24 июнь куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 53 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Spark ариққа тушиб кетди. Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси бу бўйича расмий маълумот берди.

Иқбол маҳалласида юз берган воқеа акс этган видеода Spark сув юзасида оқим бўйлаб оқиб кетаётгани, маҳаллий фуқаролар эса уни тўхтатишга уринаётганини кўриш мумкин.

Маълум қилинишича, ҳайдовчи аёл машинани орқага ҳаракатлантираётганда бошқарувни йўқотган, сўнг автомобиль сувга тушиб кетган. Автоулов маҳаллий фуқаролар ва шаҳар ФВБ ходимлари билан ҳамкорликда қутқариб олинган. Воқеада тан жароҳати олганлар йўқлиги қайд этилди.

Автомашина сувдан олиб чиқилди. Ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилмоқда.

Республикада транспорт воситаларининг сувга тушиб кетиши ҳолатлари учраб туради. Масалан, июнь ойи бошида Тошкент вилоятида юк машинаси Чирчиқ дарёсига тушиб кетгани ортидан йўловчи вафот этганди. Апрель ойида Жиззах вилоятида автобус ариққа тушиб кетиб, ҳайдовчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Бундан ташқари, ўтган йили ёзда Сурхондарёда Lacetti Тўпаланг дарёсига тушиб кетган. Унинг ҳайдовчиси ҳодисадан олдин юрак ишемик эҳтимоли юқорилиги сабабли вафот этган, 16 ёшли йўловчи эса шифохонага ётқизилганди.