Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Тақдимотда мутасаддилар паррандачилик тармоғини ривожлантириш стратегияси ҳамда бу йилги режалари юзасидан ахборот берди. Жумладан, бу йил парранда гўшти ҳажми 700 минг тоннадан 800 минг тоннага, тухум етиштириш 8,5 миллиард донадан 10 миллиард донага етказилиши кутилмоқда.

Тармоқдаги энг муҳим масала — насл, деди президент. Унинг айтишича, мамлакатда гўшт йўналишидаги парранданинг 1-тартибли генетикаси йўқ, 2-тартибли генетика эса Венгриядан олиб келиняпти.

Президент матбуот хизматига кўра, жаҳон бозорида парранда генетикасининг 80 фоизи АҚШ компаниясига тўғри келади. Шу боис улар билан ҳамкорликда паррандачиликда генетик технологияларни жорий қилиш ва наслчилик хўжаликлари ташкил этиш режа қилинган.

Шунингдек, паррандачиликда кластер тизимини жорий этиш, тайёр бизнес лойиҳалар қилиб, тадбиркорларга бериш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Соҳа ривожини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятлар белгиланди.

Унга кўра, паррандачилик корхоналари 5 йилга ер солиғидан озод қилинади. Парранда гўшти экспортига рухсат берилади. Тадбиркорларга берилган 35 миллион доллар арзон ресурсни қайтариш муддати 3 йилга узайтирилади.

Маълумот учун: президентнинг ПФ-5286-сон фармонига мувофиқ, чорвачилик, парранда ва гўшт Президент қарорлари асосида экспорт қилинадиган маҳсулотлар рўйхатига киритилган.

Давлат раҳбари озуқа-ем захирасини кенгайтириш ва паррандачилик хўжаликларига марказлаштирилган тартибда етказиш бўйича ҳам топшириқлар берди.

Image captionImage caption

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 39 та қоракўлчилик хўжалиги бор, Бухоро вилоятидаги 2 миллион гектардан зиёд яйловда 2 миллион бош қўй боқилмоқда. Аммо булар етарли эмас, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Шу боис қоракўл қўйини кооперация асосида хонадонларда боқиш таклифи билдирилди. Хусусан, Қоракўл, Қоровулбозор, Ғиждувон, Пешку, Жондор, Олот туманларида аҳолига қўйлар етказиб берилиб, яйлов ва қудуқлар ажратилади. Озуқабоп ўсимликлар майдонлари кенгайтирилади.

Бу каби чоралар орқали қоракўл қўйларини 6 миллион бошдан 7 миллион бошга етказиш вазифаси қўйилди.

Қайд этилишича, президент Наманган вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғига мувофиқ, Туркия ва Россиядан зотдор эчкилар олиб келиниб, наслли эчкичилик кластери ташкил этилган.

Мўғулистон тажрибаси асосида ҳам Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Наманган ва Тошкент вилоятига 5 минг бошдан наслли эчки олиб келиб, кўпайтириш зарурлиги айтилди. «Бу икки йилда эчкилар сонини 100 минг бошдан ошириш имконини беради», — дейилади хабарда.

Шунингдек, эчкичиликда ҳам наслни яхшилаш, жунни қайта ишлаш орқали кашемир ва тивит маҳсулотлари етиштириб, экспортини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда айтилишича, аҳолининг кундалик истеъмолида гўшт, тухум, сут ва улардан тайёрланган маҳсулотлар катта ўрин эгаллайди, қолаверса, бу соҳаларда аҳолини банд қилиш ва даромадини ошириш имконияти ҳам кўп. Шу боис паррандачилик, қоракўлчилик ва эчкичиликни ривожлантириш, озиқ-овқат инфляциясини камайтириш чоралари кўрилмоқда.

Масалан, 2023 йилда паррандачилик тармоғида 253 та лойиҳа амалга оширилиб, бундай хўжаликлар сони 1 минг 300 тага етган, 4 мингта янги иш ўрни очилган. Келгусидаги истиқболли лойиҳалар учун халқаро ташкилот ва банклардан 420 миллион доллар жалб қилиниши режалаштирилган.