25 июнь куни Люксембургда Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокаралар расман бошланди, деб хабар бермоқда Deutsche Welle. Шу куни кечроқ Молдова билан музокаралар бошланади.

«Украина ва Молдова халқи [Европа Иттифоқи]нинг бир қисми бўлишга қатъий содиқлик ва қатъиятни намойиш этди… Қўшилиш бўйича музокаралар номзодларни аъзолик масъулиятига тайёрлашга мўлжалланган… Олдиндаги йўл осон бўлмайди. Аммо у ҳам Молдова ва Украина учун, ҳам бутун иттифоқимиз учун улкан имкониятларга ҳам тўла», — деди Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен.

Музокараларнинг биринчи босқичида томонлар мамлакатларнинг расмий делегациялари иштирокида ҳукуматлараро конференция (ҲК) ўтказди. Шундан сўнг июль ойида музокараларнинг асосий қисмига тайёргарлик жараёни — скрининг бошланади, дея таъкидлади DW. Бу икки томонлама учрашувлар бўлиб, унда мамлакатлар 35 та музокаралар боби бўйича ўз қонунчилигини ЕИ қонунчилигига яқинлаштириш даражасини тақдим этиши керак. Жараён одатда камида бир йил давом этади. Кейин тематик блокларга гуруҳланган бобларнинг ўзлари бўйича музокаралар бошланади. Музокараларнинг мақсади номзод давлатнинг ЕИ қонунчилигини тўлиқ қабул қилиши ва аъзо бўлгандан кейин унга мутлақ риоя этишини таъминлашдан иборат.

«[Россия билан] кенг кўламли урушнинг бешинчи кунида биз ЕИга биргаликда қўшилиш учун ариза имзолаганимизда кўпчилик бу тушдан бошқа нарса эмаслигини айтганди. Аммо биз бу орзуни реалликка айлантирдик», — дея изоҳ берди Украина президенти Владимир Зеленский.

«Бизнинг келажагимиз — Европа оиласида», — деб ёзди Молдова президенти Майя Санду Х (Twitter) саҳифасида.

  • Украина ва Молдова ЕИга аъзо бўлиш учун 2022 йил февраль ойи охирида, Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг ариза топширган. Ҳар икки давлатга ўтган йилнинг июнь ойида номзод мақоми берилган эди.
  • 2023 йил ноябрида Еврокомиссия ЕИ кенгашига Украина ва Молдова билан иттифоққа қўшилиш бўйича расмий музокараларни бошлашни тавсия қилганди.