Ғазода Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи билан «жангнинг шиддатли босқичи ниҳоясига етмоқда», деди Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху 2023 йил 7 октябрдан бери Исроил матбуотига берган биринчи интервьюсида.

«Бу уруш тугайди дегани эмас, аммо ҳозирги босқичдаги уруш Рафаҳда тугайди. Бу ҳақиқат», — деди у 14-канал журналистларига.

Бош вазир, шунингдек, Ғазода асирга олинган гаровдагиларни қайтариш бўйича ҲАМАС билан «қисман келишиш»га тайёр эканини айтди, бироқ уруш ҲАМАС йўқ қилинмагунча давом этишини яна бир бор таъкидлади.

Нетаньяхунинг айтишича, Ғазодаги шиддатли жанглар тугагач, Исроил сўнгги ҳафталарда «Ҳизбуллоҳ» билан жанглар авж олган Ливан билан шимолий чегарасига қўшимча кучларни жойлаштириши мумкин.

«Биз буни, биринчи навбатда, мудофаа мақсадида, иккинчидан, фуқароларимизни уйга қайтариш учун қиламиз. Агар буни сиёсий жиҳатдан қила олсак, ажойиб бўлар эди. Агар бунақа бўлмаса, биз бошқача йўл тутамиз, лекин биз ҳаммани — шимол ва жанубнинг барча аҳолисини уйга қайтарамиз», — дея қўшимча қилди у.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ» шиа ҳаракати Яқин Шарқдаги энг кучли ҳарбий тузилмалардан бирига эга, деб таъкидлади CNN. «Ҳизбуллоҳ» ўтган йилнинг октябрь ойидан бери Исроилга қарши ҳужумларини кучайтирган. Исроил шимолида давом этаётган можаро туфайли ўн минглаб одамлар эвакуация қилинди. Ливан жанубидаги аҳоли пунктлари ҳам бўшаб қолди.

Манбаларнинг CNN телеканалига маълум қилишича, Исроил ҳукумати аллақачон АҚШни «Ҳизбуллоҳ»га қарши эҳтимолий ҳужумга тайёргарлик кўриш учун Ғазо жанубидан Исроил шимолига қўшинларни ўтказиш режалари ҳақида хабардор қилган. АҚШ расмийлари Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида кенг кўламли уруш бошланган тақдирда, гуруҳ шимолдаги Исроил ҳаво мудофаа тизимларини, жумладан, машҳур «Темир гумбаз»ни йўқ қилиши мумкинлигидан жиддий хавотирда, деб ёзмоқда телеканал.

Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги кескинлашувдан «чуқур хавотир» билдириб, «Ливан навбатдаги Ғазога айланишига» йўл қўймасликка чақирганди.