаб орттириб қолинмаган.

Энди мисол учун, ўнта берилса, 6−7 тасида керакли натижа олиш мумкин. Ундан кейин ишчи кучини ҳам, ёки бошқа бир реагентларни ишлатмаслик учун олинган текширув анақаси бўлгандан кейин уни ўтказиш лозим эмас деб топилган. Лекин битта-иккита ортиб қолган бўлиши мумкин.

Дастлабки тергов, суд тергови жараёнида Мирзаёқубов бор ҳақиқатнинг ҳаммасини яширмасдан гапириб берди. Ваҳоланки, теров органи томонидан мазкур текширувдан ортиб қолган дори воситалари ва тиббий буюмлар тақдим этувчи тадбиркорлик субъекти томонидан зарар кўрилганлиги ёки давлат манфаатларига зиён етказилганлик ҳолати аниқланмаган.

Чунки тадбиркор томонидан уларга текширув натижаларига кўра моддий ёки бошқа зарар етказилганлик ҳолати юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки бошқа тегишли органларга мурожаат қилишмаган. Бундан келиб чиқадики, Мирзаёқубов ҳаракатлари оқибатида давлат ва жамоат манфаатларига умуман зарар етказилмаганлиги яққол кўзга ташланиб турибди.

Биринчи инстанция судида ҳам бу нарса ўз тасдиғини топди, мана ҳозир ҳам апелляция инстанциясида бу тўғрисида кўрсатувлар бериб ўтилди. Ундан ташқари, Мирзаёқубовнинг айблов бўйича «Док-1 Макс» дорисига умуман алоқаси йўқлиги, жиноят ишида буларники қандоқ пайдо бўлиб қолганлиги ҳалигача сирлигича қолмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, ҳурматли суд ҳайъати, Мирзаёқубовнинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, ҳурматли суд ҳайъати, жиноят ишининг қисмини 82-модданинг иккинчи бандига асосан оқлов ҳукми чиқаришингизни сўраймиз. Раҳмат.

Судья: Раҳмат. Марҳамат, ҳимоячилардан ким? Латифов, Набиев, тайёрми?

Адвокат Аброр Набиев: Бизда ҳимоя нутқи тайёр, лекин ишни ўргансак, Раҳматов берган экан-да. Сизга мурожаат қилишим, биз чўзмоқчимасмиз ишнинг энг асосий фикрни етказмоқчимиз. Раҳматов Тошкентда эмасдилар, душанба куни кечқурун келадилар. Агар қолганларники тайёр бўлса, уч кишининг номидан қилинган, муаммо йўқ.

Бундан ташқари, қўшимча қилмоқчи эдим, биз, яъни Кариева Мунира тарафларидан суд депозити ҳисобига 500 миллион сўм ўтказилди. Бу давом этади. Суммалар ошиши ҳам мумкин. Ҳар ҳафта тўлаб турилади.

Судланувчи Амирхон Азимовнинг адвокати Ҳусановнинг музокара нутқи

Адвокат Ҳусанов: Азимов манфаатларидан. Ҳамма важларимиз апелляция шикоятида келтирилган. Шунинг учун ҳаммасига тўхталиб ўтирмайман. Фақат асосий эътибор қаратадиган жойларига суд эътиборини қаратмоқчиман. Маслаҳатхонага кирганингларда адвокатлар томонидан келтирилган ҳамма важларни ўрганиб, кўриб, ҳар битта важга имкон борича жавоб топиб, шунга қараб ажрим қилишингларни сўрардим.

Биринчи эътибор қилинадиган нарса, қонун талаблари борда. Жиноят-протессуал кодексида, Жиноят кодексида, ҳеч қанақа айблов тахминга асосланиши мумкинмас деб [кўрсатилган]. Лекин бу ҳукм фақат тахминга асосланган. Тергов органининг ҳам хулосаси шунга асосланган.

Яъни қайтариб ўтаман, Давлат маркази «Кураракс» дорисини бориб текширганда «Док-1 Макс»даги камчиликлар аниқланар эди деган [тахмин]. Яъни хаёлан. Агар бўлганда, бунақа нарса бўларди.

Бу мумкин эмас, ҳеч қанақа айблов тахминга асосланиши мумкин эмас. Агар «Док-1 Макс»дан ўзининг қабул қилишида, ўзининг жараёнида жиноят аломатлари бўлган бўлса, ўшани аниқлаб бериш керак. «Амбронол» бўлганми, «Амбронол»нинг ўзида. «Кураркс»ми «Кураракс»нинг ўзи алоҳида кўрилиши керак.

Булар мана суд мажлисида ҳам кўрсатиб берилди, апелляцияда ҳам кўрсатиб берилди, ҳар бир дори линияси «произвадители» 30−40 тагача линия бўлиши мумкин. Текширувга тушган линия фақат ўша жойни текширади, бошқа жойни текшириши мумкин эмас. «Кураракс» бу — таблетка линия, «Док-1 Макс» бу — сироп линия. Бу тахмин бўйича.

Иккинчи ҳолати, «Кураракс» дориси бўйича агар шу билан боғланадиган бўлса, бунда Азимовнинг ҳаракати нимадан иборат? Муҳокамасида қатнашмаган, протоколига имзо қўймаган, қарорига имзо қўймаган, котибга раҳбарнинг топшириғини етказганда котиб унинг рад жавобини берган. Яъни оқибат билан ҳаракатнинг ўртасида сабабий боғланиш йўқ.

Бу ҳам бу ҳолатда Азимовда жиноят аломати йўқлигидан далолат беради. Ва энг асосийси, шу нарсага ҳам бир жиноят ишини ўрганганингларда эътибор қилинглар, ўша баённомани сохталаштирган Умид Темиров очиқда юрибди. Гувоҳ бўлиб ўтяпти. Лекин жиноятни содир қилган бўлса, ўша содир қилган.

Ва бу «Кураракс»ни инспекциядан ечиш ташаббуси кимдан чиққан? Улуғбек Эгамов деган Фармагентликнинг директорининг ўринбосаридан чиққан. У ҳам қанақадир сабабларга кўра, гувоҳ бўлиб ўтган, жиноят ишига жалб қилинмаяпти. Уни билмайман, қанақа «заслуга»лари борки, бу қонунни четлаб ўтяпти. Унга нисбатан қонун ишламаяпти.

Демак, иккинчи ҳолат бўйича, «Валлас» корхонасининг дори воситалари давлат рўйхатидан ўтганлиги учун пора предмети қўйилган. Бир қанча важлар келтирилган, апелляция шикоятида келтирилган, нутқимизда ҳам тақдим қиламиз. Мана […] Азимов 6 минг АҚШ доллари олган экан. Бу сумма қаердан келиб чиққан? Бу сумма Азимовнинг хизмат сафарида Америкада бўлган вақтда унинг ўша ерда кетказган харажатларининг расшифровкаси олинган. 6 минг АҚШ долларига тўғри келган, пилус, минус, майдаси билан.

Ва шу нарса ушлаб олинган, сен 6 минг АҚШ доллари олгансан деб. Судда биз кўрсатиб бердик, пул қаердан келиб чиққанлиги, қаердан харажат қилинганлиги, қанақа қилиб тўлдирилганлиги, бу виза картасидан тўланганлиги, виза картасига қаердан пул тушганлиги, ҳаммаси кўрсатиб берилди.

Ва шу нарсаларни кўриб туриб ҳам прокурор ўзининг музокарасида 210-моддадан воз кечди. Ҳам Азимовдан, ҳам Мусаевдан.

Бу ерда ЖПКнинг моддаси бор, 409-модда. «Суд муҳокамасида прокурор давлат айбловидан воз кечса, бу суд томонидан жиноят ишини реабилитация асосга кўра тугатилиши кўра асос бўлади» деб қўйилган. Лекин бу нарса бўлгани йўқ. Яъни бу ерда очиқдан-очиқчасига қонун ишламаяпти. Бу янги қонун.

Битта савол туғиладида қонунлар нима учун қабул қилинади? Реал ишлаши учунми ёки шунчаки кўзбоямачилик учунми? Агар қонун ишлаш учун қабул қилинадиган бўлса, буни ишлатиш керак. Ким ишлатади буни? Фақат қўллай оладиган суд ишлатиши мумкин. Нима дейди, одам додини қаёққа айтишни ҳам билмаяпти-да. Ҳар қанақасига ҳеч ким эшитаётгани йўқ, қонун борлигига ҳамма кўз юмяпти.

Яна бир қанча кичикроқ эпизодлар бор. У бўйича ҳамма важлар келтирилган. Ҳаммаси яна тахмин, келажакда шу нарсалар бўларди деган тахминга асосланган.

У бўйича мана санаб ўтаман, 11 та дори воситасини тан олиш йўли билан қабул қилиш. Бу ҳеч қанақа кун тартибига ҳам қўйилмаган, у бўйича масалалар ҳам кўтарилмаган. Фақат ариза топшириш жараёнида бўлган.

Энди мана яна қизиқ ҳолат, зарар масаласига тўхталмоқчиман. Биз ҳам амалиётчимиз. Агар қайсидир бир давлат ташкилотини ёки бир қанақадир корхонани ходимларими жиноят оқибатида зарар етказиб қўйса, зарар ўша корхонадан ундирилади. Ва корхонага судланувчилардан (…) тартибда ундириш кўрсатилади.

Лекин мана оғизни тўлдириб, бир миллиард сўмдан жабрланувчиларга ундириш кўрсатилди. Менинг фикримча, бу жабрланувчиларни тинчлантириш учун қилинди. Агар ҳақиқатдан Давлат марказининг ходимлари шу ерда айбдор бўлса, нимага бу сумма Давлат марказидан ундирилмади? Осон бўлардию, бюджетдан ундириларди пул. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар тўланарди.

Лекин иккита ҳолатда. Агар [товон пули] Давлат марказидан ундирилганда, буджетдан пул ундирилганда бир миллиарддан ундирилган бўлармиди деган савол бор. Мана, биз ўргандик, компаниялардан бола ўлгани учун қанчадан ундирилади? 50 миллион, 100 миллион, энг кўпи юз миллион[сўм]гача ундирилади.

Лекин бу ерда оғизни тўлдириб, бир миллиарддан ундириш кўрсатилди. Чунки жисмоний шахсдан ундириляпти. Буни 1 триллион ҳам кўрсатса бўларди. Лекин реалда у пулни қанақа қилиб ундирарди? Шу сабабли маслаҳатхонада зарар суммасини ҳам ўйлаб кўришни сўрардим.

Ва зарарни ундириш масаласи агар судланувчилар айбдорлигида қоладиган бўлса, Давлат марказидан ундиришни сўрардим. Ва Давлат марказига судланувчилардан кейин ундириш масаласини кўриб чиқишингизни сўрардим.

Энди Азимовнинг шахсига оид ҳолатларнинг ҳаммаси тақдим қилинган. Яна қўшимча равишда унга тавсифномани тақдим қиламиз. Ҳозирги кунда мана шу жиноят иши оқибатида соғлиғига жуда катта путур етказилган (Апелляция суди кўрилаётганда судланувчи Амирхон Азимовда саратон касаллиги аниқланган — таҳр.). Бу бўйича ташхислари ҳам бор. Бу аниқланган факт. Қолаверса, у яқинда фарзандли ҳам бўлди. Шуларнинг ҳаммасини инобатга олиб, имкон қадар Азимовга енгиллик беришингларни сўрардим. Эътиборинглар учун раҳмат.

Жабрланувчилар

Жабрланувчи Нодирбек Алижоновнинг отаси Анвар Абдуллаев

Жабрланувчининг отаси: Ҳар доим мана шу судга келмайман, дейман, гапнинг очиғи. Ҳар доим кўриб, жазавага тушамиз бу суд жараёнини. Бир ярим йилдан бери мана шу судга қатнашиб келяпмиз. Кимдан нима қилишни ҳам, кимга ишонишни ҳам [билмаймиз]. Гапнинг очиғи, ҳаммамиз чарчадик. Mана шу ерда нечта ота-она бўлса, ҳамма чарчади. Келмасди ҳам мана шу ота-оналар. [Лекин] бугун битта мақсадда чиқди.

Тўғри айтяпти мана бу адвокатимиз, қонун нима учун деяпти-ку. Кейин пулларини ўйлаб кўриш керак, бошқа дейди. Айтинг, мана реабилитацияга 10 кунга олиб бориб келдик-да Европага. 10 кун оддий массажнинг ўзига 14 минг-15 минг евро кетди. Биз ҳам жисмоний шахсмиз, ойликка қараганмиз, мисол учун. Энди бу [компенсация]ни кўриб чиқиш дегани бизга ҳақоратми, ёки бу ерда бирорта ота-она ўзининг манфаатини кўзлаб, магазин олиб, боламнинг нимасига бойиб кетяпман деб келяптими?

Бизга ёмон таъсир қиляпти-да. Мана бу ерда шундай жазавага тушамиз, ҳурматли судья. Балки улар тўғри гапираётгандир, балки нотўғри гапирар, ҳукмни барибир сиз қиласиз. Нима, олдинги суд ноҳақлик билан [ҳукм чиқарганми?].

Мисол учун, шеригим олдинги судда жазавага тушиб, 3 миллиард сўраса, биттаси мана бу ерда боласи учун унақа қиляпти, бунақа қиляпти, шахсий манфаат деди. Кейинги сафар боланинг расмини, видеосини олиб келсак, қараб ҳам қўймади-да. Ўзи адвокатлар битта судланувчини ҳимоя қилгани учун қанча оляпти, мисол учун-да. Битта айбланувчилардан ўзининг фойдаси қанча? Бизнинг боламизга [бериладиган] арзимас пулларни муҳокама қилишдан бошқа ишлари йўқми, мисол учун?

Майли, биз [ким айбдор, айбсиз эканлигини] аниқ билмаймиз, олдин ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтганман. [Лекин] буларни ўша давлат идоралари тергов жараёнида ушлаб олиб келган. Мисол, биз буларни бўйнидан судраб, мана буни тиқинглар деб, ўзимиз олиб келиб қўймаганмизда қўпол бўлса ҳам. Биз ўша ерда ўтирибмиз. Биз ҳам давлатнинг ходимимиз. Юрак парча [бўлади].

Нечтасининг ота-онаси ўтиб кетяпти. Нима кутиляпти бир ярим йилдан бери? Ҳозир ота-оналарнинг бу ёққа ҳам келганидан мақсад — шу судланучи ким Кариевми? Аканинг онасими тўлаб бераман дегани учун қўл силтагани келдик-да. Майли, тўласин. Менинг болам эрталаб ҳам «судорoгa» бериб қолди-да.

Дўхтирларга олиб борсам, пульсиз иш битмайди, реанимационнийга ётқизиб даволайман деяпти. Ойлик кутиб ўтирибман мен боламни [куттириб]. Буни қачон инобатга оламиз, қачон қонун кучга киради, муҳтарам судья? Гапнинг очиғи, чарчади бу ердагилар, жуда чарчади.

Ҳамма ота-онанинг ичидан 200 баробар нафрати, қарғиши бор. Юқади. Ноҳақликка юқади, ҳақликка эмас. Мана бу, мана бу демайман, ноҳақ одамга юқсин, илоҳим дейман-да. Худо бор. Биз қўл ҳам силтаб кетамиз, Худодан ҳамма нарса. Кўзимизнинг олдида болаларимиз қандай телевизорларга, оммага чиққан бўлсак, ўша одамлар мана шунақа бўлиб чиқади. Ноҳақ иш қилганлар, ноҳақ пора олганлар кечирим сўраб чиқади. Мана бу ерда уч-тўрт сўм бериб чиқиб кетдим дейиши мумкин. Ўшаларни ҳали биз ният қилиб кутиб ўтирамиз. Майли, Худога солиб қўйганмиз-да.

Бизнинг мақсадимиз — шунча одам, мана Қорақалпоғистондан келяпти. Ҳурматли судья, ҳозир бугун эшитмаймиз деяпсиз-да. Булар қаерлардан келяпти, [йўлкираси учун] қарз олиб келяпти-да. Мен-ку ишимни кўчириб олганман. Мана шу ерга мен ҳам сменам тўғри келса, келяпман-да. Битта мақсад, тезроқ ҳал қилиб беринглар бизга, чарчаб кетдик гапнинг очиғи.

Судья: Нимани ҳал қилиб берайлик сизга? Боятдан бери ҳал қилиб беринглар деяпсиз.

Жабрланувчи: Нимани бўларди? Билиб турибсиз-ку, мисол. Ундириб бераман деяпти, моддий зарар ундириб беринглар. Бизга бошқа ҳеч нарса керак эмас, бу суднинг [ўзига] ҳавола. Мен ҳозир ўзимдан ўтганларини эшитасиз деб сиз учун айтяпман. Биз шунчаки пул беринг деб кассада турган жойимиз йўқ. Ҳолатимизни тушуниб етинглар, ҳамма эшитсин, деб айтяпман. Шунчаки оғизга уриб, бўлди, бўлди, гапирдингми, ўтир, [бўлмайди-ку].

Биз кутавериб, бир ярим йилдан бери чарчаб кетдик-ку. Бўлмаса, юринглар, комиссия тузиб боламнинг аҳволини кўринглар. Зондда ётибди, эрталаб «судорoга» бериб қолди. Хотиним ухламай мияси чарчаб ётибди. Эртага бир нарса бўлиб қолса, ким нима қилади? Бир йўла битта оила пароканда бўлади, кейин менинг ота-онам пароканда бўлади, юраги ушлаб қолади. Кетди мана шунақа занжир бўлиб.

Мана бу ерда арзимас (гапини тугатмайди — таҳр.). Айтяпман-ку, олдин ҳам айтганман, менинг ўзимга ҳаром у пул. Мен ўзим учун ёки қорним учун ишлатмайман у нарсани. Болам мажбурликдан келиб, шу сабабини қилиб, келяпман. У ризқни Худо беради барибир. Шунча одам келяпти, ризқини сўраб келяпман. Боламнинг бир кунлик, бир ойлик харажатини ўзим биляпман қанча бўляпти. Шуни тўғри тушуниб, тезроқ ҳал қилиб берсаларингиз.

Судья: Ҳозир нимани сўрайсиз суддан?

Жабрланувчининг отаси: Нимани сўрайман? (Сардор Кариевга ўгирилиб — таҳр.). Ака, узр, сизнинг онангиз айтдими тўлаб бераман деб? Берсин, тарс-тарс берсин. Қолгани билан ишимиз йўқ. Биз Худога солганмиз. Чиқарсангиз, чиқариб юборинг, розимиз. Ҳозир чиқариб юборинг бизга деса.

Судья: Зарар қопланса, даъвойимиз йўқ демоқчисиз-а?

Жабрланувчининг отаси: Даъвойимиз йўқ. Шу даражага етиб келдик. Биз бу ерда булар билан урушиб чарчадик. Ҳамманинг мияси тинчиб бўлди-да. Дангал гап шу.

Судья: Тушунарли, раҳмат. Марҳамат, [кейинги жабрланувчининг қонуний вакили], келинг.

Жабрланувчи Айдана Жаслиқованинг онаси Турдигул Ниғматуллаева

Жабрланувчининг онаси: Ҳозир ҳаяжондаман-да, тўғриси. (У йиғлашни бошлайди ва нутқининг охиригача йиғлаб гапиради — таҳр.). Мана судланувчилар ҳозир кириб келяпти-ку. Кечирасизлар, мен оналарни кўриб, фарзанд… буларга ҳам тўғриси, оналик [ҳиссим] уйғонди-да. Кечирасизлар, энди [кимдир судланувчиларнинг тарафини олибди] дер, лекин буларнинг оналарига ҳам осонмаслигини тушундим, тўғриси.

Ҳозир мана шу ерга кириб келяпсизлар. Худо кўрсатмасин, ҳеч кимнинг бошига солмасин экан. Майли, қилган айблари, энди уни вақт кўрсатади. Олдинги судда ҳам айтиб ўтганман. Мен судга ҳавола қилганман. Фалон йил, пистон йил деб сўрамаганман судланувчиларга. Олдин ҳам айтганман, судга ҳавола қиламан, суд ўзининг [қонунидан] келиб чиқиб йил берадими, бошқа қиладими, жазони ўзи беради.

Лекин яна бир бор айтаман, болаларнинг касаллигидан фойдаланиб, пул ундиряпти деган гапни қисқартиринглар, илтимос. Ҳар битта кун, кун демайман, соат, сонияни реанимациянинг олдида ўтказган (қаттиқроқ йиғлайди — таҳр.), кунимни фарзандимни кўришга муҳтож бўлиб, ўтиб қолмасмикан деган ҳар битта соат, сонияларимни энди ўзим тушунаман она сифатида. Ва ҳозир менга энг асосийси, Аллоҳга шукур, фарзандим омон қолди. Лекин даволатишим керак, тўғриси, давога муҳтож.

Ва шу касал бўлган пайтда қулоғимгача қарзга ботганман, яширмайман. Бир томондан фарзандимнинг соғлиғини тиклашни ўйласам, иккинчи томондан қарзларимни тўлашни [ўйлашим керак]. Иккиламчи маънавий зарарга учраяпман-да.

Хўжайиним чет элларга чиқиб кетдилар ишлагани. Чунки қарзларни ўзимизнинг Ўзбекистонда тўлашнинг имкони бўлмаяпти. Ўша гап, олдин ҳам айтганман, қарзимни тўлай десам, фарзандим қолиб кетяпти, фарзандимга эътибор қилсам, қарзларим қолиб кетяпти. Икки ўртада қолганман.

Шунинг учун мен сўрардим, мана Кариевнинг онаси сўраяпти-ку, майли, мен даъвойимдан воз кечарман, оқлаб, уй қамоғига олишларига қаршилигим йўқ. Ўша моддий зарарни ундириб берса, мен розиман, демоқчиман.

Ва илтимос, адвокатлар, ўзи шундоғам эзилиб тамом бўлган юракларимизни жабрланувчилар, жабрланувчилар, деб баттар эзманглар. Агар фарзандимиз соғ-саломат ўтирганида бизларга сизларнинг бир тийин пулларингиз керак эмас эди. Ўйнаб, чопқиллаб юргани, мана шу касалликни бошидан кечирмаганида, менинг умуман ишим бўлмасди. Фарзандим соғ-саломат юрганида бир тийин пуллари керак эмас эди. Бу ерларда юриш, бошқа.

Ҳозир мен суд жараёнига келиб, тўғриси ўзимни ушлаб туролмаяпман, оёқ-қўлларим титраяпти-да. Буларга ҳам осон эмас, бизларга ҳам осон эмас. Шунинг учун айтмоқчиманки, аллақачон чарчадик. Боя Анваржон айтганидек, биз судма-суд юриб чарчадик.

Ўша охирги гапим, Кариевнинг онаси тўлаб берсалар, мен Кариевнинг жазоси олиб ташланишига қаршилигим йўқ. Лекин тўғри тушунишингларни сўрайман, орқамдан унақа-бунақа гаплар керак эмас-да. Тушуниш керак одамни она сифатида. Ҳозир она сифатида мен буларнинг оналарини ҳам тўғри тушундим.

Мана бу хола ҳозир болангизнинг олдига бордингиз-ку (суд мажлиси бошланишидан аввал судланувчилар залга киритилганда Амирхон Азимовнинг онаси ўғлининг ёнига бориб ҳол-аҳвол сўраб келганди — таҳр.) йиғлагим келди бор-ку, тепамда Худо бор. Мен кимгадир ўзимни анақа кўрсатиб, бошқа қилиш мақсадида эмас, буларга ҳам осон эмас, буларнинг оналарига ҳам осон эмас. Ҳаммасини тушуниб, анақа қиламан.

Охирги гапим ўша, Кариевнинг нимасини қабул қиламан, озодликка чиқишига қаршилигим йўқ, уй қамоғигами, бошқами. Суддан, сиздан шуни илтимос қиламан, жабрланувчиларга шу томонлама ёрдам қилишингларни илтимос қилардим холос. Бўлди, бошқа гапим йўқ мени. (Жабрланувчининг онаси суд залидан йиғлаб чиқиб кетади — таҳр.).

Назлихон Махамбетова (суд жараёнида у қайси жабрланувчининг вакили эканига аниқлик киритилмади)

Жабрланувчининг онаси: Мен ҳам шу Қорақалпоғистондан 14 соатлик йўл босиб келяпман. [Суд залига келиб] биринчи марта қатнашишим, лекин онлайн қатнашиб келганман. Шу судга ўзимнинг гапларимни айтай деб келганман-да. Мен ҳам шу ёнимдаги жабрланувчиларнинг ҳаммасининг гапига қўшиламан.

Кариевнинг онасини ўтган сафар бизлар тараф эшитмай қолдик. Кейин Telegram каналларидан [билиб олдик]. Шу, бизлар ҳам шу, ҳозир фақат биринчи ўринда қизимнинг муолажасини қўйяпман. Кўп вақт бўлди. Ўзим оддий ўқитувчиман. Биласиз, оддий ўқитувчининг маошини, фақат ойликка қараймиз.

Ўзимнинг учта фарзандим бор. Энди ҳозир ўзимнинг маблағим йўқ-да, қизимни қайта-қайта Тошкентга олиб келишга. Хўжайиним ҳам қанча қарзга ботиб қолганмиз. Шу ҳаммамизнинг аҳволимиз бирдай.

Кариевнинг онасининг [гапига], у ҳам она, болам деб югуряпти. Бизлар ҳам шунақа-да. Фақат боламизни ўйлаяпмиз. Фақат боламиз оёққа туриб, югуриб юришини, ҳеч қачон, оғримаслигини хоҳлаймиз. Ҳеч кимни фарзандидан айримасин-да. Ҳамма фарзандим деб юради.

Онаси Кариевга уй қамоғи деяпти ҳозир, маблағни бизга тўлаб беришга рози бўляпти, шунга мен ҳам розиман. Ҳеч қанақа [даъвом] йўқ. Ўзингизга ҳавола қиламан. Хўжайиним билан кешбек орқали болам болнитсада пайтида йиғиб қўйган чекларимиз бор эди, шуни топширсам дегандим.

Судья: Хўп, кўриб чиқамиз. Буни биринчи инстанция судига бермагансиза?

Жабрланувчи: Йўқ, бермаганмиз.

Жабрланувчи Муслима Давронбекованинг бувиси Иззатой Абдуллаева

Жабрланувчининг бувиси: Ассалому алайкум, ҳурматли судья. Хоразм вилояти Хива туманидан Муслима Давронбекованинг бувисиман. Ўзингиз биласиз, Хоразмдан келиб кетишнинг ўзи бўлмайди. Биринчидан, неварам ўша [дорини] ичиб, хасталаниб қолиб, 60 кун даволатдик. Бўлмади, ўтиб қолди (йиғлашни бошлайди — таҳр.). Мен ҳам онаман, буваман. Ёшим 60 да. Педагокман.

Кариевнинг онасига раҳмат. Мард бўлиб чиқиб майдонга мен шуни жабрланувчиларга тўлаб бераман деб турибди. Кариевнинг болалари ҳам бордир, онасининг ҳам ёши катта экан. Мен шунга розиман.

Ҳозир 500 миллион [сўм] ажратилди дейишди [адвокатлар]. У қаерга, кимларга берилади? Майли, ҳозир келганларга бўлиб берасизми, ё уни ўзларингиз биласизлар, лекин давлатнинг тепасида қолиб кетмасин ўша пул.

Судья: Онахон, бу ерда давлатнинг ҳеч алоқаси йўқ. Фақат жабрланувчиларга ундирув белгиланган. Ҳозир «бошланишига 500 миллион сўм мана икки кунда тўладик, қолганини кейинги ҳафта кўпроқ, кўпроқ қилиб тўлашга ҳаракат қиляпмиз», дейишди. Охирида ҳал бўлади, бу сумманинг кимга қанақа бўлиниши биз маслаҳатга кирганда ҳал бўлади.

Жабрланувчининг бувиси: Майли, бир ярим-икки йил бўлди мана шу суд жараёни давом этади. Майли, ўша ерда тўхтатинглар, бўлар иш бўлибди, ҳамма нарса тамом бўлибди. Ногирон болалар бор, ўшаларга ёрдам бериш керак. Мана шу ерда тўхтатиб, мен розиман, шу Кариевни уй қамоғига чиқадими, нима қилса, қилсин. Онаси мард бўлиб майдонга чиқибдими, тўлаб бераман деб, раҳмат.

Судья: Раҳмат, онахон.

Жабрланувчи Султон Саидмуродовнинг онаси Ҳилола Турсунбоева

Жабрланувчининг онаси: Менинг ўғлим «Амбронол» дорисидан заҳарланиб, бир ярим ой комада ётиб, ўзига келгандан кейин, бошига «полний» сув йиғилгандан кейин икки марта бошидан операция ўтказди. Бошида ҳозир аппарат бор. Бир томони ишламайди, умуман. «Омийн, болам», десам, миндай қилиб [қолади], ҳозиргача шундай, масалан.

Қанча-қанча қарзга ботдик, бошқа қилдик. Давлат ёки биров, кимдир, ёрдам берадиган ҳеч ким, тўғриси, ҳамма билади, ҳеч ким бўлмади. Ўзимиз қарз олдик, бошқа қилдик. Болам энди яхши бўлиб, қарздорликларни тўлаймиз дедик. Дадамиз оддий ишчи. Мен уй бекасиман.

Ишга чиқаман деб турганимда болам бирданига ўзидан кетиш одати чиқарди. Дадаси ҳеч қаерга чиқишга ҳам, тўғриси, қўрқади болани ташлаб кетишга. Боламни ҳозир қаратмасак бўлмайди. Ҳозир бизга жудаям кўмак зарур. Шунга Кариевнинг онаси ҳам бизга ўхшаган она. Булар боламиз деб панжара орқасида қараб турган бўлса, биз кислородда, ҳаттоки нафасга зор бўлиб ётган болаларимизни реанимация эшигидан қараб турганмиз, пойлаб. (Йиғлаб юборади — таҳр.).

Ёш боламни туғилган кунида «илтимос, шамни пуфлашни яхши кўрарди, торт олиб кириб беринглар, ўзига келиб қолар», дейман. «Боланг ўзини билмайди», дейди. «Учинчи даражали кома, аллақачон ҳамма ҳужайралари ўлиб бўлган болан, уч бўлдинг, пуч бўлдинг», деяпти ҳаммаси. Аллоҳдан умр сўрадик, беш маҳал намоз ўқидик. Худойимга минг шукур фарзандимни қайтариб берди (Яна йиғлаб юборади ва қолган нутқини йиғлаб давом эттиради — таҳр.).

Лекин куним қўрқинчли, ҳалигача қўраман, умр сўрайман ҳозиргача боламга. Овқат яхши емайди. Шу ерга зўрға куч тўплаб турибман, тўғриси.

Тезроқ бизга Кариев онаси айтган пул маблағини ажратиб берсангиз, болаларимизни қаратсак, яхшироқ жойларга. Бошқаларнинг болаларига ўхшаб ўйнаб, кулиб, юришини хоҳлаймиз биз ҳам, тўғриси.

Охириги гапим шу, Кариевга жазосини енгиллаштириб, майли, олиб ташласангиз, олиб ташланг, розимиз. Озодликка чиқсин. Бу кишининг ҳам фарзандлари бордир. Балки айбсиз, балки айбдордир, Аллоҳ билади. Шу бизга фақат шу, моддий ёрдам берса, онаси ёрдам бераман деган экан. Шунга розимиз биз. Жазосини олиб ташлаб, иложи борича жудаям қийналиб кетдик, тўғриси.

Судья: Раҳмат. Марҳамат.

Бухоролик жабрланувчининг отаси Ғафуржон Раҳимов

Жабрланувчининг отаси: Мана ҳозир буларни олиб келдилар, битта она келдилар боламни кўрай деб. Дунёда ўтган болачаларнинг ота-онаси нима қилсин? Мана [буларни] қамалган бўлса ҳам онаси кўряпти.

Мен нима демоқчиман, фарзандим ҳозир ғафлатда қолган. На кўради, на эшитади. Менга тезроқ маблағ керак. Ўзимизнинг чўнтагимиздан Ҳиндистон олиб бориб келдик. Бунисидан қарз олиб, унисидан қарз олиб, «личения» қилдик. Ҳозир ўша дўхтир кўрдию, буни тезроқ олиб келинглар мен даволаб бераман деяпти.

Бориб келганга 20 минг-25 минг доллар пулимиз кетди. Ҳозир маблағимиз йўқ. Агар ўша пул маблағларини биз томонга ижобий ҳал қилиб берсангиз, мен этиб даволатардим. Бошқалар ҳам даволатарди. Ўшани айтмоқчиман, тезроқ ҳал қилиб беришингизни сўрайман.

Судья: Зарар сизга қопланса, даъвойингиз борми?

(Жабрланувчининг отаси бошини қимирлатиб «йўқ» ишорасини берди — таҳр.).

Жабрланувчи Алибек Ўктамовнинг отаси Ферузбек Нураддинов

Жабрланувчининг отаси: Ассалому алайкум, ҳурматли раислик этувчи, ҳурматли судья. Ҳозир ҳам бу ёқдан адвокатларнинг ҳам гапларини эшитдик. Нима дейди, барибирам жабрланувчиларга нисбатан оғир гаплар бўлиб ўтди. Тирналган ярани яна қўзғашни бошлади, буларда айб йўқ, бошқа [деб]. Майли, бўладиган иш бўлиб ўтди. Лекин ҳозир сумма мана бунақа кўрсатилган, мана бунақа кўрсатилган [дейишди]. Бу ерда ҳам шунча ота-она тиланчилик қилиш мақсадида келгани йўқ-ку.

Бўлмаса, болаларни олиб келиб кўрайлик, ёки бўлмаса уйга бир боришсин. Бир кун яшасин ўша бола билан. Қанақа аҳволда эканликларини сал ҳис қилади дейман-да. Болалар ҳозир оғир аҳволда. Даволатиш керак. Ҳар сафар боламни кўрганда ич-этимни ит тирнайдида. Гапиролмаса, юролмаса, бир жойим оғриди деб айтолмаса.

Бу ерда ўтириб инсонни оламдан ўтган бўлса, юз миллион, бир юз эллик миллион [дейишяпти]. Мен бераман ўшанга, уч юз миллион бераман, ўғлимни тиклаб берсин. Қўлидан келадими? Керак бўлса, миллиарддан ҳам топиб бераман. Олдинги ҳолатга олиб кела оладими? Ҳозир ҳам «бу ерда қонун нима учун чиқарилган?», деб айтяпти. Ким томонга ишланади? Нима фақат жабрланувчилар шундай жабрланиб ҳам қолаверадими? Қонун чиқариляпти. Шунинг ижроси ҳам, бошқаси ҳам таъминланиши керак, деб. Юз миллион деяпти, бошқа деяпти. Гап унда эмас.

Унинг оддий муолажасига қанча харажат кетиб қолади? Мана шу аҳволга олиб келгунга қадар қанча моддий харажат кетди? Ундан кейин онасининг орттирган касаллиги, бошқаси [бор]. У нарсалар инобатга олинмайди. Фақат шу арзимаган пул учун мана бу ерда тортишиб, бошқа қилиб ўтирибмиз-да. Салгина болаларнинг [тақдирини] ҳам ўйланглар.

Болам эртага келажакда қанақа инсон бўлади? Қанақа даражада бўлади бу? Доимий равишда битта одамга муҳтож бўлиб қолади. Мен ҳатто боламнинг кейинги аҳволини ўйласам, тўғриси, яшашга ҳаққим йўқ деб юбораман-да.

Чунки ўша сиропни олиб келиб берганим учун ҳалигача ўзимни ўзим қарғайманда. Чиқарган одам у ёқда қолиб кетган, бошқа қилган, лекин ҳалигача барибир ҳамма ота, она. Эртага ўзининг боласини қўйиб кўрин, ёки бўлмаса, ўзининг ўрнига бизни бир кун қўйиб кўрсин қани, қанақа аҳволга тушаркан?

Реанимацияда қанақа аҳволда ўтирдик, 65 кун болам комада ётди, бошида қилинган операциялари билан юрди. Майда нерв томирлар ёрилиб кетиб, сув аралаш, қон аралаш, [дўхтир], «ака, бошқа вариант ҳам йўқ, операция қилмасак бўлмайди», деди.

Қилгандан кейин кўзини очди, лекин «уже» бу ёғига «Ака, мана, бола, Худойим қайтариб берди. Худойимдан сўранг, лекин „уже“ бу ёғига дўхтирлар ҳам бир нарса деёлмаймиз», деяпти. Қанча вақт давом этади, қачон бу оёққа туради, қачон бу гапиради, ҳеч бўлмаса, гапирса ҳам танаси оғриса, гапирса, тушунса бўлади-да. Гапирмайди, толиб қолади, бўлди, «судорoга» тутиб.

Ундан кейин она билан ота қанақа аҳволга тушади. Бу нарсалари инобатга олмай, 100 миллион статистикада белгиланган, бир юз эллик миллион, эллик миллион [дейишяпти]. Бу ерга ота-оналар садақа сўрашга келгани йўқ.

Бир йил бўлди мана суд бошланганига. Шунча ота-она келди, Сурхондарёда, Бухородан, бошқа жойлардан. Ўтган сафар мана шунақа бўлгандан кейин ота-оналар билан ҳам маслаҳатлашдик, ўша Кариевнинг онаси ёрдам бераман дедими, ўшанга розиликдан келди. Қани, ота-онанинг айтган суммасини чиқариб берса. Бу ерга ҳозир «жабрланувчиларни тинчлантириш мақсадида», «бир миллиард сумма қаердан олинди?», деяпти. Бу ерда бир миллиардга қараб ўтирган [одам] йўқ. Қани, боламни яхши қилиб берсин, бир сўм пулини олмайман. Олдинги ҳолатга олиб келиб берсин, бир сўм пул керак эмас. Уни инобатга олсинлар-да.

Яна бу ёқда қонуннинг ижроси ким учун, инсон манфаатлари дейди. Қани инсон? У ҳам инсон-ку. Ёки бўлмаса, бошқа давлатнинг фуқароси эмас, у. Шу ўзимизнинг Ўзбекистоннинг [боласи-ку]. Яна президентимиз айтган мана, ёшлар келажагим [деб]. Келажагимиз мана шунақа нобуд бўлса, нима бу ерда статистикани қараб ўтирамизми юз миллион, юз миллион деб.

Ҳурматли судья, ўшаларни ҳам бир инобатга олишингизни сўрайман. Чунки бу ерда битта мен эмас, қолган бир 8−10 тами бола бор-да оғир аҳволда. Кимнингдир боласи кўрмайди, кимникидир юрмайди, меники гапирмайди ҳам, катта ахлат ҳам, кичкинаси ҳам памперсда. Оғриқ сезмайди болам, укол қилса, тиржайиб туради.

Врачлар ҳам айтяпти, «ака, асосийси бош миядаги асосий нерв тизими ўлган», дейди. Оддий қилиб тушунтирганда компьютернинг процесси куйган бўлса, нима қиласиз компьютерни деяпти. Фақат ёқиб қўясиз, бўлдими? Ҳозир бола шунақа аҳволда бўлиб турибди. Унинг дардини эшитолмасак, гапирмаса, тушунмаса.

Сал ўшаларни ҳам ҳис қилинглар-да, ҳурматли адвокатлар. Фақат мана бу ерга чиқиб оқлаб, мана бу ерга гапирганга бир-икки сўм пулни олиш эмас мақсад. Ўша кам бўлса ҳам баракасини берсин, мисол учун. Ҳаммамиз ҳам ойликка юрибмиз. Шунчаки ҳозир мана бу ерда айтаётгани ота-оналарга қаттиқ ботяпти-да. Ўзи шунча эзилгани етмагандек бу ёққа чиқиб [бунақа дейди].

Агар ишонмаса, [дори] турган бўлса, болаларига ичириб кўрсин битта. Кейин аҳволни сезади, кейин ота-оналар қанақа аҳволдалигини [билади]. Бу ерда ҳадеб гапириб оқласа бўлди, яхши гапириб қўйса, бўлди эмас-ку мақсад. Ўшаларни ҳам инобатга олишингизни хоҳлайман, ҳурматли судья.

Ҳам кейин ўтган сафар эсдан чиқди. Ҳиндистон компанияси учун [адвокатлар] томонидан киритилган илтимосномани ўтган сафарги судда муҳокама қилинамиз дейилганди, лекин қолиб кетди. Ўша масала нима бўлди.

Судья: У масалани айтдим-ку, буни маслаҳат уйида ҳал қиламиз деб буларга тушунтирдим-ку. Охирида маслаҳатга кириб чиққанда эълон қиламан унинг ҳаммасини.

Жабрланувчининг отаси: Уни тушундим, унинг маслаҳатхонаси қачон бўлади, қанча давом этади?

Судья: Бугун суд музокараси бўлиб ўтяпти, якунлашга келяпмиз.

Жабрланувчининг отаси: Чунки ҳар кунлик муолажалари бор, етказолмаяпти. Кўпчилик ота-оналар ҳазилакам жойдан келаётгани йўқда, минг километр, бир минг икки юз километрдан келиб турибди.

Ҳиндистон масаласини айтмоқчи эдим. Нимага яна [қўйворилди] деди, бу ёқда ҳурматли прокуроримиз ҳам айтди, адвокатларимиз ўрганишини тақдим этди-ку. Кейинги сафар ўшани кўриб чиқамиз деди, лекин ҳали кўрилмади-да, ишлаб чиқарувчининг устидан жиноят иши қўзғатиш бўйича, бошқа бўйича. Ўша масаласи нима бўляпти?

Судья: Ҳамма нарсанинг ҳам тартиб-қоидаси борда. Уни маслаҳат уйига кирганда [ҳал қиламиз]. Ҳозир булар айбдор бўлиб турибди иш бўйича, тўғрими? Ҳукм чиққан. Шу айбсизлик масаласи ҳал қилинганда, қарор эълон қилаётганда ҳамма илтимосномалар бўйича ҳамма саволларингизга жавоб берамиз.

Жабрланувчи: Йўқ, ўшанда ҳам мана олдинги биринчи инстанцияда ҳам айтилганди. Ўша чиқарган завод ташқарида, чеккада қолиб кетяпти. Бу ерда фақат сертификация бўлими, Фармацевтика агентлиги бошқа нарсалар бу ёқда айбли-айбсизлигини кўряпмиз, лекин асосий дорини чиқарган завод четда қолиб кетди, ўшани судга қўшишингизни сўрайман деб олдинги биринчи инстанцияда судьяга айтгандик, «хўп-хўп, ҳаммаси кўрилади, музокара бўляпти», деди.

Лекин ҳозир мана суд қароридан бирорта жойида ўша Ҳиндистон томондан ишлаб чиқарилган завод ёки компания томонга бирорта жиноий иш қўзғалди ёки мана шунақа ҳаракат бўлди деган ҳеч қанақа [гап] бўлгани йўқ. Қарорда ҳам ўқиб чиқдим, лекин у нарса киритилмади-да. Фақат бу ерда оддий қилиб айтганда ўзимизни ўзимиз гўштимизни еб ўтирибмизда. Ўша нарса чеккада қолиб кетган.

Судья: Феруз ака, мен жиноят иши доирасидан четга чиқиб кетолмайман, яна бир марта тушунтиряпман сизга. Мен тергов органи эмасман. Мен судман. Тўғрими, бу суд? Лекин бизда жиноят иши қўзғатиш, бошқа қилиш ваколати йўқ. Лекин шуни кўриб чиқиб, керакли органларга, бошқаларга хабарнома бериш ёки бошқа қилиш ваколатимиз бор. Лекин жиноят иши қўзғатиб қўёлмайман. Жиноят иши қўзғатиш масаласига, бошқасига мана прокурор эшитиб ўтирибди. Бу масалани айтдим, мен яна тушунтиряпман. Маслаҳат уйига киргандан, чиққандан кейин шу саволларга жавоб бераман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Жиноят иши қўзғатилган-ку.

Судья: Шуни ҳозир булар қўзғатинг яна деяптилар-ку, шунга айтяпман.

Жабрланувчининг отаси: Энди у қўзғатилганидан бизнинг хабаримиз йўқ-ку.

Судья: Агар эшитган бўлсангиз, қўзғатилиб, қидирув эълон қилиниб, ДХХда турибди дейишди. Булар уни Дубайда ушлаб яна қўйворишибди деган нарсани кўтардилар. Унга аллақачон иш очилган. Қидирув ҳам эълон қилинган. Тушундим сизни.

Жабрланувчининг отаси: Тушунарли, ҳозир кўпчилик ота-оналар келган. Нима дейиш керак, кўрсатма бериш керакми? Агар мисол [шундай бўладиган бўлса], келиб кетолмайди-да кўпчилиги. Ўтган сафар Кариевнинг онаси келиб ундириш масаласини гапирди-ку.

Судья: Айнан [жабрланувчилар орасидан] сиз шу ерда эдингиз.

Жабрланувчининг отаси: Шу ерда эдим. Мана ҳозир келган ота-оналарнинг фикрини эшитиб ҳаммасини битта-битта, ёзма равишдами, бошқа равишдами билдириб кетса бўладими? Чунки улар бошқа келолмайдиям-да.

Судья: Йўқ, уни протокол қилишяпти. Эшитдик-ку. Агар зарар қоплаб берилса, бизнинг Кариевга нисбатан даъвойимиз йўқ дейишяпти-ку. Сизнинг ўзингизчи?

Жабрланувчининг отаси: Менинг ҳеч қандай даъвойим йўқ, агар шуни қоплаб берса, боламни тезроқ оёққа турғазишни хоҳлаймизда биз.

Судья: Ўтган сафар танаффус эълон қилингандан кейин оналари кирди, айнан сиз эшитдингиз.

Жабрланувчининг отаси: Эшитдим, лекин оналари суд томонидан уй қамоғи қилиб берса, деяпти. Ўша суммани тўлайман деяпти-да. Энди у сизнинг [вазифангиз-да]. Иложи бўлса, шуни енгиллаштиришми, айби бўлса, чиқариб беришингизни хоҳлаймиз. Бизга етказилган зарарни, мана шу болаларимизни кейинги муолажасини қилиб, оёққа турғазиш бўлса бўлди.

Ўзи қолган бўлса, бир саккизта бола қолганда ногирон бўлиб. Ҳар бир муолажасини хабарингиз бор, сиз ҳам у кун Соғлиқни сақлаш вазирлигига хат билан чиқдингиз, ҳаммаси кечирасиз деган жавобни айтяпти-да. Ҳеч қанақа эффект йўқ. Энди вазирлик шунақа дегандан кейин қолган жойдан нимани кутса бўлади?

Битта Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Чунки ўзига борганманам-да. Ҳеч нарса қилиб беролмаймиз, балансимизда пул йўқ, дейишди. Лекин битта катта нарса бўлса, унга иложини топадилар. Шотимизда пул йўқ деб казо-казо, қимматбаҳо машиналар олинади, лекин бу ёқда инсон ҳуқулари, бошқа нарсаси чеккада қолиб кетяптида. Ўшани инобатга олишингизни сўраймиз.

Судья: Тушунарли, раҳмат Феруз ака.

Вафот этган жабрланувчи Мирафзал Шералиевнинг онаси Муштарий Абдураҳмонова

Жабрланувчининг онаси: Ассалому алайкум. Мирафзал Шералиевнинг онасиман. Бекободдан. Чиқарган ҳукмингизга қарайман, лекин одилона чиқаришингизни сўрайман. Ҳам моддий зарарни қоплаб беришни сўраб келдим. Маънавий зарарни барибир қоплаб беролмайдилар. Чунки ҳамманинг ўзининг соғлиги ўзига аён бўлиб бўлган. Уйдагилар ҳам «уже» соғлиғини йўқотиб бўлган.

Лекин ўтган сафарги судда бир миллиарддан ажратилди деган нарсалар, чиққан қарорларни ҳамма ўзи ноўрин тушуняпти. Олиб ҳаттоки ишлатиб ҳам бўлдинглар, нима қилдинглар деган саволларга жавоб беришдан ҳам чарчадик. Биз ҳали қўлимизга ҳеч қанақа сумма олганимиз ҳам йўқ. Мана телевидение ҳам кўрсин, билсин. Ҳеч қанақа моддий қоплангани йўқ ҳеч нарса. Келиб кетаётган бўлсак ҳам.

Биз-ку майли, яқин бўлса ҳам мана Хорзамдан, Бухородан келиб кетишяпти. Миллионга яқин сумма сарфлаб келиб кетишади. Уларнинг ҳам ўзларининг «расход»лари бор. Лекин умуман Кариевга ҳам, бошқаларга ҳам нисбатан қаршилигим йўқ, майли гаровини тўласин, чиқсин. Келишилган ҳолатда. Одилона қарорингизни кутяпмиз. Чунки сизнинг ҳам фарзандларингиз бор, ўзини бизнинг ўрнимизга қўйиб ўйлаб кўринг.

Судья: Раҳмат. Залда жабрланувчилар йўқми бошқа

Жабрланувчи Ҳумоюн Эркиновнинг бобоси Эркин Дониёров

Жабрланувчининг бобоси: Ассалому алайкум, ҳурматли судья. Ҳумоюн Эркиновнинг бобоси, қонуний вакилиман. Боя адвокатимиз айтди, бир миллиард сумма деди. Менинг неварам беш ой ётиб, ўлди. Бир йил бўлди мана ўлганига ҳам. Лекин биз уже бир миллиард суммани ишлатиб бўлганмиз.

Беш ой шу ерда тўрт киши боланинг изидан юришни ўзи бўлмайди. У ҳозир бир миллиардни бизга тиланчилик қилгандай айтяпти-да. Бу нарса нотўғри. Бизда «уже» бир миллиарддан зиёд ҳам кетиб бўлди. Беш ой болнитсада ётишни ўйланглар. Кунига ўзим 20 миллиондан ортиқ дори олиб келиб берардим. Бугун олиб келсам, эртанги кун ҳам 20 миллион сўмга олиб келиб берардим. Беш кунлаб шунча миқдордан дори [олиб келдим]. Энг охирги, ойнинг охирида, ўлимолди кунлари 700 минг сўмлик дори олиб келиб берганман. Бошида 20 миллион сўмдан бошланди. Беш ой дори ташиганман. Пулни ҳисоблаб чиқсин, менинг шу ерда, Тошкентда юришимни ҳисоблаб чиқсин. Миллиард ҳеч нима бўлмайди. Адашмасин.

Агар ўша пулни берса ҳам шу ўзимизнинг пулни берган бўлади. Шундаям боламиз кетяпти бизнинг. Берса, харажатимизни беряпти.

Биз Кариевнинг онасига қўшилганимизнинг сабаби — ҳеч бўлмаса, шу моддий зараримизни қоплаб олсак ҳам [катта гап], ҳозиргача бўйнимда қарзим ётибди. Ҳалигача беролганим йўқ, бир йилда мен унча катта суммани узолмайман. Биз Кариевнинг онасига қўшилганимизнинг сабаби — мард бўлиб чиқди. Бу ерда ҳеч ким ҳали гапиргани йўқ. Битта аёл киши чиқиб, мен тўлаб бераман деганига биз рози бўлдик.

Шунча одамни мен йиғдим, Феруз йиғди. Ҳаммасига телефон қилдик, келинглар, зарарларингни олинглар, бошқа бизнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмайди дедик. Мен мана шу ерда ўтган ҳафта судга келганимдан бери кетганим йўқ. Уйимга Ҳайитга ҳам борганим йўқ. Шуларни кутиб ўтирибман. Ҳеч қандай [даъвойимиз] йўқ.

Шу бизга зарарни ундириб берса, нафақат Кариев қолганларни ҳам чиқараверинг, бизга бунинг фойдаси йўқ, қамалганининг бизга нима фойдаси бор? Боламиз тирилиб келадими ёки касал ётган болалар тузалиб келадими булар қамалиб кетса? Фойдаси йўқ унинг бизга. Мен шу ҳамманинг гапига қўшиламан. Розимиз, ҳаммасини чиқариб юборсаларинг ҳам розимиз.

Ҳабибулло Йўлдошев (қайси жабрланувчининг вакили эканига ойдинлик киритилмади).

Жабрланувчининг отаси: Ассалому алайкум, ҳурматли судья. Биз ҳам Кариевнинг оналарига қўшиламиз. Моддий зарар тўлаб берсалар биз шерикларимиз билан маслаҳатлашдик. Иложи борича, ҳаммаларини қўйворсаларинг ҳам биз розимиз. Зарар тўплаб беришса, бўлди. Уларнинг ҳам уйида ота-онаси, фарзанди бор. Илоҳим бизнинг кўрган кунларимизни бирортаси кўрмасин. Менинг фарзандим вафот этган. Ота фарзандининг ўлигини кўтариши жуда оғир ҳолат экан. У нарса бизнинг бошимиздан ўтди. 17 кун қаттиқ совуқларда ўша ёқда болнитсада бўлдик. Илоҳим ҳеч ким кўрмасин унақа кунлари. Бизга шу зарарни қоплаб беришса, бўлди.

Судья: Раҳмат. Видео-конференс-алоқадан йўқми жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари, фикр билдирадиганлар? Қорақалпоқ, Музробод?

Видеo-конференс-алоқа орқали 5 нафар жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари гапирди. Аммо алоқа сифати яхши бўлмагани учун овоз диктофонимизга аниқ ёзиб олинмаган. Уларни бари судьянинг «Моддий зарарни қоплаб берса, даъвойимиз йўқ деяпсизми?», деган саволига «Ҳа», деб жавоб беришди. Бир нафари «Бошида кўпроқ тўлаб берсин иложи борича», деб қўшимча ҳам қилди.

Судья (Мунира Кариеванинг қонуний вакили Аброр Набиевга қарата): Аброр ака битта нарса, бизда ҳам энди муддат деган нарса бор, мен ишни кўп чўзолмайман. Шунинг учун ҳозир мана душанба кунга қўямиз, уч ҳимоячи нутқ қилса, кейин ўзларини эшитиб ишни якунлаш арафасига келиб қолдик-да. Шунинг учун Мунира опага айтасиз, шунча жабрланувчи умид билан келибди. Ўзлари ўша куни айтдилар, бирор бир қисмини, мана бунчадан бошланади дедилар. Имкон қадар тезлаштириб берсалар агар, мана жабрланувчиларни эшитдингиз, зарар қопланса, даъвойимиз йўқ деб туришибди ҳаммаси. Шунинг учун бир оғиз айтасиз, имкон қадар.

Чунки мен кўп чўзолмайман ишни. Бизда муддат деган нарса бор. Мана, «уже» чўзилиб кетди дейишяпти, бундан ташқари, ўзи процессуал муддатларимиз ҳам якунланиб қолди. Унда душанба куни Салим ака, Аҳмадов, Раҳматовларни эшитамизда. Унгача мана озгина муҳлат бўляпти, Аброр ака. Шунга имкон қадар тезлаштириб. Шунча жабрланувчи мана умидвор бўлиб турибди. Шунчалик келиб, шу нарсани мен қилиб бераман деганларнинг ўзига раҳмат дейишяпти.

Энди жабрланувчининг даъвоси бўлмагани бу қонунчилик бўйича ҳам енгиллаштирувчи ҳолат, ҳамманглар биласизлар. Шунинг учун ҳам биз мажбурлаб, унча, бунча тўланг деб айтолмаймиз, ҳаққим ҳам йўқ унақа дейишга. Оналарининг ўзлари рози бўлиб ўша куни келибдилар. Айбдорлик, айблилик масаласини судга ҳавола қиламан, лекин жабрланувчиларга имкон қадар тўлаб бераман дедилар. Шунинг учун муддатимиз бу ёғи қисқароқ бўлгани учун ҳаракат қилиб кўрсинлар. Агар имкон қадар бўлса, жабрланувчимиз айтишди. Моддий зарарни қопласа, даъвойимиз йўқ деб турибди ҳаммаси.

Кейинги апелляция суди музокараси Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судида 24 июнь, душанба куни соат 10:30 да бошланади.