Март ойида Москвадаги «Крокус сити ҳолл»да содир этилган терактдан жабрланган оилаларнинг 100 нафар фарзанди Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «Анор» болалар соғломлаштириш оромгоҳида икки ҳафта дам олади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

«Бизни жуда илиқ кутиб олишди», дейди 12 ёшли Лев Колчин. «Ойим Ўзбекистонга борасанми, деб сўраганда иккиланиб қолгандим. Бу ерга келишим биланоқ қарорим хато эмаслигини англадим. Ўйлайманки, ёзги таътил мен ва дўстларим учун унутилмас бўлади».

Болаларни оромгоҳга жўнатишдан аввал уларга спорт кийимлари, зарур техник жиҳозлар берилди.

Оромгоҳдаги мавсумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Зулайҳо Махкамовалар иштирок этди.

Икки ҳафта давомида улар спорт мусобақалари ва маҳорат сабоқларида қатнашади, уларга таниқли спорт усталари сабоқ беради. Бундан ташқари, улар ихтиёрида расм, рақс, театр, мусиқа тўгараклари, компьютер синфи, кутубхона бўлади.

Шунингдек, «Сув тўлқинлари» фестивали, «Нептун куни»га бағишланган сув ўйинлари ва комикслар, кино кечалари ва спектакллар намойиши, ««Анор»да бахтли болалик» видеотанлови ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, меҳмонларни Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва «Боқий шаҳар» мажмуасига бўладиган қизиқарли экскурсия кутмоқда.