24 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек тили ва адабиёт фани бўйича миллий сертификат имтиҳонида юқори балл (даража) тўплаган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартибини жорий этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамалар порталига жойланди. Лойиҳа яратувчиси — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги.

Бунда Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мазкур харажатларни 2025 йил 1 январдан бошлаб қоплаб бериш режа қилинмоқда.

Ариза берувчи имтиҳон топшириш пайтида 14 ёшдан катта ва 30 ёшдан ошмаган бўлиши керак.

Имтиҳон топшириш харажати компенсация қилиниши учун олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал балл бериш ҳуқуқини берадиган натижа (А+, А даража) қайд этилиши керак.

Тест натижалари халқаро методика — Раш модели асосида ҳисобланган бўлиб, талабгорларга тўплаган бали асосида қуйидагича сертификат тақдим этилади:

  • 70 баллдан юқори балл — А+ даража;
  • 65 — 69,9 балл — А даража;
  • 60 — 64,9 балл — B+ даража;
  • 55 — 59,9 балл — B даража;
  • 50 — 54,9 балл — C+ даража;
  • 46 — 49,9 балл — C даража.

Агентлик 2024 йил 1 декабрга қадар:

  • давлат хизматини кўрсатиш учун зарур ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг намунавий шакллари, бланкалари ишлаб чиқилишини таъминлайди ҳамда Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқлайди;
  • Адлия вазирлиги билан биргаликда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) электрон давлат хизматини жорий қилиш бўйича техник ҳужжатни ишлаб чиқади, келишиш ва тасдиқлаш учун Рақамли технологиялар вазирлигига киритади.
  • Рақамли технологиялар вазирлиги биргаликда ариза берувчилар тақдим этадиган ҳужжатларнинг автоматик равишда белгиланган мезонларга мос келишини аниқловчи ва маълумотларни сараловчи, шунингдек, ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш имконини берувчи хизматни ишга туширади, шунингдек, тегишли вазирликлар ва идораларнинг ЯИДХПга уланишини ва ахборот тизимларининг ўзаро интеграция қилинишини таъминлайди.

2024 йил 1 декабрдан ўзбек тили ва адабиёт фанидан миллий сертификат имтиҳонларини ташкил этишга ваколатли ташкилотнинг тегишли имтиҳон топшириш харажатлари тўғрисидаги маълумотларни ўзининг расмий веб сайтида эълон қилади ҳамда доимий равишда янгилаб боради.

Мазкур ўзгариш бўйича муҳокамалар 9 июлгача давом этади.