Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида руҳий касалликлар шифохонасида фуқарони унинг розилигисиз тиббий кўрикдан ўтказган шифокорга ҳайфсан берилди, деб хабар бермоқда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил.

Унга келган мурожаатда айтилишича, фуқаро Б.Н. туман ИИБ профилактика инспектори ва маҳалла вакиллари ҳамкорлигида қонунга зид равишда 2-сонли руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

Омбудсманнинг минтақавий вакили фуқаро билан учрашганда у руҳий касалликлар шифохонасига кўрикдан ўтказиш учун жойлаштирилаётганда розилик хатига имзо қўймаганини айтган. Шунга қарамасдан уни шифохонага жойлаштиришган ва 3 кун давомида кўрикдан ўтказишган, аммо соғлом бўлгани сабабли жавоб бериб юборишган, дейилади хабарда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ёзишича, ушбу ҳолатда «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддаси 2-қисми (Психиатрия текшируви текширилаётган шахснинг маълумотларни билган ҳолда текширув ўтказилишига ихтиёрий розилиги мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади) талаблари бузилган.