20 июль куни Тошкент вақти билан соат 00:01 дан 7 август 23:59 гача Урганч халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлагини капитал таъмирлаш ишлари бошланиши муносабати билан фаолиятини тўхтатади.

Uzbekistan Airports матбуот хизматининг хабар қилишича, учиш-қўниш йўлагининг узоқ муддатдан бери ишлаши ҳамда ҳаво кемаларининг қўниши ва учиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Хусусан, узунлиги 3000 метр ва эни 16 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги юзасини бутунлай алмаштириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилган. Шунингдек, иккинчи ва учинчи юриш йўлаклари капитал таъмирланади.

Реконструкция даврида барча режалаштирилган рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилади, йўловчилар Нукус ва Урганч аэропортлари ўртасида трансферлар билан таъминланади. Компания парвозлар ҳақида қўшимча маълумот олиш учун авиакомпанияларга мурожаат қилишни тавсия этди.

Урганч аэропортининг учиш-қўниш йўлаги капитал таъмирдан сўнг Boeing 787 ва Airbus А330 каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қила олади, дейилади хабарда.

Учиш-қўниш йўлагини капитал реконструкция қилиш охирги марта 1997 йилда, шикастланган қисмларини қисман таъмирлаш эса 2018 йилда амалга оширилган.