Саудия Арабистонида Ҳаж зиёрати чоғида 1301 киши ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти рўйхатдан ўтмаган зиёратчилардир, деб хабар бермоқда Saudi Press Agency (SPA) мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Фаҳд ал-Жалажелга таяниб.

«Ҳаж вақтида ҳалок бўлганлар сони 1301 нафарга етди, уларнинг 83 фоизи Ҳаж зиёратига келишга рухсати йўқ ва тўғридан-тўғри қуёш нури остида узоқ масофаларни бошпана ва қулайликсиз пиёда босиб ўтганлардир. Ҳалок бўлганлар орасида бир неча кексалар ва сурункали касалликларга чалинганлар бор», — деди вазир (SPA иқтибоси).

Вафот этганларнинг барчасининг шахси аниқланиб, Маккада дафн этилди, деди вазир.

Associated Press маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар орасида 660 нафар Миср фуқароси бор. Агентлик манбаларига кўра, улардан фақат 31 нафари мамлакатда қолиш ҳуқуқига эга бўлган. Миср зиёратчиларга Саудия Арабистонига рухсатсиз боришга ёрдам берган 16 та сайёҳлик агентлигининг лицензиясини бекор қилди.

Бундан ташқари, Индонезиядан 165, Ҳиндистондан 98 ва Иордания, Тунис, Марокаш, Жазоир ва Малайзиядан ўнлаб фуқаролар ҳалок бўлган. Иордания ва Тунис расмийлари зиёратчиларнинг ўлимига жазирама сабаб бўлганини қайд этди.

Associated Press мухбирлари зиёратчиларнинг жазирамада, айниқса, Ҳажнинг иккинчи ва учинчи кунларида ҳушидан кетиб, йиқилганини кўрган.

  • Бу йил Ҳаж зиёрати 14−19 июнь кунлари бўлиб ўтди. Расмий маълумотларга кўра, унда 1,8 миллионга яқин зиёратчи иштирок этган бўлса, шундан 1,6 миллиондан ортиғи хориждан келган.
  • Ҳаж кунларида жазирама иссиқ кузатилди. Шу тариқа, 17 июнь куни Макка шаҳридаги Масжиди Аъзамда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 51,8 даражага етди. Расмий ҳужжатлари бўлмаган зиёратчилар Ҳаж йўналиши бўйлаб кондиционер ўрнатилган иншоотларга кира олмади.