26 сентябрь куни Лондондаги Британия музейида Ўзбекистоннинг музей коллекцияларига мансуб 14 та экспонатни қамраб олувчи «Ипак йўллари» кўргазмаси ўз ишини бошлайди, дея хабар бермоқда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

Кўргазма учун экспонатлар «Самарқанд» давлат музей-қўриқхонаси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат музейи томонидан тақдим этилади. Аксарият ашёлар, жумладан, шатранж доналарининг энг кўҳна тўпламларидан бири ва Афросиёбдаги ҳашаматли 6 метрлик «Элчилар хонаси» деворий сурати Лондонда илк бор намойиш этилади.

Милодий 500−1000 йилларга тегишли экспонатлар орасида Марказий Осиёнинг Буюк Ипак йўли тарихидаги аҳамиятга эга Варахша саройи меҳмонхонасининг деворий сурати (VIII аср), қопқоқли суякдон (VI-VII), сўғд ёзуви туширилган кумуш идиш (V), Кофирқалъа харобасига оид кўза (VI-VII) ва бошқа ноёб археологик топилмалар мавжуд

«„Ипак йўллари“ мен директор бўлган чоғимдан буён илк кўргазма лойиҳам ҳисобланиб, у халқаро маданий ҳамкорлик учун бетакрор имконият яратган ҳолда мавжуд тасаввурларга чақириқ ташлаши мени ҳайратга солади», — деди Британия музейи директори Николас Куллинан.

Кўргазма очилиши арафасида Лондон Колизей театри саҳнасида Ўзбекистон миллий оркестри ва Кирилл Риҳтер томонидан жамоатчиликка «Вақт қумлари» асари ҳамда Ўзбекистон миллий балетининг «Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси» балет спектакли спектакли тақдим этилади.

«Ипак йўллари» кўргазмаси 26 сентябрдан 2025 йилнинг 23 февралига қадар Британия музейидаги «Саинсбурй» кўргазмалар галереясида намойиш этилади.